Ижтимоий тармоқ бамисоли кўзгу. Унда акс этган хато-камчиликлар бартараф этилмоқда

15:48 30 Ноябрь 2021 Жамият
308 0

Кейинги пайтларда жойларда айрим маҳаллий амалдорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан ижтимоий тармоқ фаоллари танқидий фикр ва муносабатларини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилаётгани, бундай танқидий чиқишлар, табиийки, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, алалоқибат муаммолар ўз ечимини топаётгани эътирофга молик жиҳатдир.

Худди шундай, яқинда фуқаро Т.Нормуродовнинг Қумқўрғон туманидаги қишлоқ ҳўжалиги ерларини томчилатиб суғориш ускуналари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида  ижтимоий тармоқ орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган видеоси Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан атрофлича ўрганилди.

Маълум бўлишича, “Сувоқова Бунёдкори” унитар корхонаси раҳбари Қ.К. ва корхона бош муҳандиси М.А. ҳамда “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси техник назоратчиси М.А. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Қумқўрғон туманида оқова сув тармоғини реконструкция қилиш бўйича расмий ҳужжат ҳисобланган, бажарилган ишлар қиймати тўғрисида “Шакл-3” маълумотнома ва ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, тақдим этиб, жами 8 млрд. 823 млн. сўмлик бюджет маблағларидан 136,3 млн. сўмини ўзлаштирган ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу йилнинг 5 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қумқўрғон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Давлатга етказилган 136,3 млн. сўм зарар дастлабки терговда тўлиқ қопланган.

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон тумани судининг 30.09.2021 йилдаги ҳукми билан айбланувчи Қ.К., М.А. ва М.А.ларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

Бундан ташқари “Hamkor sity 2019” масъулияти чекланган жамият раҳбари ва таъсисчиси А.Қ., Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ҳузуридаги  томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш комиссия раиси Ч.Ў. ҳамда комиссиянинг асосий аъзолари У.Л., Р.Х.лар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Қумқўрғон туманида яратилаётган янги интенсив боғ ва иссиқхона барпо этишда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш комиссия далолатномасига била туриб, асоссиз маълумотлар киритиб, ҳақиқатда бажарилмаган ишларнинг бажарилгани ҳақида тузилган сохта далолатномага асосан давлат бюджетидан 1 млрд. 218 млн. сўмлик субсидия маблағлари ажратилишига эришади.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам тегишли тартибда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Давлатга етказилган 1218,0 млн. сўм зарар дастлабки терговда тўлиқ қопланган.  А.Қ., Ч.Ў., У.Л., ва Р.Х.ларга нисбатан жиноят иши айблов хулосаси билан тамомланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун ЖИБ Қумқўрғон туман судига юборилган.

Шунингдек, фуқаро фуқаро Т.Нормуродов ижтимоий тармоқда тарқатган видеода Қумқўрғон тумани ҳудудида 2000 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилмагани ҳамда  7 млрд. сўмлик маблағ талон-торож этилганини иддао қилган. Прокуратура томонидан билдирилган расмий муносабатда бу бўйича Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари Қумқўрғон тумани ободонлаштириш бошқармаси орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинаётгани юзасидан туман прокуратураси томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий муносабатда.

Албатта, жиноятга жазо муқарар. Ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан Қумқўрғон туманида маҳаллий амалдорларнинг бу каби камчилик ёки қонунбузарлик ҳолати акс этган чиқишлари, аввало, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ўз навбатида юқори турувчи орган мутасаддилари  эътиборини қаратиш орқали мавжуд муаммо, хато-камчиликларни бартараф этишга яхши маънода туртки бермоқда.

Илҳом Раҳматов, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?