Ишни устачиликдан бошлаб, эл назарига тушган тадбиркорга айландим — Насриддин Рашидов
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро вилоятида ишбилармонлик соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириб, ўнлаб фуқаролар бандлигини таъминлаган тадбиркорлар ва турли касб эгалари, хусусан ёшлар ўртасида қизғин учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири “Дўстлик” ордени соҳиби Насриддин Рашидов иштирокида ташкил этилди.
— Ғиждувоннинг Зарангари қишлоғида туғилиб ўсганман,— деди суҳбат чоғида тадбиркор. — Бир муддат тижорат юмушлари билан шуғулланганман, кейин эса Тошкент шаҳрига бориб, “Файз мебель” корхонасида устачиликни ўрганганман. Бухорога қайтиб, мебель дўкони очганман. Шу тариқа оилавий бизнесимиз йўлга тушиб кетди.
Насриддин аканинг саъй-ҳаракати туфайли 2017 йилда Когон туманида жойлашган “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти хорижнинг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланди. Чиқиндини саралаш ва қайта ишлашга ихтисослашган корхонада дастлаб 100, кейин эса яна 200 та иш ўрни яратилди. Бугун корхона ҳатто вилоятнинг энг чекка гўшаси — Қоровулбозор тумани аҳолисига ҳам ўз хизматини таклиф этяпти.
Изланиш, ташаббускорлик, давлатимиз яратиб бераётган қулайликлардан оқилона фойдаланишга интилиш тадбиркорнинг энг яхши фазилатларидан. Н. Рашидов 20 йилдан буён қаровсиз ҳолда ётган “Зарафшон” меҳмонхонасини Бухоро шаҳридаги энг сўлим масканларидан бирига айлантириш ташаббускори бўлди. Индонезиянинг “Sahid” компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 14 миллион АҚШ доллари бўлган инвестицион лойиҳа амалга оширилди. “Sahid- Зарафшон hotel” деб номланган бу гўша эндиликда тўрт юлдузли меҳмонхона мақомида бўлиб, 300 нафардан зиёд иш ўрни яратилган. Меҳмонхонага туташ ҳудудда яқинда “Тунги мобил бозор” барпо этилди. Бу ерда қишда ҳам ям-яшил қиёфа касб этадиган боғ яратилганини айтмайсизми? Тиниб-тинчимас юртдошимиз бу каби имкониятларнинг барчаси туризм равнақига хизмат қилишини таъкидлар экан, истиқболдаги мақсад сайёҳлик кластери барпо қилмоқ эканига эътиборни қаратди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда тўпланганлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар. Учрашув тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида юрган ёшларда мотивация, иштиёқни кучайтиргани билан ҳам самарали бўлди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг