"Истеъмолчилар кутубхонаси"нинг 20 таси фойдаланишга топширилди, яна 30 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда

13:04 14 Декабрь 2020 Жамият
416 0

Китобсиз ақл — қанотсиз қуш. Билим — ақл чироғи… Бундай ҳикматли нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш ва китоб ўқишни канда қилмасликдир. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, «китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи». Айниқса, ёшларнинг ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқларида бир неча маротаба таъкидлаган.

“Китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. "Катталар"га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”, деган эди давлат раҳбари. Чунки яхши китоб инсонда ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди. Хусусан, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация томонидан «Истеъмолчилар уйи» ҳамда «Истеъмолчи кутубхонаси» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Беш муҳим ташаббус»ни ҳаётда изчил татбиқ этиш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларида 16 та барча қулайликларга эга бўлган, кўркам ва шинам мажмуалар фойдаланишга топширилди. Яна 30 га яқин туман ва шаҳарларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Кейинчалик, бу каби маъмурий комплекслар республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ҳам барпо этилиши режалаштирилган.

Замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга «Истеъмолчилар уйи» маъмурий комплексидан ўрин олган «Истеъмолчи кутубхонаси» фондидан 6 мингдан ортиқ китобларни ўзида жамлаган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган қизиқарли ва ижтимоий-сиёсий газета-журналлар бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида Федерация ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар туркуми ҳам ўрин олган. Таъкидлаш жоизки, илк бора 100 минг донадан иборат электрон китоблар базаси ҳам шакллантирилган бўлиб, барча китобхонлар арзон нархда масофадан туриб харид қилишлари мумкин.

Кутубхонада замонавий “Bооk cаfе” ва бепул Wifi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилган. Бундан ташқари, мажмуадан 5 муҳим ташаббус доирасида хотин-қизлар учун бепул чеварликка ўргатиш маркази, мактабни тугатиб, бироқ ишсиз юрган ёш йигитлар учун эса ҳунармандчилик анъаналарини ўзида акс эттирган дўппичилик, дурадгорлик, кулолчилик, шунингдек, спортнинг кураш, бокс, каратэ ва шунга ўхшаш 15 га яқин тўгараклар ҳамда ҳозирда ёш авлод катта қизиқиш билдираётган миллий чолғу асбобларини ясаш ва ўргатиш бўлимларини ўз ичига жамлаб олган.

Бир сўз билан айтганда, бу каби масканлар ёш ўғил-қизларимизнинг ҳам маънавий тафаккурини бойитиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, яширин салоҳияти ва истеъдодини кашф этиш учун беқиёс имкониятлар бешиги бўлиб хизмат қилади.

Келажак авлоднинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс. Мазкур маъмурий комплексида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бугунги «Учинчи Ренессанс» даврига пойдевор яратилаётган паллада энг муҳим омиллардан биридир.

Шаҳбоз Абдусатторов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси матбуот хизмати ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?