“International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” МЧЖдан жабр кўрганларга маблағлари қайтариб берилади

17:53 14 Сентябр 2021 Жамият
595 0

Архив сурат

“International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” МЧЖдан зарар кўрган фуқароларга маблағлари қайтариб берилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати томонидан маълум қилинди.

Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 15.06.2021 йилдаги ижро варақасига асосан “International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахслари Ш.Абдураҳмонов ва бошқаларнинг жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан хатланган 1,9 млрд. сўм пул маблағлари ҳамда жами 13,7 млрд. сўмлик мол-мулкларни 1.300 нафар ундирувчиларга етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси иш юритувига келиб тушиб, ижро иши қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида хатланган пул маблағларини Бюронинг Тошкент вилояти бўлими депозит ҳисоб рақамларига ўтказиш юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиниб, ушбу пул маблағлари депозит ҳисоб рақамида жамланган.

Ҳозирда мазкур хусусий бандлик агентлигидан жабрланган 299 нафар фуқаролар мурожаат қилиб, ўзларига тегишли ҳисоб рақамлар ҳақидаги маълумотларни тақдим қилишган.

Ариза топширган фуқаролардан жами 484 нафар фуқароларга 1,1 млрд. сўм тақсимланган пул маблағлари ўтказилиши таъминланди.

Жамиятдан жабр кўрган фуқароларимизнинг аксарияти вилоятларда яшашлигини инобатга олиб, уларга янада қулайлик яратиш ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида, ишчи гуруҳга +998 33 086-61-31 рақамига Telegram мессенжери  орқали жабрланувчилар ҳақидаги (паспорт нусха, пластик карточка, банк реквизитлари ва илтимоснома) маълумотларни юборишингиз сўралади.

Бундан ташқари, бевосита Бюронинг Тошкент вилоят бошқармасига ҳафтанинг душанба — жума кунлари соат 09-00 дан 18-00 га қадар келиб мурожаат қилишлари ҳамда қўшимча маълумот учун 71-231-68-89 ва 71-263-53-13 рақамлари орқали боғланиш мумкинлиги маълум қилинади.

Шунингдек, жабрланган ўз маблағларини олиш учун ҳудудий МИБ бошқармаларига ҳам мурожаат этишлари мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?