Йилига аҳолининг 3,2 млрд. сўм маблағи тежалмоқда. Бу ниманинг ҳисобидан?

10:59 26 Август 2021 Иқтисодиёт
355 0

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида «Адлия вазирлиги: ютуқлар ва истиқбол» мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.

Вазирлик ташаббуси билан уюштирилган конференция мамлакатда амалга оширилган демократик ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш борасида Адлия вазирлиги ўрнини ҳамда истиқболли мақсадлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Конференция давомида мустақилликнинг илк даврларидан миллий қонунчилик тизимини шакллантиришда вазирликнинг алоҳида ўрни, бугунги кунга келиб норма ижодкорлиги жараёнига жорий этилган рақамли технологиялар, хусусан, project.gov.uz, regulation.gov.uz, e-qaror.gov.uz каби электрон тизимлар ҳақида таъкидланди.

ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 млн.га яқин архив маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилгани натижасида йилига аҳолининг 3,2 млрд. сўм маблағи тежалмоқда.

Адлия вазирлигининг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришдаги роли Ҳукумат вакили томонидан эътироф этилиб, бу бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, конференцияда халқаро ташкилот вакиллари, хусусан, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска, «Регионал диалог» халқаро нодавлат ташкилоти директори Мюша Север ҳамда GIZнинг «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш» дастури директори Йорг Пуделка ўз маърузалари билан иштирок этиб, фаолиятида вазирлик билан яқиндан алоқалар йўлга қўйилганлиги ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида келгусида амалга ошириладиган ислоҳотларда ҳам доимий ҳамкорлик қилишларини билдиришди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими томонидан вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати бугунги кун талабларига мослиги қайд этилиб, вазирлик томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» халқаро сертификатига эга бўлиш тизимда коррупция хавф-хатарлари минимал даражага етказилганидан далолат деб баҳоланди.

Конференцияда вазирлик истиқболда, хусусан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 5 мингга яқин қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштирувчи Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилиши айтиб ўтилди.

Шу ўринда келгусида адвокатура соҳасидаги чекловларни бекор қилиш ва уларнинг дахлсизлигини таъминлаш орқали фуқароларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ва таклифи оширилишига эришиш ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон адлия тизими ўзини ислоҳ қилишда ва дунёга очиқ бўлишда давом этиши яна бир бор таъкидланди.

Раҳим ШEРҚУЛОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?