Интеллектул мулк ҳуқуқи таъминланади

22:06 08 Август 2022 Жамият
325 0

Бугунги технологик тараққиётда интеллектуал мулк ҳар бир давлат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Интеллектуал мулкни рағбатлантиришга доир нормалар Асосий қонунимиздан ҳам ўрин олган. Хусусан, амалдаги Конституциямизнинг 36-моддасида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади” деб белгилаб қўйилган.

Конституциявий қонун лойиҳасининг ушбу моддасига “Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга” деган норма киритилмоқда.

Бош қомусимизнинг аввалги таҳририда моддий мулк назарда тутилган бўлса, таклиф этилаётган таҳрирда моддий мулк билан бир қаторда интеллектуал мулк ҳам назарда тутиляпти.

Албатта, юртимизда “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам бор. Ушбу қонуннинг ишлаш механизмларини ташкил этувчи ҳукумат қарорлари ишлаб чиқилган ва имзоланган.

Энди қонунларда акс этаётган интеллектуал мулк масаласи Конституциямиз билан мустаҳкамланмоқдаки, бу биринчидан, интеллектуал мулкнинг яратувчиси бўлган олимлар, ихтирочи ва ижодкорларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояси бўлса, иккинчидан, улар яратган интеллектуал мулкка бўлган адолатли муносабатдир.

Зеро, дунё бўйича энг қимматбаҳо мулк – бу интеллектуал мулкдир. Замонавий дунёда интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Номоддий активлар улуши 1975 йилда 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 90 фоизга кўтарилиб, уларнинг тахминий қиймати 21 триллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ҳозирги кунда интеллектуал мулк Европада ЯИМнинг 45 фоизини, Хитойда 12 фоиз, Россияда 7 фоизини ташкил этади. Лекин Ўзбекистонда интеллектуал мулкни тижоратлаштириш даражаси жуда паст. Ушбу ҳуқуқни Конституциявий даражада эътирофини амалга оширмасдан туриб, самарали иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаш қийин.

Келажакда биз учун энг кўп фойда келтирадиган жиҳат ҳам айни шудир. Сабаби келгусида бизнинг интеллектуал маҳсулотларимиз, ихтироларимиз дунё бозорларини эгаллаши керак. Агар олимларимиз томонидан яратиладиган ихтиролар жаҳон илмий майдонларининг марказидан жой эгалласа ва бутун жаҳон улардан илмий-техник тараққиёт йўлида фойдаланса, мамлакатимиз учун бу нарса оддий обрў-эътибор эмас, балки улкан даражада манфаат келтиради.

Умуман олганда, бугунги замонавий дунёда интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш ғоят муҳим. Конституциямиздаги ушбу ўзгариш келгусида интеллектуал мулк объектларини (ихтиролар, асарлар) кўпроқ яратишга замин яратади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер