Ижтимоий ҳимоя масалалари — иккинчи сектор мисолида

17:45 24 Май 2021 Жамият
595 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Бугун аҳоли билан манзилли ишлаш ҳар қачонгидан долзарб. Сабаби коронавирус пандемияси ҳар бир инсонни моддий-маънавий жиҳатдан синовдан ўтказмоқда. Бундай пайтда фуқароларни нафақат иқтисодий қўллаб-қувватлаш, балки уларга руҳан мадад бериш ҳам ниҳоятда муҳим.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “темир, “ёшлар ва “аёллар дафтарининг ҳаётга татбиқ этилиши ана шу эзгу мақсадни амалга ошириш имкониятини беряпти. Зеро, шу асосда секторларга бўлинган ҳолда рўйхатда турган ишсиз, ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини бандлигини таъминлаш бўйича аниқ амалий ишлар олиб бориляпти.

Шу ўринда, хўш, ушбу механизм фақат марказларда ўз самарасини беряптими? Чекка ҳудудларда аҳвол қандай, деган ҳақли савол туғилади.

Қуёш ҳамма жойга бирдек нур сочади

Аввало, мазкур масалага «Қуёш ҳамма жойга бирдек нур сочади» деган нуқтаи назар билан ёндашилса, моҳият тезда ойдинлашади. Агар ҳаётий мисоллар ҳақида гапирадиган бўлсак, келинг буни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида шу бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар сирасида кўриб чиқамиз.

Ушбу туман 1933 йилда ташкил топган бўлиб, 53 та маҳалла фуқаролар йиғинида 203 минг 258 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг барчаси секторлар асосида қамраб олинган. Бу борада Шўрчи тумани прокурори адлия кичик маслаҳатчиси Фаррух Холиқов раҳбарлигидаги 2-сектор фаолиятини алоҳида намуна сифатида кўрсатиб ўтиш мумкин. Бу бежиз эмас.

Бугунги кунда мазкур унга 14 та маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган бўлиб, сектор ҳудудида 52 минг 937 нафар аҳоли истиқомат қилади, оилалар сони 12 минг 286 тани, хонадонлар сони 8 минг 818 тани ташкил этади.

Сектордаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари билан биргаликда оғир вазиятга тушиб қолган 1237 нафар оила аъзолари бўлган 873 та оила танлаб олиниб, «Темир дафтар»га киритилган. Шундан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар 421 та, пандемия оқибатида даромадини йўқотган 183 та, кам таъминланган 189 та, ногиронлиги бўлган 78 та ва якка-ёлғиз кекса 2 нафарни ташкил этади. Сектор томонидан уларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд оғир аҳволдан чиқариш мақсадида турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

 

Кўмакка муҳтож оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Натижа қандай?

Энг аввало, мазкур оилаларнинг шарт-шароит ва имкониятлари батафсил ўрганилиб, натижасига кўра, 74 та оилага иссиқхона қуриб берилишида кўмаклашилди. Шунингдек, 18 та оилага 22 бош йирик шохли чорва моллари, 83 та оилага 6072 дона парранда, 4 та оилага ўзини ўзи банд қилишлари учун асалари қутилари олиб берилди. Темир дафтарга киритилган оилаларда яшовчи ишга жойлашишга муҳтож бўлган 984 та камбағал оилаларнинг 987 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзоларини 917 нафари (92,8%) ишга жойлаштирилди.

Натижада, «Темир дафтар»га киритилган 801 та оила (91,7%) Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари асосида камбағалликдан чиқаришга эришилди. Қолган 54 та оғир моддий қийинчиликка учраган оилалар алоҳида назоратга олиниб, доимий равишда улардан хабар олиб, уларнинг озиқ-овқат ва бошқа ижтимоий масалалари ҳал этиб келинмоқда.

 

«Ёшлар дафтари» ижроси — доимий назоратда

Шунингдек, 2-секторда 12.609 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, шундан 10.710 нафар ёшларга анкета сўровномалари тўлдирилган бўлиб, 
1.169 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. 
Йил бошидан буён жами 978 нафар (83,6 фоиз) ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Шундан, 19 май ҳолатига ёшларнинг 126 нафари ишга жойлаштирилди, 36 нафарига 145 млн. сўмлик асбоб-ускуналар субсидия асосида ажратилди, 151 нафарига кредит ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этилди, 80 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 185 нафари тадбиркорларга бириктирилди, 87 нафари «Устоз-шогирд» анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 281 нафарига 66 гектар ер майдони ажратилди, 102 нафарининг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари ҳал этилди.

 

Аёлларга амалий кўмак кўрсатилмоқда

Бундан ташқари, 2-сектор ҳудудида 9 502 нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар мавжуд бўлиб, 9 502 нафар аёлларга анкета сўровномаси тўлдирилган, шундан 344 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган. Йил бошидан буён жами 331 нафар аёлларга амалий ёрдам кўрсатилди. Шундан, 20 май ҳолатига аёлларнинг 331 нафарининг бандлиги таъминланди, хусусан 58 нафари ишга жойлаштирилди, 78 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 30 нафарига кредит олиб берилди, 42 нафарига томорқасидан даромад олиши учун кўмак берилди, 56 нафарига ҳуқуқий, 26 нафарига психологик, 67 нафарига тиббий ҳамда 94 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилди.

Шўрчи туман 2-секторида «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролардан 5 нафарига (Гўзаллик маҳалласидан Г.Шамаева, Ойнакўл маҳалласидан М.Алиқулова, Шалдироқ маҳалласидан Б.Хўжамуродова, Қораариқ маҳалласидан М.Тоирова, Кўклам маҳалласидан Н.Азизова) уй-жойларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган.

«Аёллар дафтари»даги аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича сектор раҳбари ташаббуси билан сектордаги «Ёш ғайрат» маҳалласида яшовчи Ф.Хужаназарованинг хонадонига миллий гилам тўқийдиган ускуна олиб келиниб, 10 нафар аёллар (аёллар дафтаридан 5 та) ҳамда 10 нафар ёшлар (ёшлар дафтаридан 4 та ) жалб этилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан, ногирон ва муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган давр мобайнида сектор ташаббуси билан 28 нафар фуқароларга ногиронлик аравачалари, 6 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 11 нафар фуқарога қўлтиқ таёқ, 11 нафар фуқароларга ҳассалар берилган. Шунингдек, 5176 нафар фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Кўриклар давомида, 2847 нафар шахсларда турли касалликлар аниқланиб, 472 нафарига даволаниш учун йўлланмалар берилиши таъминланган. Қолганлари амбулатор тарзида даволатилган.

 

Ижтимоий муассасаларда қандай муаммолар бор?

Ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати доимий ўрганиб борилиб, муаммоси борларига маҳаллий бюджет, ҳомийлар маблағлари ҳисобига ва ҳашар йўллари билан зарур ишлар бажарилган.

Хусусан, бевосита сектор раҳбари ташаббуси ва аралашуви билан 
1,23 км. ички йўллар асфальт қилинди, 21,2 км. йўлларга шағал ётқизилиб, таъмирланди, 1,4 км. янги газ тармоғи тортилди, 93 та газ тақсимлаш қурилмалари таъмирланди, аҳолини маиший газ баллонга бўлган талабини қондириш мақсадида 114 дона газ балонлари берилди.

Шунингдек, электр-энергия етказиб бериш сифатини яхшилаш мақсадида эски трансформаторлар юқори кучланишли 4 та янги трансформаторга алмаштирилган, 2 та трансформатор мукаммал, 18 таси жорий таъмирланган, 4,5 км. ҳаво электр тармоғи тортилган ва 37 та янги электр устунлар ўрнатиб берилди.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3 дона сув минораси таъмирланиб, 2 дона сув минораси, 7 дона сув насоси ўрнатилган ҳамда 3,2 км. сув қувури тортилди.

Натижада 3 274 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 872 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим ва 1 та соғлиқни сақлаш муассасаси жорий таъмирланди.

Мисол учун, сектор ҳудудидаги «Ойнакўл» маҳалласида жойлашган 1978 йилда қурилган 80 ўринли қишлоқ шифокорлик пункти сектор раҳбари ташаббуси билан ҳомийлар ҳисобига таъмирлаш ишлари бошланиб, таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Шу билан бирга, сектор раҳбари ташаббуси билан биргина «Ёшғайрат» маҳалласида «Темир дафтар»га киритилган 50 та оиладан 2 та, «Аёллар дафтари»га киритилган 29 нафар аёллардан 2 нафари дафтарда қолиб, «Ёшлар дафтари»га киритилган 62 нафар ёшларнинг барчаси дафтардан чиқарилди.

Қолаверса, маҳалла биноларининг моддий-техника базасини яхшилаш, маҳаллалар ҳудудидаги истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолган бетон устунларни янгисига алмаштириш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш тадбирлари ҳам диққат-эътиборда.

Бир сўз билан айтганда, бу борада 2-сектор томонидан олиб борилаётган ишлар кўламли янада кенг. Эътиборлиси, бундай эзгу амаллар бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида қулоч ёзмоқда. Фақат унинг ҳаётдаги самарадорлигини таъминлаш учун ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган секторда яшаётган аҳоли тақдирига бевосита дахлдор эканлигини чуқур англаб етса бас. Шўрчидаги иккинчи секторда биз ана шундай манзарага гувоҳ бўлдик.

 

“Халқ сўзи”.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?