Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчи ва йўловчиларга мурожаат йўллади

16:27 14 Сентябр 2021 Жамият
149 0

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини тубдан такомиллаштириш, фуқаролар билан ўзаро мулоқотни камайтириш мақсадида соҳага ахборот коммуникация технологиялари жорий этилмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир йўл-патруль хизмати ходимининг ҳуқуқий билими, маданияти, муомала даражаси юқори бўлишига интилишимиз зарур.

Лекин, айрим ходимлар томонидан хизмат вазифаларини бажариш вақтида йўл ҳаракати иштирокчилари билан қўпол муомалада бўлишлари, касб этикаси ва маданиятига амал қилмасликлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатлар, жумладан, куни кеча, Тошкент шаҳрида “Тошкентда уйқудаги ГАИ” ҳамда Жиззах вилоятида “ГАИ акаларимиздан алкотестерни инновацияси” сарлавҳалари остида тарқалган видеолавҳалар бизни ташвишга солмоқда.

Ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараётган ходимларимизнинг хатти-ҳаракатлари учун фуқароларимиз олдида масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда, бундай нохуш ҳолатларга чек қўйиш юзасидан Бош бошқарма томонидан ходимларнинг билим савиясини ошириш, муомала маданиятини юксалтириш мақсадида доимий равишда машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг вазифаси – фуқаролар ва уларнинг манфаатлари, ҳуқуқларини асосий қадрият деб билиб, халққа ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишдир.

Хизмат вақтида салбий ҳолатларга йўл қўйган ҳар бир ходим интизомий жазоланади ва уларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?