“Кеча қалб сокин эди, толиб эди, диққатга мойил эди”. Азиз Саид билан суҳбат

12:16 07 Январь 2020 Маданият
1190 0

Адабиётнинг бош вазифаси ҳақидаги баҳслар ҳамма даврда бўлган. Бугун адабиётга “қалб тарбияси” воситаси сифатида қараляпти. Бу шўролар кашф этган ёки адабиётга коммунистлар юклаган вазифамас. Қалб тарбияси муҳим масала эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунки китоб ўқийдиган, ундан таъсирлана оладиган одамлар ҳозир жуда кам...

– Қалб тарбияси деган масала бугун кўндаланг бўлаётгани йўқ. Одамзод ижод қила бошлаганидан буён адабиёт, санъат, мусиқа ана шу мақсадга хизмат қиляпти. “Авесто” ва “Рамаяна”,“Қобуснома” ва “Калила ва Димна”дан тортиб “Гўрўғли”ю “Алпомиш”гача, Шарқу Ғарбнинг антик адабиётидан бугунги адабиётгача қалб тарбияси, руҳнинг эркинлиги ва озодлиги, муқаддас туйғуларнинг умрбоқийлиги гарови бўлиб келган.

Тўғри, кеча ва бугун ўртасида катта тафовут бор. Кеча деганим қадим адабиёт давридан ХХ асрнинг охирларигача, бугун деганим сўнгги йигирма саккиз йилни назарда тутяпман. Кеча қалб сокин эди, толиб эди, диққатга мойил эди. У шеър, достон, роман, мусиқа, расм шаклидаги меҳмонларни алоҳида-алоҳида қабул қилар, мушоҳадага, ҳайратга, ҳаяжонга кенглик ва фурсат бор эди, меҳмонлар эса қалб уйидаги дунёвий ва нафсоний ғуборларни ўз нурлари ҳамда эзгу эпкинлари билан поклар эди.

Сўнгги икки юз йиллик цивилизация бу қалб мувозанатини бузишга уриниб кўрди. Завод-фабрикалар, телефон, самолёт ва поездларнинг кашф этилиши ҳаёт маромини бир озгина тезлаштирди. Аммо қалбга, руҳиятга мурожаат қилувчи воситалар – адабиёт, мусиқа, расм ўз ўрнини бошқасига бўшатиб бермади. Айниқса, мутолаа руҳ тарбиясининг асосий воситалигича қолди, яъни ҳаётий ва ҳиссий маълумотлар шу дарвозадан кириб келарди.

ХХ аср охирига келиб фантастик асарлардаги хаёлларни ҳам ортда қолдириб кетадиган шундай техник ихтиролар қилиндики, улар инсониятнинг ўз-ўзи билан ва дунё билан мулоқотидаги маромни, мувозанатни бузиб юборди. Аввал спутник телевидениеси, сўнгра интернет, мобиль алоқа воситаларининг имкониятлари ва улардаги маълумотлар тезлиги қалб тарбияси борасидаги устозликни мутолаадан тортиб олди. Ва инсоннинг тин олишига, тафаккур қилишига, ўз қалбида кечаётган ҳиссиётларни мушоҳада қилишига ўрин ҳам, фурсат ҳам қолдирмайдиган шиддатли ҳаёт маромини яратди. Боз устига бу шиддатли қуюн қалб ва руҳиятнинг асрлар давомида шаклланган – эзгулик, раҳмдиллик, меҳру вафо, гўзалликка ошифталик, ҳалоллик, садоқат, ҳаё ва одоб каби бойликларини одамзод қонида муҳрланган кўзага солиб ташланган жин каби оқиб юрадиган жаҳолат, шафқатсизлик, бераҳмлик, очкўзлик ва худбинлик каби иллатлар лашкарига талон қилдирмоқда.

Зоҳиран одамзод тараққиётнинг минглаб йилларини сўнгги чорак аср фурсатда босиб ўтгандек, аммо ботинига назар ташласангиз инсон ўша-ўша– милоддан аввалги VIII-VII асрларда яратилган “Илиада”дагидек, ўрта асрларда ёзилган “Фарҳод ва Ширин” ва “Гамлет”дагидек, ХХ асрда ёзилган “Қиёмат” ёки “Ҳаким ва Ажал”дагидек қалби Ахурамазда ва Ахриман ўртасида талош ҳолда турибди. Бу курашда адабиёт, унинг устунларидан бири бўлмиш китобгина Ахурамазда вазифасини ўташи, қалбни қаттиқлашувидан, эзгу туйғулардан мосуво бўлмасликдан асраб қолиши мумкин.

– Хўш, қандай қилиб? Ахир, Сиз айтаётган ҳаёт шиддати мутолаага кам ўрин қолдираётган бўлса?..

– Глобаллашув аталмиш бу шиддатнинг баъзи иқтисодий-маданий алоқаларнинг тезкорлигига хизмат қилишдек афзаллиги бўлиши билан бирга, юқорида айтганимдек, инсоннинг нафақат ички оламини, балки мақсадларини, ҳатто жамиятни ўзгартириб юборишга эга қудратини ҳис қилиб турибмиз. Шунинг учун ҳам кино, мода, эстрада клиплари, мультфильмлар, кўнгилочар шоулар, компьютер ўйинлари либосига ўралган “Оммавий маданият” “жонбозлиги”дан ташқари, мобиль телефон билан “нафас олиш” ва Интернет “ичида яшаш” тарзининг оммалашиб бораётганига бутун дунё “даво” топиш билан машғул. Гўё ХХI аср бошига келиб, яшаб турган оламимизга параллел яна бир олам – чегараси йўқ, қонун қоидаси йўқ, фуқаролиги йўқ мобиль ва виртуал олам пайдо бўлгандай. Энди шоирнинг “Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида” сатрини “Глобал қишлоқнинг глобал уйида” деб бемалол ўзгартирса ҳам бўлади.

Бу муаммо ўз халқининг маънавияти учун қайғураётган жуда кўп давлатлар олдида кўндаланг турибди. Жумладан, бизнинг ҳам. Давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузаларида китобхонлик ва қалб тарбияси борасидаги бутун муаммолар, хусусан, глобализмнинг салбий бўҳронларига қарши туришга пойдевор бўладиган маънавий меросимиз, ахлоқий қадриятларимиз атрофлича таҳлил қилингани ва ечимлар кўрсатиб бергани, айниқса, инсон маънавий оламини, қалбини бутун сақлайдиган воситалардан бири адабиёт эканини алоҳида таъкидлаётгани бежиз эмас.

Энди, бу вазифани бажарувчилар кимлар – ота онами, ўқитувчиларми, олий ўқув даргоҳими, катта шоиру ёзувчиларми деган саволларни ўртага ташлади. Бу адабиётга фидойиликни, қалби пок, билимдон устозларнинг саботли меҳнатини, ёш истеъдодларни болалигиданоқ саралаб йиғишни, керак бўлса Президент, ижод мактабларида жалб қилишни тақозо этади. Истеъдодларни тарбиялаш албатта, машаққатли иш, аммо эртага шундай ҳосил берадики, бунинг мисолини пойтахт ва вилоятлардаги махсус мактабларимизда тарбия топаётган ва жаҳонни лол қолдираётган мусиқачи, гимнастикачи,шахматчи ва футболчи ёшларимиз тимсолида кўриш мумкин.

Эртанинг буюк ижодкорларини тарбиялаш масаласида ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериляпти. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қарорларнинг қабул қилиниши, ҳар йилги давлат Дастурларида ёш истеъдодларни юзага чиқаришга мўлжалланган тадбирлар учун маблағларнинг йўналтирилиши, ҳар йили ўндан ортиқ ёш ижодкорларнинг китоблари бепул чоп этилиши, вилоят ва туманларда “Ёшлар ижод саройлари”нинг барпо бўлиши, “Зулфия мукофоти”, “Ёш китобхон” кўрик-танловларида адабиёт йўналишига алоҳида эътибор қилиниши озмунча ҳаракат эмас. Буларга қўшимча равишда вилоят ва туман газеталари қошидаги мактаблардаги адабий тўгаракларни ва ниҳоят, Ёзувчилар уюшмаси томонидан мунтазам ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинарларини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Ана шу даргоҳларда энг фидойи шоир ва ёзувчиларимиз ҳеч бир шов-шувсиз, тамасиз, ёшларнинг қалб тарбияси билан машғул эканликларини кўришимиз мумкин.

– Ҳақиқий китобхонликни замонавий усуллар билан тарғиб қилса бўлмайдими?

– Яъни, оммабоп усуллар билан демоқчисиз. Баъзи мамлакатларда бадиий асарларни компакт дискларга ёзиб тарқатиш, клип қилиш, “видеошеърият”, “тирик кутубхона”, “шеърий комикслар”сингари турли оммабоп усулларни қўллаб кўришмоқда. Масалан, бизда ҳам Навоий асарларидан парчаларни Афзал Рафиқовнинг мусиқа жўрлигида ўқиши, кимнинг ғояси бўлса ҳам, яхши таассурот қолдирди. Телевидениеда марҳум шоирлар ҳақида тайёрланган кўрсатувларнинг ҳам савияси ёмон эмас. Яна “Заковат”, “Иқтидор” каби интеллектуал телеўйинларда шеърият ҳақидаги саволларни кўпайтириш, фақат шеъриятга бағишланган телеўйинлар ташкил қилиш ҳам мумкиндир. Булар яхши ва керакли, аммо ёрдамчи воситалар.

– Интернет-чи?

– Интернетнинг адабий, ижтимоий сайтларидаги бадиий асарлар, унинг савияси, муаллифлари – алоҳида суҳбатнинг мавзуси. Шундай бўлса ҳам айтиб қўяй, интернетни асосан кутубхона сифатида қадрласам ҳам, у менга омонат оламдай таассурот қолдиради. Бир лаҳза электр қуввати бўлмаса – тамом, бу адабиёт ҳам, бу олам ҳам йўқ. Қолаверса, дахмазаси ҳам етарли, интернетга уланадиган асбобу унинг тўлови жойида бўлиши керак, компьютер ёнингда бўлиши керак, ёки телефонлар унга уланадиган даражада “замонавий”сидан бўлиши керак, бунинг устига кўзга берадиган чарчоқ, мияга берадиган радиациясига чидашинг керак. Ана шулардан кейин экранда липиллаётган элликта реклама-ю хабарга эътибор бермай шеъриятдан завқ ҳам олишинг керак. Буни китоб ва журналдаги шеър мутолааси ёки устознинг жонли сабоғи билан таққослаб кўраверинг. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб тарбияси учун ҳам, умумий адабий савиянинг ўсиши учун ҳам энг аввало мутолаага, шеър таълимига эҳтиёж уйғотиш лозим деб ўйлайман.

Адиба УМИРОВА (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?