Йилни энг яхши кўрсаткичлар билан якунлаган маҳалла раисига автомашина берилади

18:49 07 Июнь 2022 Жамият
177 0

Фото: Халқ сўзи

Урганч шаҳрида Хоразм вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига янги сайланган раислар билан учрашув ўтказилди. Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган сайловларда вилоят бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари раислигига 1 минг 580 нафар номзод кўрсатилиб, уларнинг энг фидойи, етарли билим ва тажрибага, халқ орасида обрў-эътиборга эга 526 нафари маҳалла раиси этиб сайланди. Янги сайланган маҳалла раисларининг 99 фоизи олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади.

Учрашувда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқиб, маҳаллабай ишлаш тизимининг моҳияти, бунда фуқаролар йиғини раисининг тутган ўрни ва масъулияти ҳақида тўхталди. Ўтган даврда фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 147 та маҳалла идораси янгидан қурилгани, 134 таси реконструкция қилинганини таъкидлади. Жорий йилда 79 та маҳалла янги бинога эга бўлади, шунингдек, 13 та туман ва шаҳарда «Маҳалла маркази» мажмуалари барпо этилади.

— «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» деган муҳим тамойилни амалга оширишда маҳалла тизими муҳим ўрин тутади, — дейди Хоразм вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шавкат Ибрагимов. — Фуқаролар йиғинларида ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси лавозимларининг жорий этилиши, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маошлари оширилиши маҳалла тизими фаолиятида туб бурилиш ясади. Бугунги учрашувда энг яхши натижаларга эришган маҳалла раисларини рағбатлантириб бориш мақсадида ҳар чорак якуни бўйича пул мукофотлари, йил якуни бўйича эса хизмат автомашинаси ажратиш бўйича келишиб олдик.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер