Ижтимоий тадбиркорлик жамиятдаги ижтимоий муаммоларга барҳам бера оладими?

13:49 17 Ноябрь 2020 Жамият
272 0

Ҳозирги мураккаб шароитда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг даромадини ошириш устувор вазифалардан бири саналади. Бу борада давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан иқтисодиётни барқарорлаштириш, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилаётир.

Бинобарин, коронавирус пандемияси аҳоли даромадини оширишда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, айниқса, кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламларини даромади кескин камайишининг олдини олиш ўта муҳим ва долзарб вазифа эканини кўрсатди.

Албатта, бундай мураккаб шароитда аҳолини, айниқса, унинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилиб, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтожлар рўйхатига киритилган оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилди. Лекин давлат ғазнаси томонидан берилган бир марталик ёрдам билан уларнинг муаммосини бутунлай ҳал этиб бўлмайди.

Хўш, унда муаммога ечим топиш учун нима қилиш керак? Бу борада мамлакатимизда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Давлатдан молиявий кўмак оладиган оилалар сонини ошириш билан масалага барҳам бериш мумкинми?

Фикри-ожизимизча, бугунги кунда ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишда янги ёндашувларни татбиқ этиш, халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган усулларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Демак, бу масалага бугун ҳаётимизда кенг кириб келаётган ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш орқалигина ечим топиш зарур.

Шу ўринда ижтимоий тадбиркорлик нима ва у нега керак, унинг бугунги кундаги аҳамияти нималардан иборат, деган савол туғилиши табиий.

Ижтимоий тадбиркорлик – бу жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган тадбиркорлик тури ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтганда, бу ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес бўлиб, бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди. Бундай корхоналарнинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Бироқ амалдаги қонунчиликда «ижтимоий тадбиркорлик»нинг ҳуқуқий тушунчаси ва ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ белгиланмаган.

Ижтимоий тадбиркорлик борасида АҚШ, Буюк Британия, Польша, Бельгия, Италия ва бошқа давлатлар қонунчилиги ўрганилганда, ушбу тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари иш билан таъминланиши билан бирга, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида юқори натижага эришилганини кўриш мумкин.

Бундан англаш мумкинки, хорижий мамлакатларда ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига иш ўринларини яратиш, ижтимоий товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш борасида самарали натижаларга эришилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам ушбу йўналишдаги ишлардан бири десак, муболаға бўлмайди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинди. Ўз навбатида, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари белгиланди.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб татбиқ этилиши ва ижтимоий корхоналарнинг реестридан чиқарилган ойнинг биринчи кунидан бекор қилиниши назарда тутилган.

Асосий мақсади ижтимоий заиф қатламни турмуш даражасини яхшилашдан иборат бўлган қонун .лойиҳасида «ижтимоий тадбиркорлик», «ижтимоий корхона», «ижтимоий корхоналарнинг реестри», «аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари», «ижтимоий лойиҳа», «ижтимоий товар», «ижтимоий хизматлар», «ижтимоий соҳадаги фаолият» ва «фавқулодда ҳолатлар» тушунчалари белгиланмоқда.

Ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар сифатида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар, қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар ҳамда «Меҳрибонлик» уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ва жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар белгиланмоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик институтини яратиш ва уни ривожлантиришнинг айни фурсати. Зеро, ижтимоий тадбиркорлик мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шак-шубҳасиз, ижтимоий товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий хизматларни кўрсатишда кенг имкониятлар яратади.

Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?