Иссиқхонада банандан мўл ҳосил олинмоқда

18:57 18 Январь 2024 Жамият
294 0

Булунғур туманининг Сариқипчоқ маҳалласида яшовчи Эркин Холмаматов томорқасининг 4 сотихида лимон ва яна 4 сотихида пакана бўйли (карлик), серҳосил навли банан парваришлаб, мўл ҳосил олиб келяпти.

— Дастлаб 4 сотих иссиқхонада 10 туп банан кўчатини эккан бўлсак, айни кунда уларнинг сони 50 тупга етди, — дейди Эркин Холмаматов. — Биринчи теримдан 400 килограмм ҳосил олиб, ҳозиргача 15 миллион сўмга сотдик. Келгусида 50 туп банан ҳосилга кирадиган бўлса, йилига 70 миллион сўмга яқин даромад қилиш имконияти пайдо бўлади.

Банан иссиқсевар мева, совуққа чидамсиз. Шу боис уни етиштиришда ҳарорат 10 градусдан тушиши керак эмас. Сувни жуда яхши кўради. Меваси гуллаганидан кейин, тахминан 3 ойларда пишиб етилади.

Аҳамиятли томони банан етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилмоқда. Иситиш тизими эса кўмирга мослаштирилган.

Шунингдек, хонадоннинг 4 сотихли иссиқхонасида парваришланаётган лимондан ҳар йили 1 тоннага яқин ҳосил саранжомланиб, 30 миллион сўмга яқин даромад олинмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?