Карантин пайтида божхона постлари қандай ишламоқда? — Фармон ижроси муҳокама этилди

11:09 05 Июнь 2020 Сиёсат
586 0

Жорий йилнинг 3 июнь куни Бухоро вилояти «Олот» чегара божхона постида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросига бағишланган сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолияти ҳамда ҳамкор масъул вазирлик ва идораларнинг коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолатини ўрганиш, бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, божхона фаолиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Қўмита эшитуви бевосита «Олот» чегара божхона постига ташриф буюриш, бу ерда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар томонидан импорт ва экспорт фаолиятини амалга ошириш жараёни, уларга яратилган шарт-шароитлар, қолаверса мамлакатимизни иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишдан бошланди.

Фармонда белгиланган экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича ташкил этилган тезкор штаб фаолияти, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини амалга оширилиши ҳолати ўрганилди. Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб жорий этилган, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизми ишлаш жараёни кузатилди.

Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария хизмати ходимлари барчаси битта бинода жамланиб, расмийлаштирувдан ўтказиш жараёни тезкорлик билан амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида пост орқали 1413 та автотранспорт воситасида вазни 27134 тонна, қиймати 65,115 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар олиб ўтилган.

Шундан, кириш йўналишида 924 та автотранспорт воситасида вазни 18431 тонна, қиймати 22,344 млн. АҚШ долларига тенг, чиқиш йўналишида 489 та автотранспорт воситасида вазни 8703 тонна, қиймати 42,771 млн. АҚШ долларига тенг товарлар олиб ўтилган.

Божхона постида автотранспорт воситаларини дезинфекция қилиш, фуқароларни икки йўлакли тизим («қизил» ва «яшил») орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш, замонавий назорат техник воситалар билан жиҳозлаш, давлат назорати органлари «ягона дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатишини йўлга қўйиш, «электрон шлагбаум» тизими, электрон маълумотлар ойналари (Information desk), фавқулодда чақирув тизими (SOS), банк терминаллари билан таъминлаш ҳамда расмийлаштирув жараёнларини назорат қилувчи «Ситуацион марказ» ташкил этилган.

Давлат дастури ва Фармонда белгиланган вазифалар ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда ижрога масъул вазирлик ва идоралар масъулларининг батафсил ахборотлари тингланди.

«Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизимини автомобиль чегара божхона постларида жорий этиш, темир йўл транспортида ташилаётган товарлар бўйича юридик шахслар, вагон, контейнер ҳаркатланиш ҳудуди ёки сақланаётган (тўхтаб турган) темир станцияси тўғрисида электрон маълумотларни божхона органига реал вақт режимида тақдим этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайёр мажлис якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан коронавирус пандемияси шароитида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда тадбиркорлик субъектларини, экспортёр ва импортёр ташкилотларни қўллаб-қувватлаш бўйича Давлат дастури ва Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этишни кучайтириш ҳамда соҳада праламент назоратини тизимли равишда давом эттириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?