Камбағалликка қарши глобал кураш бўйича Ўзбекистон тажрибаси Тошкентда бўлиб ўтган халқаро форумда муҳокама қилинди

Тошкентда «Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш» II Халқаро форуми ўз ишини якунлади.
Форумда 300 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг 100 дан ортиқ таниқли экспертлари иштирок этди.
Анжуман давомида 6 та тематик панел сессиялари доирасида кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди, ривожланаётган мамлакатлар учун муаммолар ва таклифлар билдирилди. COVID-19 пандемияси, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва бошқалар каби муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ютуқлар қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини давлатимиз раҳбарининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида янги босқичга кўтарилган камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши алоҳида таъкидланган.
Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш мақсадида камбағалликка қарши курашнинг бешта асосий йўналиши белгиланди.
Биринчидан, хусусий сектор ва тадбиркорлик учун энг қулай шароитларни яратиб бериш.
Иккинчидан, «ижтимоий реестр» тизими доирасида камбағал оилаларни индивидуал ёндашув асосида манзилли қўллаб-қувватлаш дастурларини жадал давом эттириш.
Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, нуронийлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламларига маҳалланинг ўзида юздан ортиқ ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйиш.
Тўртинчидан, аҳоли ўзи танлаган лойиҳаларга «очиқ бюджет» тизими орқали ажратилаётган маблағлар ҳажмини кескин кўпайтириш.
Бешинчидан, ҳар бир шахснинг сифатли таълим ва тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларимизни тобора кенгайтириш.
Форумда Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашдаги фаол ҳаракатлари юқори баҳоланди. 2 миллион 300 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олингани қайд этилди.
Франция тараққиёт агентлиги бош ижрочи директори Реми Риу таъкидлаганидек, фаол иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўрни ва ролини ўзгартирди. Унинг айтишича, Брюссель ва Париж камбағалликка қарши кураш атроф-муҳит билан уйғунлашган – атмосферага чиқиндиларни камайтириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланишни яхшилаш билан боғлиқ бўлган мамлакатнинг ютуқларини диққат билан кузатиб бормоқда.
2019 йилда Нобель мукофоти лауреати, камбағалликка қарши кураш бўйича глобал ташаббус J-PAL ҳаммуассиси, америкалик иқтисодчи Абҳижит Банержи Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, ижтимоий дастурлар яратиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қабул қилинаётган турли дастурлар самарадорлигини тушуниш учун қўлланиладиган воситаларга эътибор қаратди.
«Буларнинг барчаси жуда қийин иш, лекин мен сизнинг мамлакатингиз камбағалликка қарши қандай курашиш кераклигини ўз мисолида бошқа мамлакатларга кўрсатаётганидан хурсандман. Бугун шу ерда туриб, мен бу мамлакатдаги ўзгаришлар руҳини ҳис қиляпман ва сиз билан бирга: «келинглар, буни қилайлик», дейишдан фахрланаман», – деди нобель мукофоти совриндори.
Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Эдиль Байсалов бугунги кунда Ўзбекистон бутун Марказий Осиёнинг двигатели ва юраги эканлигини таъкидлади.
«2022 йилда Ўзбекистонда камбағалликнинг камайиши, оғир глобал вазиятга қарамай, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё учун шов-шувли. Биз мамлакатингиздаги ислоҳотлардан мамнунмиз ва тажрибангиздан сабоқ олишга тайёрмиз. Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнунмиз ва тажрибангизни ўрганишга тайёрмиз. Кузда бизда шунга ўхшаш тадбир бўлиб ўтади, мен мутахассисларни унда иштирок этишга таклиф қиламан. Мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли бугунги кунда чегаралар тўлиқ келишиб олинди, бу Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини сезиларли даражада яхшилади», – деди Бош вазир ўринбосари.
Форум доирасида Президент маслаҳатчисининг ўринбосари, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов модераторлигида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш тажрибасини ўрганишга бағишланган Ялпи сессия бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Покистон ташқи ишлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш федерал вазири Сажид Ҳусайн Тури, Жорж Вашингтон университети қошидаги Эллиот халқаро алоқалар мактаби профессори Жейм Фостер, Хитойнинг камбағалликни камайтириш халқаро маркази директори Лю Жунвен, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Консуэло Видаль Брюс ва бошқалар тақдимот қилди.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска камбағалликка барҳам бериш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг келгусидаги ислоҳотлардаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилганини таъкидлади.
«Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ўз стратегияларини мамлакат контекстига мослаштириш, аҳолининг энг кам таъминланган қатламларини қамраб олиш, одамларнинг эҳтиёжлари ва имкониятларини таҳлил қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилдик. Шу мақсадда БМТТД Ўзбекистон учун кўп ўлчовли камбағалликни ўлчашнинг воситасини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди. БМТТД инклюзив иш ўринлари яратиш, гендер тенглиги, инсон салоҳияти, қишлоқ тараққиёти ва албатта, яшил иқтисодиётга ўтиш ва рақамлаштириш орқали камбағалликнинг кўплаб жиҳатларини ҳал этиш йўлида Ўзбекистонга ҳамроҳлик қилмоқда», – деди БМТТД Ўзбекистондаги раҳбари.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги болалар камбағаллигига қарши курашиш бўйича комплекс миллий стратегияларни қўллаб-қувватлашга содиқлигини таъкидлади.
«Ёш болаларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояга инвестицияларни биринчи ўринга қўйиш жуда муҳимдир. Бунинг натижасида Ўзбекистон демографик имкониятлардан фойдаланиши ва минтақада инсон капиталини ривожлантириш бўйича илғор тажриба намунасига айланиши мумкин», - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.
Ялпи сессия якунида Абҳижит Банержи журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, J-PAL ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорлиги ҳақида гапирди.
«Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликда ишлаб, гувоҳи бўлганимиз энг катта устунлик бу тадқиқотларга жиддий ёндашув ва ишга бўлган садоқатдир. Кўриб турибманки, бу ерда кўплаб мутахассислар бор, улар камбағалликка қарши курашишга тайёр ва шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти камбағалликка қарши кураш муҳим вазифа эканлигига қатъий ишонади. Биз эса, ўз навбатида, ушбу вазифани амалга оширишга илмий ёндашувни таклиф қиламиз ва ўйлайманки, ташкилотларимизнинг бундай саъй-ҳаракатлари пировардида самарали натижалар олиб келади», – дея хулоса қилди камбағалликка қарши кураш бўйича глобал ташаббус ҳаммуассиси.
Форум якунида бир қатор ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди ва янги қўшма лойиҳалар, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва J-PAL ўртасидаги Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Форум доирасида хорижлик экспертлар ва ҳамкорлар Ўзбекистон ҳудудларига ташриф буюришди, Бухоро вилоятидаги «Маданият» маҳалласи мисолида «маҳаллабай» тизими асосида жойларда олиб борилаётган ишлар намойиш этилди. Ҳудудлардаги ишларни ўрганиш натижаларига кўра, экспертлар Ўзбекистондаги стратегия ва давлат дастурлари таъсирини мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, орттирилган тажрибани ривожланаётган мамлакатларда янада кенг тарқатиш мақсадида камбағалликни қисқартиришнинг ўзбек моделини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
- Астраханда VIII Каспий медиафоруми бўлиб ўтди
- Самарқанд давлат университети — Марказий Осиёдаги ноёб олий таълим даргоҳи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг