Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижаларини жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг қўшимча қиймат билан реализация қилинишини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулкни ишончли тарзда ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда. Бундан ташқари, интеллектуал мулкнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Ушбу ҳужжат билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиши мумкин. Бунда товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади.
Таъкидлангандек, Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг сифатини оширишга, шунингдек ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига ҳамда интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.



Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг