Каттақўрғон қулупнай, анжир ва хурмо етиштиришга ихтисослаштирилди

17:15 17 Апрель 2025 Жамият
269 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Каттақўрғон туманида «Бир контур — бир маҳсулот» тамойилини жорий этишда амалдаги қулупнайчилик билан бирга анжир ва хурмо етиштиришга устувор аҳамият берилмоқда. Мутахассисларнинг тавсиялари асосида ҳудуд тупроқ ва иқлим шароитига мос кўчатлар танланиб, аҳолига тарқатилди ва шу орқали барқарор даромад манбалари яратилади.

Туманнинг Валижон маҳалласидаги 40 нафар ишсиз фуқарога ижарага берилган 12 гектар ер майдонида қулупнай етиштириш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳли хориждан келтирилган, серҳосил қулупнай навини парваришлаб, маҳаллий навлардан кўп ва йилига бир неча марта ҳосил олмоқда.

Банк муассасалари томонидан 100 минг туп анжир ва хурмо кўчатлари тарқатилгани ҳам эътиборга молик.

Муллакўрпа маҳалласидаги аҳоли томорқаларига 2500 туп анжир кўчати ўтқазилди. Азамат Бўронов анжир етиштириб, ҳар йили мўл ҳосил олиб, рўзғорига қўшимча даромад келтираётган тажрибали деҳқонлардан бири.

— Эсимни таниганимдан бери анжир етиштириш билан шуғулланаман, десам, муболаға бўлмайди, — дейди отахон. — Даромади ҳам яхши. Ҳар бир тупидан ўртача 100 килограмм ҳосил олиш мумкин. Унинг килосини 15-20 минг сўмдан сотамиз. Яқинда маҳалламизга Туркиядан келтирилган анжир ва хурмо кўчатларининг ҳар биридан 5 тупдан олиб, томорқага ўтқаздим. Айтишларича, улар анчагина серҳосил экан. Буни вақт кўрсатади, албатта. Шу йил эккан кўчатларимиз 3 йилдан кейин ҳосилга киради.

Туманнинг Каттаминг маҳалласида ҳам 5 гектар ер майдонида анжир кўчатлари экилди. Шундай қилиб «Бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер