Иш ҳақини ўз вақтида олмаган ўқитувчи маоши ундириб берилди

17:30 02 Август 2022 Жамият
345 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 20 июнь куни фуқаро Ханифахон Бўрибоева Андижон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, 2021 йилнинг февраль ойидан август ойига қадар ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув курсларига жалб қилиниб, тингловчиларни ўқитгани, бироқ ташкилотчилар томонидан унга ваъда қилинган иш ҳақи тўлаб берилмаганидан норози бўлиб, бу масалада ёрдам сўраган. Унинг айтишича, Андижон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ташкил этилган ўқув курсларига вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан жалб қилинган бўлиб, унга ҳар бир ўқув машғулоти учун 245 минг сўмдан иш ҳақи белгиланган. Шундай бўлсада, ўқитувчига ҳозирга қадар марказ томонидан иш ҳақи тўланмаган.

Мурожаатни ўрганиш давомида Андижон шаҳар 4-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг 2021 йилнинг 1 февраль ҳамда 1 мартдаги буйруқлари билан 9 нафар ўқитувчи «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тадбиркорлик ўқув курсларига бириктирилгани, шунингдек, уларга курс тингловчиларини электрон базага тушириш, ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш, рўйхат асосида кунлик давоматни олиб бориш, якуний тест синовларини ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини тарқатиш вазифалари юклатилгани маълум бўлди. Бундан ташқари ўрганиш давомида ўқув курсларида ўқитиш учун бириктирилган ўқитувчиларнинг 7 нафарига «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида ўқув харажатлари шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан қоплаб берилган бўлсада, фуқаро Ханифахон Бўрибоевага келганжа ўқув харажатлари тўлаб берилмагани аниқланди.

Ўрганиш натижасида Андижон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан мазкур фуқарога нисбатан қонунчиликда белгиланган талаблар бажарилмагани аниқланди. Ҳолат юзасидан мазкур марказга ўқув харажатларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, тўлиқ тўлаб беришни сўраб, бажариши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди. Киритилган тақдимнома натижасида Ханифахон Бўрибоевага ишлаган ойлари учун жами 14 миллион 700 минг сўм иш ҳақи белгиланган тартиб ва муддатларда тўлаб берилиши таъминланди.

Азизбек Раупов,
Андижон шаҳар адлия
бўлими бош маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер