«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси нега қўмитага қайтарилди? — депутатлар муносабат билдирди

19:02 07 Июль 2021 Жамият
376 0

Халқ демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси фракцияларининг жиддий эътирозлари сабаб «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлиси муҳокамаларидан ўтмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага равона бўлди.

Хўш, нега ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳақида жиддий бу қадар эътирозлар юзага келмоқда? Аввало, мазкур ҳужжатни синчиклаб ўқиган одам нима, мамлакатда янги «ижтимоий институт» пайдо бўляптими, дея ўйга толади. Агар шундай бўлса, у қандай институт ва унинг мақсади нима? Шу ҳақда депутатларнинг айрим мушоҳадалари...

— Гап шундаки, ҳужжатни ўрганиб, ундан коррупция сари ташланмоқчи бўлаётган қадамларни кузатиш мумкин. Фикрларни асослашга ҳаракат қиламиз. Аввало, қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорлик тушунчаси тўла очиб берилмаган, ижтимоий тадбиркорнинг кимлиги қоронғуга тош отган ҳолат сингари зим-зиё манзарани эслатади, номаълум, — деди «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Таваккал Чориев.

— Қонун лойиҳасининг 6-моддасида аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламларига ўзига хос тушунча берилган. Яъни, шу тоифадагилар жумласига товарларни (ишларни, хизматларни) бозор шароитларида олишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликларга дуч келаётган ёхуд бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлган шахслар киритилмоқда. Мазмунга эътибор берсангиз, ўзига тўқ, моддий ва молиявий имкониятлари бор «пичоғи мой устида»ги шахслар ҳам бу тоифага кириб қолиши эҳтимоли кўпроқ кўринади, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — Энди, ижтимоий тадбиркорлик майдонга чиқиб келаётган экан, нега унда мазкур қонун хуфёна иқтисодиёт, давлатга турли мажбуриятлар қўйиб кўр-кўрона халқ пулини талон-тарож қилишга йўл очиб бериши керак?

— Ушбу ҳужжатнинг 16-моддасида Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари берилган. Унга кўра, ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳамда ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялашнинг шакллари белгилаб қўйилган, — деди «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев. — Ана халос! Шу жойда кимдир ижтимоий тадбиркорликни ниқоб қилиб, мўмай даромад илинжида давлат гарданига турли мажбуриятларни илиб қўймаяптими, деган савол туғилади. Бизнингча, бу нормани ижтимоий тадбиркорлик қандай бўлишини тушунмаганлар, англаса-да атай шу йўлни лозим топганлар ёзган кўринади.

— Хўш, оддий тадбиркор билан ижтимоий тадбиркорнинг бир-биридан фарқи фарқи борми? Ахир мамлакатимизда кичик бизнесга яратилган қулай шароит боис, янгиликка интилаётган тадбиркорларимизнинг ўзи минглаб иш ўринлари яратиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини шусиз ҳам қўллаб-қувватлаб келмаяптими? Келяпти. Уларни эса, Президент, давлат қўлламоқда, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова. — Тизим бор, у ишлаяпти. Шундай экан, мазкур қонунни қабул қилишга не ҳожат? Юқорида қонун лойиҳасидан коррупциянинг ҳиди келмоқда, деган мулоҳазага бордик. Бунинг сабаби шундаки, ҳужжатда ижтимоий тадбиркор назарда тутилмаса-да, лекин ижтимоий корхона пайдо бўлиб қоляпти. Қани, бу ерда мантиқ? Ҳа, нима эмиш, одамларни эмас, давлат ижтимоий корхонани қўллаб-қувватлайди, унга имтиёз ва преференциялар беради ҳамда субсидиялайди ва ҳоказо... Субсидия — бу халқнинг давлат бюджетидаги улушидан текинга ажратиладиган маблағ-ку!

— Кимдир, яхши бойвачча ҳам талабгор бўлиб ижтимоий корхона очади. Оддий, арзон кучларни ишлатади, давлатдан субсидия олади, катта имтиёзларга эга бўлади, Давлат эса, мамлакатни ривожлантиришга йўналтириладиган маблағни қайсидир корчалоннинг қўлтиғига қистириб юбораверади, шундайми? Йўқ, бизнингча, — деди «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Гулрух Агзамова. — Давлат маблағини ўзлаштириш бу коррупциялашган муҳитни юзага келтириш дегани. Яъни, ижтимоий ёрдамга муҳтожларга хизмат кўрсатишни баҳона қилиб, ўз манфаатлари йўлида моддий бойлик орттиришга йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, лойиҳанинг 16- моддасига мувофиқ қонун ўтиб кетса, ижтимоий тадбиркорлик субъектлари имтиёзларни талаб қилишга ҳақли бўлиб қолади. Бу келгусида ижтимоий тадбиркор билан давлат ўртасида асоссиз низоларнинг юзага келишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

— Яна бир жиҳат. Қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг турлари ҳам кенг берилган. Яъни, илм-фан соҳасидаги ҳар қандай фаолият (кутубхона, архив, музейлар, маданият ташкилотларининг бошқа фаолият турлари), таълимга оид хизматлар, бундай фаолиятни турлари сифатида белгиланмоқда. Хулоса: бу ҳам айёрона ёндашув бўлиб, ҳар қандай давлат ташкилотининг фаолиятини ижтимоий тадбиркорлик деб баҳолашга олиб келади, — дея ўз фикрини билдирди ЎзХДП фракцияси аъзоси Шерзод Раҳмонов.

— Ижтимоий тадбиркор тушунчаси очиқланмаган қонун лойиҳасида ижтимоий натижа тўғрисида умуман гап йўқ. Фақат давлатдан маблағ олишга қаратилган ҳужжатда ижтимоий тадбиркор қандай мақом олиши кўрсатилмаган. Уни ким ва қандай шароитда реестрдан ўтказади, фаолиятини қандай юритади. Шундай ғализ жумлалар кўпки, уларни мағзини чаққунча бир одамнинг қора сочи оқариб, ҳатто тўкилиб ҳам кетади, — деди «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Иномжон Қудратов.

Умуман олганда, ижтимоий тадбиркорлик ижтимоий муаммони ҳал этишга қаратилган бўлиши керакмасми? Қонун лойиҳасида-чи? Ҳаммаси чалкаштириб ташланган. Даъволар кўп, ечимнинг қулоғи ҳам кўринмайди. Бўри қуённи мудом қувиб юргандай, сиз ҳам калавани учини тополмай аллақандай чангалзорда адашиб юраваерасиз, бу қонун лойиҳасига назар солсангиз.

Хулоса ўрнида: Ўзбекистонда кенг миқёсдаги инсонпарварлик сиёсати олиб борилмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шулар асосида кўнгли кемтик ҳамюртларимиз қалбига йўл топилмоқда. Биригина мисол: 2020 йилнинг баҳорида рамазон ҳайити муносабати билан кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига бир миллион сўмдан маблағ ажратилди. Республика бўйлаб халқ қабулхоналари ташкил этилдики, улар аҳоли учун очиқ мулоқот майдони. Ҳар қандай мурожаат ушбу манзилларда кўриб чиқилмоқда.

Инсон қадри олий даражага кўтарилган жамият учун кимларнингдир манфаатига хизмат қилишига қаратилган ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига зарурат бормикан? Хулоса сиздан, азиз ўқувчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?