Ижтимоий ҳимоя: Амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон манфаатлари устувор

13:41 05 Апрель 2021 Жамият
238 0

Ижтимоий ҳимоя — кенг маънода мамлакат аҳолисини ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган ҳамда жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий чора-тадбирлар мажмуи. Бошқача айтганда, давлат ва жамиятнинг ёши, саломатлиги, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли таъминланмагани туфайли кўмакка муҳтож фуқаролар тўғрисидаги ғамхўрлигини англатади.

Ривожланган демократик жамиятда ижтимоий ҳимоя вазифаларини давлат ўз зиммасига олади. Айтиш жоизки, ушбу масала Ўзбекистонда ҳам устувор йўналишлардан бирига айланган. Яъни мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти барпо қилишда давлат томонидан кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати олиб борилмоқда. Бинобарин, кучли ижтимоий сиёсат Ўзбекистон тараққиётининг етакчи тамойили ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида бизда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асоси яратилди ва мустаҳкамланди. Бу тамойиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланиб, қабул қилинган қонунларда ўз аксини топди. Мамлакатда даромад олишнинг кафолати яратилди. Ишсизлик муаммолари ҳал этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ташкил этилиши, қолаверса, Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада юртимизда камбағалликни қисқартириш ечимини кутаётган долзарб масала сифатида кун тартибига олиб чиқилгани бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганидан далолат беради. Зеро, камбағаллик ижтимоий-иқтисодий ҳодиса сифатида иқтисодий ривожланиш жараёнида моддий ва номоддий имтиёзлардан фойдаланиш ҳамда даромадларни тақсимлашдаги тенгсизликнинг оқибати сифатида изоҳланади. Инсоният янги минг йилликка қадам қўйган йилда БМТ томонидан қабул қилинган декларацияда ҳам биринчи мақсад сифатида қашшоқлик ва очликка барҳам бериш бежизга қўйилмаган.

Ўтган йил сарҳисобида мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. Жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дагилар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Ушбу тизим орқали 527 минг кишининг бандлиги таъминланди. Ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробарга, яъни 1,2 млн. нафарга кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилга нисбатан бюджетдан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.

Ўз-ўзини банд қилган аҳолига солиқ имтиёзларининг берилиши, кўплаб чекловларнинг бекор қилиниши натижасида 500 минг нафар инсоннинг расмий бандлиги таъминланди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун 300 млрд. сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Меҳнат муносабатларига оид қонунчилик такомиллашди. Жумладан, 2021 йил 20 январдан кучга кирган «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун амалдаги 3 та қонун, Президентнинг 12 та фармон ва қарорларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид қабул қилган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида жамлаган.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунда ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Сабаби, аксарият ишсиз фуқаролар маълум бир касбга эга эмасди. Бу эса уларга ишга жойлашишда қийинчилик туғдирарди. Уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, касб-ҳунарга ўқитишга давлат буюртмаси каби масалалар қатор моддаларда очиб берилди.

Ишсизлик нафақаси ва касб-ҳунарга ўқитишда тўланадиган стипендия миқдори 3,5 баробарга оширилди. Шу ўринда фикримизни яна бир қатор рақамлар билан бойитсак. Зеро, самара таққосларда яққол кўзга ташланади.

2018 йилда республика бўйича касб-ҳунарга ўқитилганлар сони бор йўғи 7 минг кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг шу давригача улар сони 70 мингтага етди. Йил охиригача касб-ҳунарга ўқитилганлар сони 150 мингтага ошиши кутилмоқда.

Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ижтимоий сўров натижаларига кўра, жорий йил январь ҳолатига меҳнат ресурслари сони 19,1 млн. кишини ташкил этмоқда. (ўтган йилга нисбатан 0,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган). 13,2 млн. киши иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд. 1,6 млн. киши ишга муҳтож. Яъни ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 16-30 ёшгача бўлганлар орасида 17,1 фоизни, аёллар ўртасида эса 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётганлар сони ўртача 1,7 млн. кишини ташкил этади.

Эътиборлиси, ўтган йиллар ичида меҳнат бозорида қатор жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробарга (8,8 млн.дан 13,5 млн.гача), иш берувчилар сони 4,5 баробар (203,2 мингдан 928,9 минггача) ошди.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ишсизлар ва банд бўлмаган аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар, аёллар ҳамда ногиронлиги бор шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича сифатли хизматлар кўрсатишни ташкиллаштириш бўйича харажатларни молиялаштириш, шунингдек, меҳнат органларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги қарори асосида эса «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси ташкил қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларга «Ягона дарча» тамойили асосида хизматлар кўрсатиш бошланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига биноан хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларга имтиёзли тариф бўйича темирйўл ва авиачипталар сотилиши жорий этилди.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратилиш механизми, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳунармандчилик, касаначилик ҳамда аёллар тадбиркорлигини микрокредитлаш тизими жорий этилди. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг тузилмаси бозор иқтисодиёти тамойилларидан келиб чиқиб такомиллаштирилди.

Япониянинг “Fuji Inter Study” компанияси билан ҳамкорликда «Ишга марҳамат» мономарказида «Япон тили ва касбий малака» тест маркази ташкил этилди. Ушбу тестларга тайёрлов курслари йўлга қўйилди. БААнинг “Tadbeer” рекрутинг маркази томонидан бепул инглиз тилига ўқитиш йўлга қўйилди, келгусида марказ Гулистон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида жойлаштирилади.

Россия Федерациясининг Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий кўмаклашиш халқаро ассоциацияси ва Пайвандчилик назорати миллий Агентлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида пайвандчилар мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Хитойнинг “Petrochina Zhuo-Hua” (Далян) Petrochemical Co. Ltd. компанияси билан ҳамкорликда “Uzbek-China Professional Training Center” ўқув маркази ташкил қилинди, марказда бепул малака ошириш ўқув курсларига пайвандчилик йўналишида ўқитувчилар жалб қилинди.

Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам аёллар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга оид қатор вазифалар белгилаб берилди ва бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди.

Хуллас, санайверсак, бундай ўзгариш ва янгиликлар кўп. Муҳими, улар бугун юртимизда бу борада, яъни ижтимоий ҳимоя масаласида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганидан, фуқаролар манфаати устувор эканлигидан далолатдир.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?