Иссиқда “иситмалаб” ётган иссиқхоналар

Фото: Халқ сўзи
Фарғона тумани Миндонобод даҳасида қаровсизликдан қуриб-қақшаб кетган 2,5 гектар майдондаги иссиқхоналар гўёки жазирама иссиқда “иситмалаб” ётган беморга ўхшайди.
Фарғоналик миришкорлар таъбирича, ерга меҳр берсанг, у сенга баракали ҳосил, ризқ-насиба беради. Шу боис ер илми соҳибларининг ҳар бир гиёҳ, ниҳол ва она замин билан суҳбатлашиши ҳақидаги самимий фикрларини кулгига йўймаслик керак.
2020 йили Фарғона тумани Миндонобод даҳасида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 2,5 гектар ерда иссиқхона ташкил этилиб, ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз оилаларга ажратиб бериш кўзда тутилган эди. Эзгу мақсад доирасида иссиқхоналар кам таъминланган, ишсиз, меҳнат миграциясидан қайтганларга 2 сотихдан, жами 125 оилага, 50 фоизи субсидия, қолган тенг ярми АТБ “Туронбанк”нинг имтиёзли кредити эвазига тақсимлаб берилиши режалаштирилди.
Аммо яхши ниятда бошланган ишлар якунига етказилмади. Бугун қурилиши чала қолиб кетган иссиқхоналарнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Пандемия шароитида 125 та оиланинг мушкулини осон қилиб, рўзғорига барака келтириши керак бўлган иссиқхоналар мажолсиз бемор каби қаровга муҳтож бўлиб ётганини қандай изоҳлаш мумкин?
— Лойиҳада тик суғориш қудуғи ўрнатиш кўзда тутилмагани учун иссиқхонадан ҳалигача фойдаланиш имконияти бўлмаяпти,-дейди Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Абдураҳимов. — 2022 йилнинг июнь ойида республика ишчи гуруҳи келиб, вазиятни жойида ўрганди. Муаммони бартараф этиш учун Фарғона вилояти ҳокими топшириғи асосида вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига битта тик суғориш қудуғи ўрнатиб бериладиган бўлди.
Ўз навбатида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2022 йил 24 июнь кунги фармойишига мувофиқ, туманнинг Ямбароқ ҳудудида барпо этилаётган иссиқхонага ҳам 1 дона тик суғориш қудуғи ўрнатиш учун маҳаллий бюджетнинг жорий йил биринчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажрилган қисми ҳисобидан 472 млн. сўм Фарғона тумани маҳаллий бюджетига ўтказиб бериш режалаштирилди.
Айтганча, вилоят ҳокими фармойишида мутасаддиларга мазкур иссиқхона ер майдонлари кам таъминланган, ишсиз, ташқи меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга берилганини қайтадан ўрганиб чиқиш вазифаси топширилди. Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: бу икки иссиқхона ҳақиқатан муҳтож оилаларга берилганми? Унда нега шунча вақтдан буён иссиқхонали бўлган оилалар улардан даромад олишга қизиқмаяпти?
АТБ “Туронбанк” Фарғона вилояти филиали мутасаддиларининг маълум қилишича,бу ерда “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ томонидан иссиқхона қурилиши ишлари олиб борилиб, банк томонидан тегишли кредит маблағи тўлиқ молиялаштириб берилган. Аммо сув таъминоти масаласи охиригача ҳал этилмагани сабабли ўтган давр мобайнида иссиқхонага ёпилган плёнкани шамол учириб кетди, 2,5 гектар ердан бир мисқол ҳам ҳосил олинмади...
Миндонободда Зиёвуддин Саторров яқинда (шу йилнинг май ойида сайлов ўтказилди) маҳалла раиси сифатида иш бошлаган бўлса, Шерзод Норматов маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаётганига ярим йилдан ошди. Лекин ҳар икки масъул ушбу муаммо бўйича ҳали тўлиқ маълумотга эга эмасликларини таъкидлашди.
— Иссиқхоналар ишга тушмаётганининг асосий сабаби сув таъминоти билан боғлиқ, -дейди улар биз билан суҳбатда. — Ҳозирча иссиқхона олган фуқаролар бўйича тўлиқ маълумотга эга эмасмиз.
Хуллас, 2 сотихдан иссиқхона олганлардан бирини топиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.
— Иссиқхонадан умидимиз катта эди, — дейди миндонободлик Рустам Алимов. — Аммо орзуларимиз саробга айланди. Бугунги кунга қадар бу ердан бир сўм ҳам даромад ололмадик. Чунки қандай экин экишдан қатъи назар, қуриб қолади – сув йўқ. Ўзим ҳудуддаги шифер заводида ишлайман, икки нафар фарзандим бор. Ҳозирча кредитни қайтаришнинг имтиёзли даври бўлгани учун кичикроқ суммани бир амаллаб тўлаяпмиз, гарчи иссиқхонадан бир сўм ҳам фойда кўрмаётган бўлсак ҳам. Имтиёзли давр тугагач, иссиқхонадан даромад олишнинг имкони бўлмаса, кредитни қандай қайтарамиз, ҳайронман... На боши, на охири бор бошоғриқ бўлди бу!
Фарғона вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Саиджон Давлатовнинг айтишича, “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бобида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратиш тартиби белгиланган.
Ўрганиш натижасига кўра етказиб берувчи ташкилот, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Шундан сўнг аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан уч томонлама шартнома асосида субсидия ажратиш тўғрисида марказ раҳбарининг буйруғи расмийлаштирилади ва тегишли тўлов амалга оширилади.
Фарғона тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 125 нафар фуқаро учун Фарғона тумани ҳокимининг 2020 йил 25август кунги қарорига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мўлжалланган енгил типдаги иссиқхона барпо этиш учун ажратилган ер майдонига иссиқхона қурилиши учун жами 836 миллион сўмдан ортиқ маблағ (бу маблағ туманнинг яна бир ҳудуди Ямбароқда 2,5 гектар майдонда иссиқхона ташкил этиш учун ҳам субсидия сифатида ажратилган) “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖга молиялаштириб берилган.
Эътиборлиси, Фарғона тумани ҳокимининг мазкур қарорига кўра, ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, белгиланган шакллардаги ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини (3 йил мобайнида ўртача йиллик ҳисобда) ерларнинг нормативдаги кадастр баҳосидан паст бўлмаган даражада бўлишини таъминлаш вазифаси белгиланган. Қарор ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари зиммасида эди. Аммо, юқорида гувоҳи бўлдикки, чала-ярим қолган иссиқхоналар яроқсиз бўлиб ётибди, улардан эса 125 оиланинг ҳеч бири фойдалангани йўқ.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Мақолани тайёрлаш жараёнида маҳаллий ҳокимлик идоралари, банк, молия, бандлик соҳаси мутасадди раҳбарлари билан қайта-қайта боғланишга тўғри келди. Муаммо аниқ, лекин ҳеч ким жавобгарликни, масъулиятни зиммасига олгиси келмайди. Масалага ечим излаётган журналистга эса ёвга қарагандек муносабатда бўлишди. Ваҳолонки, журналист ёки таҳририятнинг мақсади кимнингдир юзига қора чаплаш эмас, муаммонинг асл илдизига бориб етиш, пировардида эзгу мақсадни тўлиқ рўёбга чиқаришга кўмаклашишга қаратилган.
Бир ҳафтадан зиёд вақт давом этган ўрганишларимиз асносида жуда кўп саволлар очиқ қолди. Аммо муҳими бу эмас, муҳими муаммонинг тезроқ ҳал этилиши...
Буниси энди мутасаддиларнинг виждонига ҳавола!
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
- Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди
- Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ҳаво массалари кириб келмоқда
- Китоблар — тафаккур чашмаси
- Қатар Давлати Амири давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг