Камтарона меҳнатимиз учун кўрсатилган эътибор бизни янги марралар сари руҳлантирди

10:15 03 Октябр 2020 Жамият
319 0

Бугун меҳнатлар қадр топаётган, эътироф этилаётган бир шукуҳли даврда яшаяпмиз. Ҳар куни янгиланишлар, ҳар қадамда улкан ўзгаришлар...

Бунёдкорликлар дилни яйратади. Атрофимизда яхшиликлар, яхшилар кўп...

Ҳеч бир соҳа давлатимиз, муҳтарам Президентимиз эътиборларидан четда эмас. Ҳар йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани фикримнинг исботи.

Андижоннинг тупроғи олтин. Ҳар қарич ерида унумдорлик бор. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқларда вилоятимиз пешқадамликни қўлдан бермайди. Айни соҳада тобландим. Шу соҳанинг сир-синоатлари мени ўзига ром этганидаёқ фермер хўжалигини ташкил қилгандим. Шаҳрихон туманидаги «Иномжон файз» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари сифатида узоқ йиллар аграр соҳа машаққатларидан завқ топа билдим. Ер билан тиллашиб, диллашиб халққа яқинлашдим. Маҳаллам, туманим, вилоятим, мамлакатим ва албатта, меҳнаткаш, олижаноб халқим учун камарбаста бўлишни ният қилдим.

2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар олдидан номзодим кўрсатилганини илк бор меҳнатларим эътирофи деб қабул қилдим. Аввало, ишонч! Айни мезон ҳаёт йўлимни ёритди. Сайловолди учрашувларда осмон қадар ваъдаларни бермадим, ўзим бажара оладиган, ижросига кўзим етган, кўнглимда ярқ этган, асосийси, сайловчиларнинг манфаатлари учун хизмат қиладиган вазифаларни амалга оширишга сўз бердим. Ўйлайманки, бугун уларнинг ишончи алдамаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиш замирида катта масъулият бор. Халқ ва давлат ўртасида кўприк бўлишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бунинг учун сарҳадсиз фидойилик кераклигини бугун ҳар қадамда ҳис қиляпман.

Пандемия бутун дунё халқларини синаётган бор гап. Мамлакатимизда ҳам бу мураккаб паллада аҳолини қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ана шу хайрли ишларнинг ёрқин кўриниши бўлди. Мазкур ҳаракатда мен ҳам собиқ фермер хўжалиги раҳбари, депутат сифатида имкон қадар иштирок этганимдан мамнунман.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан куни кеча «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланганим ана шу камтарона хизматларимнинг юксак баҳоси бўлди мен учун. Меҳридарё халқимиз, одил ва оқил сарбонимиз, улуғ давлатимизнинг бундай эътирофлари бизни янада шижоат билан ишлашга, янада фаол ва фидойи бўлишга, қадр-қимматлар, ишончларни сидқидилдан қилинган меҳнатлар билан оқлашга ундайди.

Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?