Ислоҳотлар тўхтаб қолмайди, аксинча...

18:19 19 Октябр 2021 Жамият
598 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Кейинги йилларда Избоскан туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳудуд тараққиётини янада тезлаштиряпти, десак, муболаға бўлмайди. Буни, жумладан, ишлаб чиқаришдаги натижалар, қишлоқ ва маҳаллалар ободлиги, аҳоли турмуш даражаси фаровонлашиб бораётганида ҳам кшриш мумкин, албатта.

Эътиборли жиҳати, Ватан равнақи, одамлар розилиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда 2-сектор мутасаддилари ҳам фаол иштирок этяпти.

Туман прокурори З. Рустамов раҳбарлигидаги 2-секторда 15 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, улардаги 9422 та хонадонларда 60 минг нафардан ортиқ фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда.

Вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сектор ҳудудида яшовчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг  муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб бориш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилган.

Жумладан, сектор ҳудудида яшовчи жами 1216 та оила “темир дафтар”га киритилиб, уларнинг қарийб 93 фоизи доимий даромад манбаи яратилгани боис дафтардан чиқарилган. Хусусан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда бошқа маблағлар ҳисобидан 325 та оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари,
84 тасига дори-дармон, 98 тасига чорва ҳайвонлари етказиб берилди. 228 тасига нақд пул кўринишида ва 26 тасига бошқа турдаги жами 2 млрд. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

— Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар доимий назоратимизда, — дейди туман прокурори, 2-сектор раҳбари З. Рустамов. — Шунингдек, биринчи босқичда “аёллар дафтари”га киритилган 347 нафар ва “ёшлар дафтари”га киритилган 801 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, уларга тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратиш ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш ҳисобидан барчасини дафтардан чиқарилиши таъминланди.

Хусусан, ушбу мақсадларда тегишли жамғармалар маблағлари ҳисобидан 370 млн. сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилиб, 403 нафарининг бандлиги таъминланди, 203 нафар аёллар ва ёшларга 4 млрд. 372 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Масалан, “Куйганёр” МФЙда яшовчи О. Тўхтаназаровага 2 нафар ногирон фарзандларини даволатиш учун 6,9 млн. сўм, Т. Бўроновага дори-дармон олиш учун 3,5 млн. сўм, “Тошкечик” МФЙда яшовчи Д. Мадаминовага соғлиғини тиклаш учун 1,5 млн. сўм, “Ўртақишлоқ” МФЙда яшовчи Ў. Мирзаевага даволаниши учун 4,5 млн. сўм, М. Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи О. Солиевага дори-дармон олиш учун 835 минг сўм миқдоридаги ёрдамлар кўрсатилди.

Қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногирон болалари бўлган 21 нафар ёлғиз аёлларнинг 19 нафарига тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаниш, дори-дармонлар олиш ва реабилитация воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Ёки ёшларнинг 129 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 36 нафарига деҳқончилик қилиш учун 3,6 гектар ер майдонлари ажратиб берилди, 36 нафарига кредит ажратилди, уй шароитида тадбиркорлик қилиш учун 7 нафарига субсидия ажратилди ҳамда бошқа соҳаларда иш фаолиятини бошланишига эришилгани ҳисобидан жами 208 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Қолаверса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва кўча спортини ривожлантириш мақсадида 70 дан ортиқ оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, сектордаги мавжуд 15 та маҳалларнинг барчасида “Workout” спорт анжомлари ўрнатилди.

Секторда бу борада олиб борилаётган ишлар изчиллик билан давом эттирилиб, 2-босқичда “аёллар дафтари”га киритилган 916 нафар аёлнинг 786 нафарида, “ёшлар дафтари”га киритилган 875 нафар ёшнинг 872 нафарида аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмак бериш доирасида “Қум кўча” МФЙда яшовчи М. Хокимовга, “Юқори Чувама” МФЙда яшовчи М. Хайитоваларга ногиронлик аравачаси етказиб берилди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий ривожлантириш, маҳалланинг ўсиш нуқтасини аниқлаш ҳамда инфратузилмасини яхшилашда белгилаб берилган “маҳаллабай” ва “хонадонбай” асосида иш ташкил этилди.

Хусусан, бунда, биринчи навбатда, 15 та маҳаллада яшовчи аҳолининг муаммолари ва бизнес ташаббуслари ўрганилиб, маҳаллани ривожлантиришнинг драйвер соҳалари аниқлаб олинди. Жумладан, маҳаллаларнинг 2 таси сабзавотчилик, 5 таси шоличилик, касаначилик ва хизмат кўрсатиш ҳамда 3 таси парранда ва чорва ҳайвонларини етиштириш соҳаларига ихтисослашгани аниқланиб, ушбу соҳаларни ривожлантириш борасидаги ишлар тизимли равишда ташкил этилди.

Масалан, Урганжи маҳалласининг ўсиш драйвери сифатида паррандачилик белгиланган бўлиб, 200 та хонадонларга субсидия ҳисобидан жами 10 мингта товуқ етказиб берилиши ҳисобига ушбу оилаларни доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилди.

Лидер тадбиркор сифатида белгилаб олинган “Етти хазина дурдонаси“ ишлаб чиқариш кооперативи томонидан қулайлик яратиш мақсадида ушбу маҳаллада яшовчи фуқаролардан тухумларни йиғиб олиб, сотиб тўловларни амалга ошириш ҳамда аҳолига берилган туҳум ҳисобидан ем маҳсулотларини етказиб бериш тизими яратилди. Бундан ташқари, аҳолини бизнес хоҳиш-истаги борларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва кредит олишига кўмаклашилмоқда.

Хусусан, маҳалалларнинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратилмоқда. Бугунги кунда 95 нафар фуқарога 1 млрд. 906 млн. сўмлик кредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, “Қўғай” МФЙ ўрамида “Анд Голд текстиль” МЧЖнинг корхонаси ишга туширилиши ҳисобига 1200 та, “Бештерак” МФЙда “Ризқ Инвест” МЧЖ ишга туширилиши ҳисобига 200 та янги иш ўрни яратилиб, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. 

Секторда яшовчи “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган 1287 нафар фуқарога ғалладан бўшаган 195,6 гектар ер майдони деҳқончилик қилиш учун ажратилди. Бу эса бандлик масалаларида қўл келди.

Муҳими, Избоскан тумани 2-сектори ҳудудида бу борадаги ишлар бир зумга бўлса-да тўхтаб қолгани йўқ, аксинча, изчиллик билан давом эттирилади.

 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?