Ирсий касалликларнинг 40 фоизига яқини қариндош-уруғлар ўртасида тузилган никоҳлар оқибатида юзага келади — олимлар

09:52 20 Май 2021 Жамият
401 0

Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган. Айниқса, ёшлар ўртасида эрта никоҳ ҳамда яқин қариндошлар орасида тузилган никоҳларнинг олдини олиш, шу орқали оилавий ажримларнинг сонини камайтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Генетик олимлар изланишларига кўра, ажримларнинг энг жиддий сабабларидан бири – бу яқин қариндош-уруғлар ўртасида тузилган никоҳ бўлиб, бундай оилалар фарзандларининг аксариятида маълум бир туғма нуқсонлар учрайди. Маълум бўлишича, ирсий касалликларнинг 40%га яқини қариндош-уруғлар ўртасида тузилган никоҳлар оқибатида юзага келади ва туғилажак болаларнинг саломатлигига жиддий зарар етказиб, уларнинг яшовчанлиги пасайишига сабаб бўлади. Миллат келажагига хавф солувчи 1600га яқин ирсий касалликлар тури мавжудлигини инобатга олсак, уларни барвақт аниқлаш ташхиси малум вақт ва катта маблағ талаб этади.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва миллат келажаги бўлган она ва бола саломатлигига жиддий эътибор қаратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 4 май куни эрта никоҳ ҳамда яқин қариндош-уруғлар ўртасида тузилган никоҳлар оқибатида ногирон ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Республика она ва бола скрининг марказига сўров юборилган эди.

Куни кеча мазкур сўровнома бўйича масъул ташкилот томонидан маълумот тақдим этилди, айни вақтда Қўмита томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлил этилмоқда. Яқин кунларда сайтда Қўмита томонидан бу борада олиб бораётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?