Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш мақсадида салкам 4 миллион доллар ажратилади

18:35 24 Август 2022 Сиёсат
771 0

Фото: Newsweek

2022 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC), Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида таълимни ривожлантириш ва ахборот хизмати бўйича Корея агентлиги (EPIS) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар мавжуд ва режалаштирилган қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва EPIS ўртасида янги лойиҳани бошлаш бўйича келишув имзоланди. «Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш» номли ушбу лойиҳа Корея Республикаси Ҳукуматининг ривожланиш бўйича расмий кўмаги (ODA) йўналишида тақдим этиладиган грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

3,7 млн АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа 2026 йил декабрь ойига қадар амалга оширилади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агрохизматлар маркази (AKIS) (Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани) ҳудудида қуёш батареяларида ишлайдиган қулупнай етиштирувчи замонавий иссиқхона қурилади. Бундан ташқари, кореялик мутахассислар томонидан кўчатлар учун иссиқхона ҳамда юқори сифатли қулупнай кўчатларини етиштириш бўйича ин витро лабораторияси қурилиб, жиҳозланади.

Лойиҳа давомида қулупнай етиштириш бўйича мутахассисларнинг ҳар йили ўзаро ташрифлари ташкил этилиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа ўзбек қулупнай маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда брендинги ва маркетингига кўмаклашади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер