Йўллардаги қоидабузарликларнинг 33 фоизи фото ва видео воситалар орқали аниқланмоқда

16:04 27 Ноябрь 2020 Жамият
240 0

Маълум қилганимиздек, бугун парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йиғилишида Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромовнинг «2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилмоқда.

Вазирликнинг ахборотига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами 3912559 та йўл-ҳаракати қоидабузарликлари аниқланиб, баённомалар расмийлаштирилган. Шулардан 1349370 таси(33%) фото ва видео махсус воситалари орқали аниқланган. Бундан ташқари 2019 йилнинг июль ойидан 2020 йил 1 октябрь кунига қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали 83693 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган ва 22,6 млрд сўм миқдордаги жарималар давлат бюджетига ундирилган.

Эшитувда депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолият самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсатгичларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар билан бирга мавжуд тизимли муаммолар ва камчиликлар ҳам таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, вазирлик берган жавобда қайд этилганидек, 2020 йилнинг 9 ойида йўл транспорт ҳодисалар сони 4294 тани ташкил этди. Оқибатда 1293 нафар инсон ҳалок бўлди, 3886 таси тан жароҳати олган. Болалар ўртасидаги йўл транспорт ҳодисалари эса жорий йилнинг 9 ойида 740 тани ташкил қилган бўлиб, оқибатда 163 нафар бола ҳалок бўлган. Бу кўрсатгич яъни, ҳалок бўлган болалар сони 2019 йилда 158 тани ташкил қилган.

Депутатлар томонидан йўлларда айниқса, Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши ва тирбандликнинг ҳосил бўлишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, автомобиль қўйиш жойлари ва кўп қаватли автомобиль тўхтаб туриш жойлари қуриш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам танқидий баҳо берилди.

Ахборотда қайд этилганидек, 2020 йилнинг тўққиз ойида 329115 та транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган. Бугунги кунда мамлакатимизда жами 285 та транспорт воситаларининг тўхташ жойлари(жарима майдонлари) мавжуд. Мазкур майдонларнинг 95 тасида асфальт қопламаси, 220 тасида эвакуаторнинг йўқлиги, аксариятида кузатув камераларининг мавжуд эмаслиги ҳам депутатларнинг танқидига сабаб бўлди.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилмаганининг боиси, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида тизимли таҳлил ишлари олиб борилмаганидир. Ваҳоланки, концепцияни амалга ошириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитасида» Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қошида йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммолари билан шуғулланувчи Илмий тадқиқот маркази тузиш белгиланган бўлса-да, унинг ижроси таъминланмаган.

Тадбирда таъкидланганидек, ички ишлар органлари йўл-ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг ходимлари хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни кучайтириш, улар орасида коррупция ва ваколатни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилнинг 9 ойида 642 нафар ходимларга нисбатан турли интизомий чоралар кўрилди.

Қизғин муҳокамаларга бой бўлган тадбир давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?