Карантин қоидаларига амал қилмасдан ҳуқуқ-тартибот ходимига қаршилик кўрсатган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

11:17 02 Ноябрь 2020 Жамият
644 0

Дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда.

Ўзбекистонда 2020 йил 15 августдан карантин чекловлари юмшатилди. Бироқ жамоат жойларида ижтимоий масофа (2 метр) сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаби ҳам бошқа қатор талаблар билан бирга сақланиб қолган.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётган ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 30 октябрь куни соат 23:00да Чирчиқ шаҳри, Алишер Навоий кўчасида Миллий гвардия ҳамда ИИБ ходимлари тунги хизмат вақтида маст ҳолатда, карантин қоидаларини бузиб тиббий ниқобсиз турган фуқаро Н.С.га дуч келган.

Ходимлар қонунбузар фуқарога карантин талабларини эслатиб танбеҳ беришганида Н.С. фаол қаршилик кўрсатган ҳолда ўнг тирсаги билан ИИБ ходими С.А.нинг юз қисмига бир марта уриб тан жароҳати етказиб, хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган.

31 октябрь куни шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Н.С.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

"Ҳурматли фуқаролар, барчангиздан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўзингиз ва оила аъзоларингизни хавф остига қўймасликни сўраб қоламиз!" дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?