Канада АҚШ билан чегарани қўриқлаш учун махсус отряд тузади
Фото: AP
Канаданинг Альберта музофоти бош вазири Даниэль Смит АҚШ билан чегарада патруллик қилиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан иборат махсус отряд тузиш режасини маълум қилди. Бу ҳақда “CBC” телеканали хабар бермоқда.
Олдинроқ “Globe and Mail” нашри Канада полицияси Дональд Трампнинг АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг АҚШ билан чегарадан муҳожирлар оқимининг кўпайишига тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берганди.
“Альберта Канаданинг Америка Қўшма Штатлари билан чегараси бўйлаб хавфсизликни кучайтириш учун янги бўлинма режасини эълон қилди. Бош вазир Даниэль Смитнинг маълум қилишича, Альберта Шерифлар департаменти қўмондонлиги остида музофот патруль бўлинмасини ташкил этиш учун 29 миллион Канада доллари (тахминан 20,37 миллион АҚШ доллари) сармоя киритади”, дейилади материалда.
Бош вазир Смит, шунингдек, музофотнинг АҚШ билан чегарасида икки километрлик зона ташкил этилишини, унинг доирасида Канада хавфсизлик кучлари чегарани ноқонуний кесиб ўтган, шунингдек, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар контрабандаси билан қўлга олинган шахсларни ордерсиз ҳибсга олиши мумкинлигини қўшимча қилди. Музофотнинг муҳим инфратузилмасини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлардан сўнг зона ташкил этилиши режалаштирилган.
Телеканалнинг таъкидлашича, Альбертанинг АҚШ билан 298 километрлик чегарасини кузатувчи отряд 51 нафар полициячи, ўн нафар ёрдамчи ходим ва тўртта итдан иборат бўлади. Шунингдек, уларга совуқ ва бўронга чидамли ўнта разведкачи учувчисиз самолёт ва гиёҳванд моддаларни аниқловчи тўртта анализатор берилади.
Канада бош вазири Жастин Трюдо 10 декабрь куни агар Трамп Канада товарларига 25 фоизлик божлар жорий этишга қарор қилса, жавоб қайтарилишини айтганди. Кейинроқ Канаданинг Онтарио музофоти бош вазири Дуглас Форд, агар Трамп божларни жорий қилса, АҚШнинг бир қатор қўшни штатларига электр таъминотини узиб қўйиши билан таҳдид қилди.
АҚШ президентлик сайловлари ғолиби Дональд Трамп ноябрь ойи охирида президент лавозимига киришгач, Канада ва Мексикада ноқонуний иммиграция ва наркотик моддалар савдоси муаммоси ҳал этилмагани учун Канада ва Мексикадан келадиган товарларга 25 фоизлик божлар жорий этишини айтганди. АҚШ, шунингдек, Хитойдан товарларга экспорт божларига 10 фоиз қўшишга ваъда берди.
“The Wall Street Journal” нашри янги тарифлар жаҳон савдо тизимига путур етказиш ва Америка иқтисодиётининг асосий тармоқларига, жумладан, автомобилсозлик саноатига жиддий зарар етказиш билан таҳдид қилишини, шу билан бирга Хитой учун халқаро бозорларда янги имкониятлар очишини қайд этди.
T-MEC ёки USMCA шартларига кўра, Шимолий Америка эркин савдо келишувига асосан уч мамлакат ўртасидаги кўплаб товарлар келиб чиқиш қоидалари ва бошқа стандартларга мувофиқ божсиз сотилади. Шу маънода, АҚШнинг сайланган президентининг таклифи шартнома шартларини бузиш бўлиб, минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатларни мураккаблаштириши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг