АҚШ базасига ҳужум ва Бангладешда муваққат ҳукумат (+видео)
Афғонистон ва Ўзбекистон чегараларини сув ювиб кетди
Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара сув тошқини туфайли ювилиб кетган ва у қайтадан аниқланади. Бу ҳақда Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдуллатиф Мансур маълум қилди.
«Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз сув тошқинлари туфайли ювилиб кетди. Муҳими шундаки, биз ўтмиш чегараларини белгилаш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқдамиз ва йигирма кун аввал бу масалани Афғонистон раҳбари билан муҳокама қилдик», деди у.
Унга кўра, Афғонистон раҳбари кўрсатмалари асосида тузилган режа Ички ишлар, Мудофаа вазирлиги, Разведка бош бошқармаси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда янги стратегия бўйича амалга оширилади.
Вазир чегараларни тиклаш бўйича янги стратегия қандай бўлишига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, Абдуллатиф Мансур Афғонистоннинг сув бошқаруви ва энергия ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжини таъкидлаб, бу борада йирик тўғонларни қуриш, сув, шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш орқали ўзини ўзи таъминлашга эришишни мақсад қилганини айтди.
Шунингдек, Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг катта маслаҳатчиси Фаруқ Аъзам сув ресурсларини бошқариш қўшни давлатларга зарар келтирмаслигини таъкидлади.
«Бизнинг ҳеч бир ҳаракатимиз қўшниларимизга зарар етказишга қаратилмаган ва биз қўшниларимизга зарар етказиш учун ўзимизга тегишли улушдан кўпроқ сув сарфлаганимиз йўқ ва шундай қилиш ниятимиз ҳам йўқ», деди у.
Ироққа йўлланган зарба оқибатида америкаликлар яраланди
Душанба куни Ироқ ғарбидаги Айн ал-Ассад авиабазасига иккита «Катюша» ракетаси учирилди. Бу ҳақда Исроқ хавфсизлик хизматидаги икки манба «Reuters»га хабар қилган. Ироқдаги манбалардан бирининг айтишича, ракеталар база ичига тушган. Ҳужум ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши ортидан Эроннинг ўч олиш зарбасими йўқми ҳозирча номаълум.
«Associated Press» ахборот агентлиги АҚШ мудофаа расмийларига таяниб, етти нафар ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли вакиллари жабрланганини айтди. Ҳозирда кўрилган зарар баҳоланмоқда.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ва Исроил мудофаа вазири Ёав Галлант душанба куни телефон орқали гаплашиб, ҳужум хавфи ошиб бораяпти деган фикрга келишди.
Ўтган ҳафта Исроилнинг Байрутга уюштирган ҳужуми натижасида Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг юқори даражали қўмондони Фуад Шукир ҳам ўлдирилган эди. Эронга кўра, АҚШ Ҳания ўлимида Исроилни қўллаб-қувватлаган ва жавобгарликни бўйнига олиши керак. Яҳудий давлати эса ҳозирча жавобгарликни ўзидан соқит қилган.
Ҳар икки томон ҳам кенг қамровли урушга тайёр эмас, деган фикр кенг тарқалган. Аммо кескинлик кучайиши тўқнашув хавфи юқори эканлигини англатади.
АҚШ ва Эроннинг камдан-кам иттифоқчиси бўлган Ироқ 2500 америкалик аскарни ҳудудига киритган.
Бангладеш армияси Бош вазир Шайх Ҳасина қочиб кетганидан кейин муваққат ҳукуматни эълон қилди
Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина ўз ҳукуматига қарши бир неча ҳафта давом этган қонли намойишлар ортидан истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. Энди асосий эътибор Жанубий Осиё давлатини ким назорат қилишига қаратилган.
Армия бошлиғи генерал Вакер-Уз-Замон халққа мурожаатида Бангладешни вақтинчалик ҳукумат бошқариб боришини эълон қилиб, тинчликка чақирди. Йигирма йилга яқин мамлакатни бошқарган Ҳасина 5 август куни вертолёт орқали мамлакатдан чиқиб кетиб, Нью-Деҳли яқинидаги Ҳиндон авиабазасига қўнган. Манбаларга кўра, у Британия паспортига эга синглиси билан Нью Деҳлидан Лондонга учишни режалаштирган.
Душанба куни катта оломон бош вазир саройига бостириб кириб, Ҳасинанинг нутқ сўзлашига тўсқинлик қилди. Намойишларда 300 га яқин одам ҳалок бўлган. Минглаб одамлар бош вазирнинг кетиши ҳақидаги хабардан сўнг кўчаларда байрам қилган.
Намойишлар ўтган ой талабалар норозилигидан бошланган эди. Уларнинг айтишича, бўлиши керак бўлган иш бўлди, энди улар озод. Намойишчилар ҳеч қандай диктатура ёки нотўғри бошқарувга тоқат қила олмасликларини айтишмоқда.
Маҳмуд Аббос Москвага бормоқчи. Нега?
Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг сўзларига кўра, Исроил Ғазога қарши урушни узайтириш учун ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирган.
«Шубҳа йўқки, Ҳаниянинг ўлдирилишидан мақсад урушни узайтириш ва унинг кўламини кенгайтиришдир. Бу тажовузни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш бўйича давом этаётган музокараларга салбий таъсир кўрсатади. Бу қўрқоқлик ҳаракати», деган Фаластин президенти Россия давлат ахборот агентлигига.
Аббос Москвада Владимир Путин билан можарони муҳокама қилишини айтди. У 12-14 август кунлари Россия пойтахтида бўлади.
«Ташрифимиздан асосий мақсад Фаластин ва халқаро майдондаги сўнгги воқеалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш, фикр алмашиш, позицияларни мувофиқлаштириш ва барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат», деб қўшимча қилган Маҳмуд Аббос. Шунингдек, у 14-15 август кунлари Туркияда бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бир қаторда 5 июнь куни Путиннинг юқори даражали мулозими Сергей Шойгу Теҳронда Эрон президенти Масъуд Пезешкиан билан музокаралар олиб борди ва у стратегик ҳамкор ҳисобланадиган Россия билан алоқаларни кенгайтиришга қарор қилганини маълум қилган.
Эрон етакчисининг таъкидлашича, Эрон ва Россия ўртасидаги муштарак позициялар глобал хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлашга олиб келади.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер Шойгунинг Теҳрондаги музокараларига ишора қилиб, Россия Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатишда асосий роль ўйнамаслигини айтган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Ҳотдогдан чўчқа ёғигача: мактаб ошхонасида қандай озиқ-овқатларни сотиш тақиқланган?
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- Элдор Шомуродов «Рома»нинг мавсумдаги дебют голини урди. Италияликлар футболчини «Ўзбек Месси»си деб атамоқда (+видео)
- Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари рекордини ўрнатди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг