Катта бир сиёсий жараёнда менинг овозим борлигидан қувонаман — ёшлар ҳам сайловда фаол иштирок этмоқда

17:52 24 Октябр 2021 Сиёсат
296 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугун эл танлаяпти, саралаяпти, юртнинг боши бўлишга муносиб деб билган номзодни эркин сайлаяпти. Ҳа, дарҳақиқат, сайлаш — улуғ иш. Улуғлиги шундаки, элнинг овози бирлашяпти, битта кучга айланяпти.

Қашқадарёда ташкил этилган 1001 та сайлов участкаси, кун пешиндан оққанига қарамай, гавжум. Ёшу кекса юрт тақдирига дахлдорлигини ҳис қилмоқда, шунинг учун ҳам сайлов участкаларига ошиқмоқда.

Қарши шаҳридаги 12-сайлов участкасидаги сайловчилар оқимига қўшилдим. Эндигина 18 ёшга қадам қўйган Мадина Ибрагимова фикрларини тинглаб, юрагим ажиб ҳаяжонга тўлди.

— Биринчилардан бўлиб овоз берар эканман, кўнглимдан бир фикр ўтди, дейди у. — Энди биз, ёшлар лоқайдлик, боқимандалик ва эринчоқлик каби иллатлардан йироқда бўлишимиз керак. Барпо этилаётган Янги Ўзбекистонга шахдам одимлар билан, билимли ва салоҳиятли бўлиб қадам қўйишимиз лозим. Сайловда биз, ёшларнинг овозимиз юртга куч ва қудрат бағишлашига ишонаман.

Қарши тиббиёт техникуми 2-босқичида таҳсил олаётган Мадина Ибрагимованинг бу фикрларини тасдиқлаган Қарши давлат университети 3-босқич талабаси Камола Иноятова қуйидагиларни қўшимча қилди:

— Мен илк бор Президентлик сайловида иштирок этяпман ва катта бир дарёга жилға мисол қўшилаётгандай ҳис қиляпман ўзимни. Аслида ҳам азим дарёлар жилғалардан куч олади. Катта бир сиёсий жараёнда менинг овозим борлигидан қувонаман.

Қарши шаҳридаги Мағзон қишлоғида жойлашган 12-сайлов участкасида 1728 нафар сайловчи қайд этилган бўлиб, одамларнинг кети узилмаяпти. Кекса бир онахонни суҳбатга чорладим.

— Ёлғиз бошим билан икки боламни уйли-жойли, ҳунарли қилдим, — дейди Қандилой момо Ғаффорова. — Мени қувонтирган нарса шуки, болаларим жуда меҳнаткаш, элга наф келтирадиган одам бўлиб улғайишди. Улар ҳам келиб овоз беришди, мен ҳам Ўзбекистонимиз тинч, обод ва кўркам бўлиши учун овоз беришга келдим. Ниятим, тадбиркорлар кўпайсин, тадбиркор кўпайса, юртга барака инади.

12-сайлов участкаси раиси Нигора Аҳмедова эса сайловчиларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлади.

— 1728 нафар сайловчининг 24 нафари муддатдан олдин овоз берди, — дейди Н. Аҳмедова. — 14 нафар сайлов участкасига кела олмайдиган фуқарога кўчма сайлов қутилари орқали хизмат кўрсатдик. Бизда сайловчиларнинг эркин овоз бериши учун барча қулайликлар яратилган. Сайлов натижаларини ҳар соатда онлайн тарзда 13-Қашқадарё сайлов округига етказмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда, бу сиёсий тадбир халқнинг ҳамжиҳатлиги, ҳамфикрлиги ҳамда уюшқоқлиги билан давом этмоқда.

 Фахриддин  БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?