Иқтисодий эркинлик ва очиқлик орқали халқаро эътироф ва халқ фаровонлигини таъминлаш сари

17:08 19 Январь 2021 Иқтисодиёт
531 0

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ўтган йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий соҳаларда эришилган ютуқлар натижасида дунё ҳамжамияти баҳосига сазовор бўлаётган жиҳатларга алоҳида урғу берилди.

Хусусан, «Иқтисодий эркинлик индекси — 2020» (Index of Economic Freedom) рейтингида юртимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди, десак, адашмаган бўламиз.

Халқаро инвестор ва тадбиркорлар учун дунёвий рейтинг ҳамда индексларнинг аҳамияти катталигидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир давлат учун ушбу кўрсаткичларда юқори поғоналарни эгаллаш кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда.

Шу мақсадда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги Фармони дунё давлатларига Ўзбекистон иқтисодиётини очиқ иқтисодиёт сифатида танитиш, умуман, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этяпти.

Кейинги тўрт йил мобайнида эришган ютуқларимизга назар ташласак, Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» кўрсаткичида 19 поғонага, «Бизнес юритиш»да 18 поғонага кўтарилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Айни пайтда мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни юқорилаши замирида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар каби омиллар мужассам.

Таъкидлаш жоизки, «Иқтисодий эркинлик индекси» (Index of Economic Freedom) «Мерос» (The Heritage Foundation) жамғармаси томонидан “The Wall Street Journal” билан ҳамкорликда 1995 йилдан буён эълон қилиб келинади. Ушбу халқаро рейтинг мамлакатларнинг эркин тадбиркорлик, яратилаётган имкониятлар, фаровонлик ва фуқаролик жамиятининг ривожланиш даражаларига баҳо берадиган тизим бўлгани боис республикамизнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ҳамда индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилишга нисбатан замонавий ёндашувни талаб этади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, индекслар иқтисодий эркинлик билан бир қаторда, мамлакат иқтисодий тизимининг эркин иқтисодиётнинг идеал мезонларига қанчалик яқинлигини тавсифлайди. Ушбу идеалликнинг асосий мезонлари қулай макроиқтисодий шароитлар (инфляция, солиқлар ва ҳукумат қарздорлигининг пастлиги), бозорларнинг тўлиқ эркинлиги, давлатнинг иқтисодий операцияларда, шу билан бирга, шахснинг хавфсизлиги ва мулкнинг дахлсизлигини таъминлашдаги ҳамда шартномаларнинг бажарилишида минимал иштирокида намоён бўлади.

Рейтингни ишлаб чиқишда таҳлилчилар 12 омил — эгалик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат жипслиги, солиқ юкламаси, давлат сарф-харажатлари, фискал сиёсат, тадбиркорлик, меҳнат, монетар, савдо, инвестициявий, молиявий эркинликлар каби унсурларни инобатга олади. Ушбу кўрсаткичлар «Қонун устуворлиги», «Иқтисодиётда давлатнинг роли», «Барқарор самарадорлик» ва «Бозор шаффофлиги» каби тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда йиллик индекс ҳисоботида мамлакатларнинг ҳар бири 100 баллик тизимда алоҳида баҳоланади. Ҳар қайси индикатор бўйича берилган баллар тенг кучга эга ва умумий балл 12 та компонентнинг ўрта арифметиги сифатида аниқланади.

80 баллдан 100 баллгача тўплаган мамлакатнинг иқтисодиёти «тўлиқ эркин» ҳисобланади, 70,0 — 79,9 балли давлатлар «нисбатан эркин» баҳога муносиб кўрилса, 60,0 — 69,9 балл «мўътадил эркин»ликни, 50 — 59,9 балл «нисбатан эркин эмас»ни ва 0 — 49,9 балл «тўлиқ эркинлик йўқ»лигини англатади.

Мазкур индекс давлат органлари томонидан ва Жаҳон иқтисодиёт форуми, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, “Credendo Group”, “Transparency International” каби халқаро тузилмалар рейтингларида эълон қилинган очиқ маълумотлар асосида тузилади. Хусусан, «Иқтисодий эркинлик индекси — 2020» ҳисоботида 2018 йилнинг 1 июлидан 2019 йилнинг 1 июлигача бўлган даврга оид манбалар базаси асос қилиб олинган.

Ўзбекистон бу галги таҳлилда 57,2 балл йиғиб, аввалги рейтингга нисбатан 26 позиция юқорига кўтарилди ва 114-ўринни банд этди. Кейинги уч йилга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизнинг бу борадаги натижаси +38 ижобий кўрсаткични қайд этган. Бошқача айтганда, 2018 йилда республикамиз 152-ўринда эди.

Баҳо ҳисобида Ўзбекистон рейтинги +3,9 баллга яхшиланди. Юртимизда иқтисодий эркинликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар ўсиш суръати Осиё — Тинч океани минтақаси мисолида таҳлил қилинса, республикамиз Вануату (+4,3), Қозоғистон (+4,2) билан бирга юқори учликда эътироф этилган. Кейинги ўринларни Вьетнам (+3,5) ва Малдив ороллари (+3,3) эгаллаган. Мазкур минтақада Ўзбекистон 42 давлат ичида 10 поғона кўтарилиб, 26-ўринга жойлашган. Шу билан бирга, МДҲ таркибида «Иқтисодий эркинлик» рейтингида иккинчи ўринда ўзининг позициясини яхшилаётган давлат ҳисобланади.

2017 йилга қадар Ўзбекистоннинг «Иқтисодий эркинлик» рейтинги 50,0 баллдан ошмаган бўлиб, «тўлиқ эрксизлик», яъни иқтисодиёти репрессиядаги давлатлар қаторида бўлган. Ушбу рейтинг асосида баҳо берадиган етакчи экспертларнинг фикрича, 2017 йилдан ЯИМ реал ҳажмининг ўсиши айнан охирги йилларда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси ўлароқ таъминланган.

Хусусан, бош офиси Лондонда жойлашган, йиллик тиражи 1 миллионга яқин ва халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлган “Financial Times” газетасининг маълумотларига кўра, “...қаттиқ валюта назоратининг ўрнатилганлиги, кенг тарқалган коррупция ва бошқа турли муаммолар хорижий ва маҳаллий инвесторлар қўрқувига сабаб бўлаётган эди. ...Президент Шавкат Мирзиёев катта ислоҳотларни бошлаши билан халқаро ҳамжамиятни ларзага келтирди. Сиёсий маҳбуслар озод қилинди, валюта сиёсати эркинлаштирилди ва сиёсий баҳслар рағбатлантирилди».

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонида келтирилган бешта устувор йўналишнинг такомиллаштирилиши, жумладан, самарали бошқарув, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ҳамда валюта сиёсатини либераллаштириш, нақд пул муаммосини ҳал қилиш, ижтимоий тараққиёт ва очиқ ҳамда конструктив ташқи сиёсатни ривожлантириш йўлида олиб борилган ижобий ўзгаришлар ўз маҳсулини бермоқда.

Сўзимиз исботини Халқаро валюта жамғармасининг дунё иқтисодиёти ривожланиши юзасидан 2020 йил 28 апрелда келтирган прогнозида кўришимиз мумкин. Унга биноан МДҲ таркибида, яъни Россия, Арманистон, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистон республикаларидан фарқли равишда Ўзбекистон иқтисодиёти саноқли давлатлар қаторида 2020 йил 1,8 фоизга, 2021 йилда эса 7 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Хусусан, дунё иқтисодиёти ўртача 2020 йилда 4,4 фоиз пасайиши ҳамда 2021 йилда 5,2 фоиз ўсиши кутилмоқда. Ривожланган давлатларга назар ташласак, 2020 йилда АҚШ иқтисодиёти 5,9 фоиз, Евро ҳудуди — 7,5 фоиз, Япония — 5,2 фоиз пасайиши кутиляпти.

Юртимизда «Иқтисодий эркинлик» индекси учун мезон сифатида олинадиган 12 кўрсаткичнинг 11 тасида ижобий ўзгаришлар кузатилган. Ушбу натижаларга катта ҳисса қўшган мезонлар молиявий эркинлик билан инвестицион эркинлик кўрсаткичлари ҳисобланса, афсуски, суд жараёнининг самарадорлиги каби кўрсаткичдан салбий натижага эришганмиз.

Албатта, 2020 йил коронавирус пандемияси билан тарихда қолди. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, COVID-19 пандемияси ва у юзага келтирган инқироз бутун жаҳон ишлаб чиқаришида 9 триллион АҚШ долларига тенг йўқотишларга, 500 миллиондан ортиқ иш ўринларининг қисқаришига сабаб бўлди. Афсуски, ушбу салбий ҳолат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида “...бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Аммо халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз», деб таъкидлади.

Мухтасар айтганда, глобал пандемия талафотларини тезроқ матонат ва бирдамлик билан енгиб ўтишимиз нафақат «Иқтисодий эркинлик» рейтингида, балки бошқа турли халқаро рейтингларда янада ижобий натижаларга эришишга замин яратади.

Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?