Ишсиз йигит-қизлар бандлиги янги тизим асосида таъминланмоқда

15:48 02 Сентябр 2020 Жамият
452 0

Президентимиз раислигида шу йилнинг 20 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилиб, мутасаддиларга уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш вазифаси юклатилди. Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган «темир дафтар»лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида («Ёшлар дафтари»), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида («Аёллар дафтари») рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу топшириқдан келиб чиқиб, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Бектемир туманида ишсиз йигит-қизларнинг «Ёшлар дафтари» шакллантирилди. Ушбу дафтарда қайд этилганларни иш билан таъминлаш, уларнинг фикр ва қизиқишларини ўрганиш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Бугунги кунда туманда банд бўлмаган ёшлар 1 102 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар томонидан тузилган Ишчи гуруҳ ҳамкорлигида уларни иш билан таъминлаш масаласини босқичма-босқич ҳал этиш режалаштирилган.

Шу мақсадда ташкил этилган тадбирда банд бўлмаган ёшларнинг 100 нафарига ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштириш, 50 нафарига «Ишга марҳамат» мономарказида бепул ўқиб, касб-ҳунар ўрганишлари учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, хорижий тилларни ўрганишга қизиққан 100 нафар ёш марказдаги хорижий тил курсларига ҳамда “Thompson school” ўқув марказига бепул таълим олиш учун йўналтирилди. Тадбир доирасида ёшларга мономарказ бўйлаб кичик экскурция ташкил этилиб, бу ерда ўргатиладиган касб-ҳунарлар билан яқиндан таништирилди.

«Ёшлар дафтари»га киритилган вақтинча ишсиз ўғил-қизлар фаолияти ҳар йили сарҳисоб қилиниши кўзда тутилган.

Сўз — тадбир иштирокчиларига

Надима ТОШТEМИРОВА,

«Ишга марҳамат» мономаркази раисининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари:

 Марказимизда таълим олиш ёши чегараланмаган. Бу ерда қурилиш, техник йўналишлар, сервис ва бошқа хилдаги хизмат кўрсатиш соҳаларига доир 22 та касб-ҳунар бўйича ўқитиш курслари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, рус, инглиз, хитой, корейс ва япон тилларини ўргатиш бўйича махсус курсларимиз ҳам бор.

Бугунги ярмаркада туманда кўпроқ тил ва компьютер курсларига талабгорлар кўплиги маълум бўлди. Биз нафақат мурожаатчиларни касб-ҳунарга ўргатамиз, балки ўқув курслари тугагач, ўз танлаган соҳаси бўйича ишлашига кўмак ҳам берамиз. Яқинда аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда иккита янги йўналиш очилди. Булар батлер-официантлик ҳамда ёш болалар учун энага ва кексаларни парваришловчи мутахассис йўналишларидир. Бу каби ишларни амалга оширишдан мақсад қийин даврда ёшларимизни вақтдан унумли фойдаланишга ўргатиш, уларни жамиятга фойда келтирувчи керакли касб-ҳунар эгаси қилиб тарбиялашдан иборат.

Асқар ҲАСАНОВ, Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Ёшлар дафтари»ни шакллантириш илк бор Бектемир туманидан бошланди. Аммо кейинчалик бу хайрли ишни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш режалаштирилган.

Тадбирда ўндан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари билан қатнашди. Иштирокчиларнинг кўпчилиги кран операторлиги мутахассислигида ўқиб, шу йўналишда ишлаш истагини билдиришди. Бунга сабаб юртимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, қолаверса, аёл-қизларимизнинг ҳам бу борада қўрқмай мураккаб вазифаларни бажараётганликлари, десак адашмаймиз. Агентлигимиз ёшлар қизиқишлари ва муаммоларини ўрганишда, улар билан яқин ҳамкорлик ўрнатишда давом этади.

Фарангиз МАХСУМОВА, ярмарка иштирокчиси:

 Шайхонтоҳур тумани Гидрометеорология касб-ҳунар коллежи кадастр йўналишини тамомлаганман. Аммо ўз йўналишим бўйича ишлай олмадим. Яқинда махсус ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, ёшлар билан суҳбат қурди. Шунда мени ҳам вақтинча ишсизлар рўйхатига ёзиб кетишди ва бугун ярмаркага таклиф қилиндим. Касб-ҳунарлар билан танишиб, қандолатчилик бўйича ўқиб, шу йўналишда ишлаш истаги туғилди. Келгусида мономарказда бошқа касб-ҳунарлар бўйича ҳам таълим олишни ният қилдим.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?