«Истеъмол саватчаси»: уни оптималлаштириш иқтисодий ва тиббий омиллар билан чамбарчас боғлиқ

21:57 22 Ноябрь 2022 Жамият
665 0

Бугунги кунда сайёрамизда 2 миллиард инсон темир моддаси ва А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли аксарият болаларнинг ўсиши ва ривожланиши ортда қолмоқда. Буларнинг асосий сабаби соғлом овқатланиш ва турмуш тарзидаги камчиликлардир.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар ўта долзарб. Бунга аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш имкониятларидан етарли даражада фойдаланмаслик, ер ва сув чекланганлиги сабаб бўлаётир.

Иқтисодиётда “истеъмол саватчаси”га кирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнлари ва аҳоли фаровонлигининг турли жиҳатларини ўрганишга етарлича эътибор қаратилаётган бўлса-да, бу муаммолар ҳамон мунозарали экани кўриниб қолмоқда.

“Истеъмол саватчаси” тушунчасини жорий этишда ва унинг илмий талқинида БМТ муҳим роль ўйнайди. Бу тушунча фанга биринчи марта ўтган асрнинг 70-йилларида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан киритилган. Унга кўра “истеъмол саватчаси” — бу ҳар бир инсоннинг йиллик истеъмолининг нормал даражаси ҳамда тузилишини тавсифловчи барча турдаги товарлар йиғиндиси. Ўтган асрнинг 90-йилларида “истеъмол саватчаси” тушунчаси илмий адабиётлар ва расмий ҳужжатларда муомалага киритила бошлади.

Зарур ҳаётий меъёр

Ҳудудларда аҳолининг “истеъмол саватчаси”га кирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини ўрганиш, уларга таъсир қилувчи омилларни бартараф этиш иқтисодий-статистик жиҳатдан етарлича ўрганилмаган. Бинобарин, ҳудудларда асосий турдаги “истеъмол савати”га киритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва статистик баҳолаш жараёнидаги назарий ва амалий масалаларни ҳал қилиш долзарб вазифадир.

“Истеъмол саватчаси” ва унга алоқадор тушунчалар бир қатор хорижлик ва ўзбек олимлари томонидан илмий асосланиб, иқтисодий атама сифатида ишлатиб келинмоқда. Жумладан, Л. Лозовский, Б. Райзберг, Е. Стародубцева талқинича, “истеъмол саватчаси” — инсоннинг ёки оиланинг ойлик (йиллик) истеъмоли одатий даражаси ва тузилишини тавсифловчи товарларнинг ҳисоб-китоб қилинган тўпламидир. У амалдаги нарх­ларда истеъмол саватининг нархидан келиб чиққан ҳолда (жон бошига) минимал истеъмол бюджетини ҳисоблаш учун ишлатилади. У турли ижтимоий ва бошқа аҳоли қатламларининг демографик ва миллий таркиби, ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда белгиланади, деб таъкидланади.

Н. Пасюкова, А. Кукушкин эса “истеъмол саватчаси” — инсон соғлиғини сақлаш ва унинг ҳаётий функцияларини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг минимал тўпламидир. “Истеъмол саватчаси” таркиби вақт ва турли мамлакатлар бўйича ўзгариб туради, деб таъриф беришган. Ушбу таъриф орқали муаллифлар “истеъмол саватчаси”нинг нафақат инсон яшаши учун муҳимлигини, балки унинг географик жойлашувида фарқланишига ҳам ишора қилишади.

Бир қатор иқтисодчи олимлар ушбу тушунчани бошқа иқтисодий категориялар билан узвий боғлиқликда кўриб чиққанлигини ҳам учратиш мумкин. Масалан, академик C. ўуломов аҳолининг “истеъмол саватчаси”га кирувчи товарлар билан таъминланганлик даражасига алоҳида эътибор қаратиб, бу ҳолатни мамлакатда инновациялар ролини ривожлантириш орқали таъминлаш мумкин, деган хулосани беради. Шунингдек, Б. Мамараҳимовнинг фикрича, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, асосан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва ички бозорларни ривожлантиришга, ­қисман, чет эллардан озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш ҳисобига амалга ­оширилиши мақсадга мувофиқ.

Кузатишларимизга кўра, ҳаёт сифатининг асосий стандарти ҳисобланган “истеъмол саватчаси”ни тиббий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда оптимал тартибга солиш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда таққослаш ва иқтисодий-статистик таҳлил усулларидан кенг фойдаланган маъқул. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “истеъмол саватчаси”ни тиббий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда оптимал тартибга солиш бўйича илмий асосланган бу таклиф ва тавсиялардан мамлакатимизда олиб борилаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сиёсатини ташкил этиш ҳамда уни такомиллаштириш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда “истеъмол саватчаси” тушунчасига, фикримизча, қуйидагича таъриф бериш мумкин: “Истеъмол саватчаси” — жаҳон бозорлари тебранишларидан қатъи назар, парҳез чекловларни ҳисобга олган ҳолда, инсон ёки оиланинг физиологик меъёр кўрсаткичларига мос миқдорларда ойлик (йиллик) истеъмолининг одатий даражаси ва тузилишини тавсифловчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат товарлари ҳамда хизматлари тўпламидир. Кўриниб турибдики, бу таърифда “истеъмол саватчаси”нинг барча жиҳатлари ўз ифодасини топган.

Маҳаллий ва хорижий олимларнинг “истеъмол саватчаси” моҳиятига оид илмий асарларини ўрганиш ушбу тушунчанинг мураккаб ва кўп қиррали эканлигини тасдиқлайди. “Истеъмол саватчаси”га киритиладиган маҳсулотлар сони ва миқдори юқорида келтирилган талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, Россияда меҳнатга яроқли киши бир йил давомида нон маҳсулотлари (ун, ёрма ва дуккакли ўсимликлардан тайёрланган нон ва макарон)дан 126,5 кг., картошкадан 100,4 кг., сабзавот ва полиз маҳсулотларидан 114,6 кг., турли сархил мевалардан 60 кг., шакар ва қандолат маҳсулотларидан 23,8 кг., гўшт ва гўшт маҳсулотларидан 58,6 кг., балиқдан 18,5 кг., сут ва сут маҳсулотларидан 290 кг., 201 дона тухум, ёғ ва ёғ маҳсулотларидан 11 кг., (туз, чой, зираворлар)дан 4,9 кг. истеъмол қилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар нарх-навоси аҳолининг барча қатлами учун озиқ-овқат маҳсулотлари қийматининг 50 фоизига тенг бўлиши назарда тутилган.

Албатта, юқорида таъкидланганидек, географик жиҳатдан “истеъмол саватчаси”га киритилган товарлар миқдори ва таркибига кўра фарқланади. Хусусан, АҚШда ушбу “саватча”га 300 хил маҳсулот киритилган бўлса, Францияда — 250, Англияда — 350, Германияда 475 хил маҳсулот аҳоли истеъмоли учун зарур, деб топилган.

Озиқ-овқат сифати — асосий омил

Ҳозирги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат “савати”ни оптималлаштириш муаммосининг долзарблиги аввало, элементар касалликларга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари самараси паст даражада эканлиги билан боғлиқ бўлмоқда. Чунки ижтимоий даражадаги касалликларни камайтиришга ҳали эриша олганимиз йўқ.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда жинси ва ёши бўйича стандартлаштирилган ўлим сабаблари бўйича юқори ўринни қон айланиш тизими касалликлари, жумладан, юрак-ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард ­инфаркти, инсульт ва ҳоказо) эгаллади (69 фоиз). Улардан кейин хавфли ўсмалар (8 фоиз), қандли диабет (3 фоиз) ва нафас олиш аъзолари касалликлари (3 фоиз) жой олган.

Иккинчидан, носоғлом турмуш тарзини яхшилашга қаратилган давлат дастурлари амалда ўз натижасини беряпти, деб бўлмайди. 2014-2015 йилларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда 18 — 64 ёшдаги аҳоли орасида ўтказган ўрганишлари салбий натижаларни кўрсатди. Жумладан, аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) сабзавот ва меваларни етарлича истеъмол қилмайди (ҳар куни 400 граммдан кам), ярми ортиқча вазнга эга. Катта ёшдаги юртдошларимизнинг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган. Аҳолининг 46 фоизида қондаги холестериннинг ортган даражаси қайд қилинган. Аҳолининг деярли учдан бир қисмида юқори артериал босим қайд этилган. 40 — 64 ёшдаги инсонларнинг бешдан бир қисмида ўн йиллик юрак-томир тизими касалликларининг ривожланиш хавф даражаси 30 фоиздан ортиқ бўлмоқда.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, озиқ-овқат сифати меҳнат ресурсларини қайта ишловчи ва аҳоли саломатлигини тартибга солувчи энг муҳим омил деб тан олинган. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, бу мамлакатларда юрак-қон томир касалликларидан ўлимнинг камайиши тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши туфайли эмас, балки янги касалликларнинг олдини олиш натижаси сифатида кузатилган. Бу даврда ҳукуматлар ўз фаолиятида тўйинган ёғлар ва ош тузини ортиқча истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган артериал гипертония хавфини камайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлашган эди.

Бугунги кунда Европада овқатланиш билан боғлиқ касалликлар уларнинг умумий миқдорининг 41 фоизини ташкил қилади. ўарбда охирги ўн уч йил ичида юрак-қон томир касаллиги туфайли ўлим ярмига камайган бўлса, Россияда у жадал ўсди ва ҳозир ривожланган мамлакатларга қараганда 3-5 баравар юқори. Ўлим даражаси паст бўлган мамлакатларда овқатланиш сифати муаммоси фуқаролик жамиятлари диққат марказида бўлиб, улар соғлом овқатланиш институтлари шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Жамиятда овқатланиш сифати тўғрисида кенг муҳокаманинг йўқлиги иқтисодчилар томонидан соғлиқ билан боғлиқ муаммога етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги билан изоҳланади. Соғлиқ учун хавфли бўлган трансёғларни кўп истеъмол қилиш муаммоси иқтисодчилар эътиборидан четда қолмоқда. АҚШда эрта ўлимнинг 10 дан 19 фоизгача қисмининг олдини олишни трансёғлар истеъмолини камайтириш ҳисобига амалга ошириш мумкин эканлигини кўрсатди.

Учинчидан, мамлакатимизда соғлом овқатланиш муаммолари бўйича иқтисодий тадқиқотлар услубий базаси яхши ривожланмаган.

Тўртинчидан, алиментар боғлиқ касалликлар кўпинча аҳоли соғлиғини сақлашнинг энг муҳим омиллари рўйхатига киритилмаган.

Соғлом овқатланишнинг ижтимоий аҳамияти

Кўпгина мамлакатларда истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларнинг минимал миқдори билвосита минимал иш ҳақи даражаси орқали тартибга солинади. Уни аниқлашда мамлакатдаги иш ҳақининг умумий даражасини ҳисобга олиш зарурлиги талаб қилинади. Масалан, бу кўрсаткич Испанияда — 32, Исроилда — 47,5 ва ҳоказо. Ривожланган мамлакатларда ушбу усулнинг қўлланилишини таҳлил қилиб айтиш мумкинки, “энг кам иш ҳақи” сифатида Ўзбекистон учун Европа ижтимоий ҳуқуқлар қўмитаси тавсиясидан фойдаланиш амалда яхши натижа беради.

2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон ­Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги статистик маълумотларни, жаҳон тажрибасини ва ижтимоий сўров усулида ўтказилган тест тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда “ис­теъмол саватчаси” ҳисобини ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга оширди. Ушбу ишлаб ­чиқилган “истеъмол саватчаси”даги озиқ-овқат истеъмолининг минимал ҳажмини шакллантириш орқали бевосита давлат томонидан ягона “истеъмол саватчаси” тартибга солинади. Ҳисоблашнинг бу усули директив тартибга солиш хусусиятларини сақлаб қолади ва мамлакатдаги энг кам ойлик иш ҳақини иш ҳақининг ўртача даражасига боғлаш зарурлиги тўғрисидаги тавсияга мос келмайди. Айни чоғда соғлом овқатланиш меъёрлари асосида “истеъмол саватчаси”ни шакл­лантириш муаммоси фанлараро характерга эга бўлиб, у макроиқтисодий ва тиббий жиҳатдан мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Кўплаб олимларнинг таъкидлашича, ишемик юрак касаллиги ривожланишининг муҳим омиллари таркибида трансёғлар меъёрдан ортиқ бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш инсон соғлиғи учун асосий хавфлардан бири ҳисобланади. Бу олимлар ўз тад­қиқотларида тўйинган ёғнинг рухсат этилган максимал истеъмолини — b1, трансёғларни — b2, тузларни — b3; омега-3 ёғ кислоталарининг рухсат этилган минимал миқдорини — a4 кўринишда белгилайди.

Одатда, балиқ ва балиқ маҳсулотларида тўйинган ёғ кунлик истеъмолининг атиги 0,1 фоизини ташкил этади. Мол гўштида 23,9, сариёғда 11,3, маргаринда 3,4 фоиз. Кундалик мева истеъмолини ўртача катталикдаги олма билан солиштирганда ис­теъмол қилинмайдиган қисми билан бирга атиги 164 граммнинг нари-берисида.

Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ­ишлаб чиқилган “истеъмол саватчаси”да тўйинган ёғ миқдори ҳисоб-китобларга кўра, кунига 37,4 граммга тенг. Бу тавсия этилган 25 грамм (b1 кўрсаткич) даражадан деярли 1,5 марта кўп. Юқоридаги номутаносибликнинг сабаби агентлик томонидан ишлаб ­чиқилган “истеъмол саватчаси”да ёғли гўшт ва сут маҳсулотлари ҳаддан ташқари кўплиги ҳолатида мева ҳамда резавор маҳсулотлар етишмаслигидир.

Жаҳон амалиётида трансёғлар шу қадар хавфли деб топилганки, ҳаттоки 2018 йили Американинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA) уларни озиқ маҳсулотларига қўшишни тақиқлади. Улар, шунингдек, ­бошқа мамлакатлар аҳолисига ҳам ўз рационини қайта кўриб чиқиш кераклигини, таркибида трансёғлар кўп бўлган маҳсулотларни истеъмол қилмасликни тавсия этади. Озиқ-овқат таркибидаги ёғли кислоталар трансизомерлари (трансёғлар) дунёда ўлимнинг ­баҳоланмаган омилидир.

2003 йилда ЖССТ трансёғларни истеъмол қилишни умумий энергия сарфининг 1 фоиз эквивалентига тенг миқдоргача камайтиришни тавсия қилди. Трансизомерларни истеъмол қилишнинг жорий рухсат этилган максимал даражаси ривожланган мамлакатларда киши бошига кунига 2 г. (b2 индикатор) тўғри келади.

Сўнгги йигирма йилликда барча ривожланган мамлакатларда трансёғлар истеъмолини оптимал даражада камайтириш бўйича фаол сиёсат олиб борилмоқда. Бу ҳаракатлар натижасида Данияда кундалик ­истеъмолда трансёғлар миқдорини 6 граммдан 1 граммгача камайтиришга эришилди. Натижада мамлакатда юрак-ишемик касаллигидан ўлим кўрсаткичи 50 фоизгача камайганлиги кузатилди. Австралияда 1996 йилдан бери маргарин маҳсулотлари трансёғларсиз ишлаб чиқарилмоқда. Японияда трансёғларни истеъмол қилиш миллий ошхона анъаналари билан боғлиқ бўлган ҳолда умумий калория миқдорининг атиги 0,7 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистонда ўсимлик мойларини гидрогенлаш — уларни модификациялашнинг ­асосий усули бўлиб, натижада трансёғлар таркиби баъзи маҳсулотларда хавфли даражага етмоқда. Кам даромадли уй хўжаликларида трансёғлар истеъмоли меъёр (рухсат этилган) даражадан бир неча баробар ошиб кетмоқда. Буларнинг барчаси фуқаролар саломатлигига хавф солмоқда. Одатда трансёғларнинг мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилиши уларнинг арзонлиги билан боғлиқ. Шунинг учун маъмурий чора-тадбирлар орқали улар истеъмолини тартибга солиш, бу хавфли омилнинг салбий таъсирини сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Туз, ёғ ва саломатлик

Шу ўринда айтиш жоизки, тузни меъёрдан кўп истеъмол қилиш ҳам гипертония ва инсульт касалликлари туфайли содир бўладиган ўлимлар сонини оширади. Тадқиқотларга кўра, кунига туз истеъмолини 6 грамм­гача камайтириш орқали йилига 2,5 миллион инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. ЖССТ катталарга кунига 5 грамм (b3 индикатор)дан ва болалар 2 граммдан ошмайдиган туз истеъмол қилишни тавсия қилади. Туз истеъмолини камайтириш дастурлари аҳоли саломатлигини яхшилашнинг энг арзон усулларидан биридир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “истеъмол саватчаси”да туз истеъмоли даражаси меҳнатга лаёқатли инсон учун кунига 33,3 граммни ташкил қилади. Бу — ЖССТ томонидан тавсия этилган даражадан 6 баравар юқори. Эътибор беринг, бу таққослашимиз агентлик томонидан ишлаб чиқилган “истеъмол саватчаси”даги фақат “соф” тузга тааллуқлидир. “Саватча”даги нон, макарон, творог, пишлоқ, маргарин ва бошқа маҳсулотлар таркибида мавжудлиги ҳисобга олинмаган. ­Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда “истеъмол саватчаси”да туз ­миқдорини камида 6 баробар камайтириш мақсадга мувофиқ.

Сўнгги йилларда рационда “омега-3” оиласининг кўп тўйинмаган ёғли кислоталари етишмаслиги муаммоси соғлом овқатланиш бўйича мутахассислар диққат марказида турибди. “Омега-3” ёғ кислотаси етишмаслиги семириш, аритмия, гипертония, атеросклероз, тромбоз, қандли диабет, псориаз касаллиги, яллиғланиш жараёнлари, ревматоид артрит, ошқозон яраси, хавфли ўсмалар, саратон касалликларига олиб келиши мумкин. “Омега-3” кислоталари гипертоник, қандли диабет, дерматит, бронхиал астма, ошқозон яраси касаллиги, сурункали буйрак етишмовчилиги касалликлари профилактикаси ва комплекс терапиясида ишлатилади, уларнинг истеъмоли стенокардия ва инфаркт хавфини камайтиради. “Омега-3” ёғ кислоталарини истеъмол қилишнинг тавсия этиладиган миқдори кунига камида 0,5 граммни ташкил қилиши кўрсатилган. АҚШ Миллий фанлар академияси Озиқ-овқат департаменти эса профилактика мақсадида кунига 2,85 грамм “омега-3” ёғ кислоталарни истеъмол қилишни тавсия этади.

Америка кардиология ассоциацияси маълумотларига асосланадиган бўлсак, АҚШда кунига ўртача 1,6 грамм ҳажмда “омега-3” ёғ кислоталарини истеъмол қилиш тавсия этилган, буни таъминлаш учун ҳар бир ёши катта инсонлар юрагини ҳимоя қилиш мақсадида ҳафтасига камида икки марта, йилига камида 20 кг. ёғли балиқ истеъмол қилиши зарур. Кундалик 1 грамм минимал ҳажмдаги “омега-3” ёғ кислоталари истеъмолини таъминлаш учун рационга грек ёнғоғи, зиғир уруғи ва ёғини қўшиш лозим.

Юқорида келтирилган маълумотларга таянган ҳолда шуни айтиб ўтиш жоизки, аҳолининг соғлом овқатланиш соҳасидаги замонавий меъёрларини ўзгартириш учун бир нечта йўналишларда иш олиб бориш лозим. Жумладан, акциз солиғи солиш орқали маргарин ва бошқа ёғларга бой маҳсулотлар ишлаб чиқаришни камайтириш керак. Трансёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига чакана нархнинг минимал миқдорини белгилаш ҳам муҳим ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтганда, инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун. Шу боис “истеъмол саватчаси”ни оптималлаштириш иқтисодий ва тиббий омилларга боғлиқлигини унутмаслигимиз лозим.

Отабек АБДУҒАНИЕВ,

Термиз давлат университетининг молия-иқтисод ишлари бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер