Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш – келажак учун инвестиция

20:26 22 Июнь 2022 Жамият
699 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда оила институтига оид таклифлар барчани бир зум бўлсада, миллатимизнинг бугуни ва эртаси ҳақида мушоҳада қилишга мажбур қилди, десак адашмаймиз.

Мазкур таклифларнинг мазмун-моҳияти ҳақида Тошкент давлат юридик университетининг Конституциявий ҳуқуқ кафедраси мудири Бекзод НАРИМАНОВ билан суҳбатлашдик.

 Давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйишимиз керак деган ғоя янгради, – дейди Бекзод Нариманов. – Мамлакатнинг келажаги сўзсиз ёш авлоднинг тарбияси ва тараққиёти билан боғлиқ. Ёш авлоднинг камоли, келажагига эса оилада онанинг, яъни хотин-қизларнинг не чоғли саводхон ва тадбиркор экани ҳам таъсир қилиши шубҳасиз. Юртимиз аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканини инобатга олган ҳолда, мазкур қатламнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.

Тадқиқот ишлари билан машғул, янги замонавий лойиҳалар устида ишлаётган изланувчан, иқтидорли ёшларни янада рағбатлантириш, инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқларига кенг жалб этишда уларнинг салоҳиятидан тўғри ва самарали фойдаланиш, энг муҳими, аҳолининг энг ҳаракатчан, серғайрат қатлами вакилларининг имкониятини тўғри баҳолашда амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш устувор вазифа деб ўйлайман.

Ҳозирги куннинг муҳим муаммоларидан бири илмий талабчан тармоқларни кўтариш ҳисобидан жаҳон бозорида рақобатдошликка эришиш учун инновацион ривожланиш йўлига ўтишдир. Халқона айтсак, инновацияни ривожлантириш билангина иқтисодиётга инвестиция оқимини кўпайтириш мумкин.

Давлат арбоби Бенжамин Франклин ёзганидек, «Илм-фанга қилинган инвестиция энг яхши дивидендлар тўлайди».

Фан, инновация ҳар бир Ренессанснинг пойдеворидир. Бугунги дунёда рақобат тобора кескин тус олмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби даврида рақобатбардош бўлиш фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш билан боғлиқ.

Инновация – бу бугун хоҳишга боғлиқ ихтиёрий қарор эмас. Бу – зарурият, давр талаби, мамлакат, жамиятнинг тақдирини ҳал қилувчи, ҳаёт-мамот масаласидир. Илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш, бундан ташқари, фанлараро интеграцияни ривожлантириш зиёлилар олдида турган энг муҳим вазифалар сирасига киради.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда ЯИМнинг 50-70 фоизига яқини янги технологиялардан фойдаланиш орқали эришилаётганининг ўзи барча соҳани рақамлаштириш аҳамиятини кўрсатиб турибди.

Инновацион ривожланишни таъминлаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлашни янги босқичга кўтариш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда олий таълим қамровини изчил ошириш, олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сонини кўпайтириш, илмий муассасалар мустақиллигини таъминлашни тақозо этади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, «ахборот жамияти» деб номланган илғор мамлакатлар сафига кирмоқчи бўлган ҳар қандай давлат олий таълим қамровини камида 60-90 фоизга чиқариши талаб этилади. Мисол учун, Германия ва Францияда фуқаролар учун профессионал таълим муассасаларида таълим олиш бепул таъминланади. Францияда олий таълимда бир ўқув йили учун тўлов мамлакатда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас. Буюк Британияда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун таълим муассасаларида бепул ўқиш имконияти ҳамда ижтимоий таълим кредитлари билан таъминлаш тартиби ўрнатилган. АҚШда бундай талабаларга кўплаб ННТлари ва бошқалар томонидан грантлар ажратиш амалиёти мавжуд.

Бугунги кунда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд имтиёзларни келгусида ҳам сақлаб қолиш учун мазкур қўшимчалар керак. Иқтидорли ёш деганда фақат аъло баҳоларга ўқийдиган ёки спорт соҳасида маълум бир ютуқларга эришган ёшларимиз эмас, балки тадбиркорлик, ҳунармандлик ёки фермерликда ҳам яхши натижаларга эришган ёшларимиз, ўз соҳасининг устаси бўлган ёш авлод эътибордан четда қолмаслиги айтилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя Бош қомусимизга киритилса, йигит-қизларнинг муаммолари ҳеч қачон давлат идоралари кун тартибидан четда қолмаслигини кафолатлайди.

Ўйлайманки, ушбу ташаббус янги Ренессанс бунёдкорлари бўлмиш иқтидорли ёшлар учун янги имконият ва имтиёзлар эшигини очади.

Муштарий ОРТИҚОВА ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер