Карантин даврида ишсиз қолган аёл етти ойда 250 миллион сўм даромад топди

10:41 19 Октябр 2020 Жамият
559 0

Пандемия аксарият юртдошларимиз матонатини синовдан ўтказаётганлиги рост. Бундай қалтис вазиятда кимдир ночор қолмоқда, айримлар эса бугунги кун ташвишини арита олаётганидан хурсанд. Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам борки, улар ҳар қандай вазиятдан унумли фойдаланиб, нафақат, ўзлари, балки, ўзгалар манфаати учун ҳам хизмат қилмоқда. Ана шундай юртдошларимиздан бири қўрғонтепалик Умидахон Усмонова ўзи истиқомат қилаётган хонадонида 10 минг бош товуқ парваришлаб, 170 та хонадонни камбағалликдан олиб чиқишга кўмаклашди.

— Савдо билан шуғулланганим боис республикамизда илк карантин ҳолати эълон қилинган пайтлари даромадсиз қолдим, — дейди Умидахон суҳбатда. — Бироқ қўл қовуштириб ҳам ўтириб бўлмасди. Шунинг учун Асака туманидаги паррандачилик фермаларидан 4 минг бош зотдор жўжалар олиб келиб, уй шароитида парваришлай бошладим. Бунинг учун ўзим яшаётган хоналарни ҳам бўшатиб, шароит ҳозирлашимга тўғри келди.

Жорий йилнинг март ойида иш бошлаган аёлнинг уйидан Фарғона водийси вилоятларидан келган харидорлар аримай қолди. Бу эса бир жўжанинг иккитага, бир сўмининг икки сўмга ортишига сабаб бўлди. Қарабсизки, тез орада паррандалар сони 10 мингтага етди.

— Мамлакатимизда камбағалликни бартараф этиш бўйича ишлар бошланганида ўз тажрибамни ҳаммага ўргатгим келди, — суҳбатда давом этади Умидахон Усмонова. — Умрим бино бўлиб товуқ боқмаган мендек аёлки, даромад топиб турганимда нима учун ён-атрофимдагилар камбағалликка юз тутиши керак? Шунинг учун уларга нафақат, паррандачилик сирини ўргатгим келди, балки, амалий ёрдам беришни ихтиёр этдим.

Умидахон шу тариқа 10 минг бош паррандани Қўрғонтепа туманида «Темир дафтар» рўйхатига киритилган 170 та фуқароларга тақсимлаб берди. Ўзи эса фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида «Рустам-Бердивой» номли фермер хўжалигига асос солди. Бу орада хонадони яна 10 минг бош паррандалар билан тўлди.

— Айни пайтда «Қора шаҳзода», «Россия пайпоқли товуғи» ва «Жайдари қора товуқ» номлари билан аталувчи зотдор товуқларни парваришлаяпмиз,-дейди тадбиркор. –Уларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, тухуми ниҳоятда шифобахш саналади. Шу боис ҳар бир тухумнинг нархи 2 минг сўмдан 15 минг сўмгача баҳоланмоқда.

Ҳар бир ишнинг ўзига яраша мураккабликлари бўлгани каби паррандачиликнинг ҳам ўзига хос парвариш услублари мужассам. Белгиланган тартибларга риоя қилинса товуқлар одатдагидек 7 ойда эмас, балки 4 ойда тухумга кириши мумкин. Бу каби тажрибаларни ўзлаштириш учун Умидахонга турмуш ўртоғи ва ўғли яқиндан кўмак беряпти.

Пандемия даврида ўз даромадини тиклаш ҳаракатида иш бошлаган аёл бугун юзлаб оилаларни камбағаллик ҳолатидан олиб чиқибгина қолмасдан, янги иш ўринларини ҳам яратмоқда. Шу кунларда умумтаълим мактабларини битириб, ўқишга кира олмаган 6 нафар битирувчилар ушбу фермер хўжалигида меҳнат қилиш билан бир қаторда паррандачилик сир-синоатларини ўрганишяпти.

Халқимиз товуқни етти хазинанинг бири, деб бежиз айтмаган. Атиги етти ойда 250 миллион сўм даромад топган тадбиркорнинг фаолиятини кузатиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Фермамиз ўзимиз истиқомат қилаётган ҳовлида жойлашган,-дейди тадбиркор аёл. -6 сотих майдонни паррандалар парвариши учун ажратганмиз. Қўрғонтепа тумани ҳокимлигига ферма ташкил этиш учун алоҳида ер ёки фойдаланилмай турган бинолардан бирининг ажратилиши юзасидан мурожаат қилганмиз. Агар бундай имкониятга эга бўлсак, фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Тадбиркор аёл бошлаган ташаббусга Қирғизистон ва Қозоғистон Республикасидан ҳам қизиқувчилар бор. Демак, тез орада экспорт фаолияти йўлга қўйилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

«Эплаганга элакда сув»,-деб шунга айтсалар керакда! Умидахон бошлаган хайрли иш тумандаги 170 та хонадонда илдиз отиб, ҳар бир оила даромадга кирса, бундан ортиқ савоб, бундан ортиқ манфаат борми! Тадбиркор аёл уйидаги хазина орқали ҳали кўпчиликка амалий ёрдам бериш истагида.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?