Инсоният яратган мўъжиза

18:10 27 Сентябр 2022 Жамият
322 0

Фото: Халқ сўзи

Қайсидир йили японлар мактаб ўқувчилари ўртасида «инсоният яратган мўъжиза» мавзусида сўров ўтказишган экан. Кимдир космоснинг забт этилишини айтса, бошқа бировлари эса компьютер, гаджет ва ҳакозa техника тараққиётида эришилган ютуқларни санашибди. Бироқ, ҳеч ким кутмаган жавобни бериб, «инсоният яратган мўъжиза бу китобдир» деган ўқувчи танловда ғолиб, деб топилибди.

Ҳақиқатан ҳам инсоният ўз тараққиётида эришган ютуқларни китобсиз тасаввур этиш мушкул. Kитоб ҳамма давр ва барча халқларнинг энг улкан кашфиёти сифатида ўзининг мўъжизакор ва сеҳрли кучи билан неча-неча авлодларга маънавият ва маърифат зиёси тарқатиб келмоқда. Шу зиё ёғдусидан тараққиёт одими илдамлаб, бир олим, бир мутафаккир, бир аллома бутун умрини бағишлаб, яратган янгилиги, тафаккури, китоб орқали бугунги авлод онгу-шууридан жой олмоқда. Аҳли донишнинг “Китоб ҳаётнинг энг олис ва қоронғу йўлларига нур бахш этган афсонавий чироқдир», деган таърифида айни ҳикматлар мужассам.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини, айниқса ёшларни китобга ошно этиш мақсадида китобхонликни тарғиб қилиш билан бирга, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, китобхонликда эришилган ютуқларни рағбатлантириш борасида қатор ибратли тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида аҳолининг кўзи ожиз қатлами манфаатлари ҳам тизимли равишда ҳимояланиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига кўра биргина Навоий вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманларида жорий йил вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

— Кутубхонамизга 1973 йил асос солинган, — дейди кутубхона директори Бахтиёр Абдуллаев. — Республикамиз Президентининг 2006 йил 20 июндаги «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида 2007 йилнинг 1январидан бошлаб вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси мақоми берилган.

Муассасамиз кўзи ожиз китобхонлар билан биргаликда аҳолининг барча қатламига ҳам бирдай хизмат кўрсатади. Китобхонларга 4 турдаги, яъни брайл нуқтали ёзувидаги китоблар, ясси ҳарфли, гапирувчи ҳамда электрон диск шаклидаги китоблар орқали хизматимизни таклиф этамиз. Китоб фондимиз 24333 дона бўлиб, шундан брайл нуқтали ёзувидаги китоблар 5448 та, ясси ҳарфли адабиётлар 15495, гапирувчи адабиётлар 2646, электрон дисклар 744 донани ташкил қилади.

Қўшимча қилиш жоиз, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига кўра 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган туман (шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиаллари ташкил этиш белгиланган. Шу асосда бугун вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг жами 5та, яъни Навоий шаҳри ҳамда Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота, Хатирчи туманларида филиаллари фаолияти йўлга қўйилган.

— Шу билан бирга чекка ҳудудларда яшовчи кўзи ожиз китобхонлар учун 2022 йилда 24 та кўчма кутубхона хизмати йўлга қўйилди, — дейди кутубхона директори ўринбосари Бобир Эргашев. — Ёши улуғ имконияти чекланган китобхонларнинг хонадонларига кутубхона ходимлари томонидан китоб билан бирга босма матбуот ва аудио ёзувидаги дисклар етказилиб берилмоқда. Шунингдек, кўзи ожиз ногиронларга замонавий, қулай кутубхона хизматини кўрсатиш мақсадида кутубхонамизда махсус хона ажратилиб, унда китобхонлар учун кутубхона фондидаги барча аудио китобларнинг электрон нусхалари туширилган 2та компьютер жамланмаси ўрнатилган. Компьютерлар махсус JAWS дастури, интернет тармоғи ҳамда қулоқчинлар билан таъминланган.

Шунингдек, зиё масканида йил давомида муҳим саналарга бағишлаб учрашувлар, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари муносабати билан адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари, ижодкор ёшлар ўртасида кўрик танловлар ўтказиб келинмоқда.

— Республика Маданият, Халқ таълими ҳамда Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг қўшма қарорлари билан тасдиқланган Низом асосида, ногиронлиги бўлган китобхонлар ўртасида «Энг яхши китобхон оила», «Брайл ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон», «Энг фаол китобхон» кўрик-танловлари ташкил этилиб, ғолибларимиз Республика босқичларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда, — дейди Бахтиёр Абдуллаев.  — Хусусан, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 18 апрелидаги куни «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳридаги Нурли маскан ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилар ўртасида китобхонлик беллашуви ўтказилди. Унда турли ёшдаги мактаб-интернат ўқувчиларининг ижодий қобилиятлари синовдан ўтказилиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан диплом ва китоблар тўплами билан мукофотланди.

Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси экан, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ уйғотиш орқали имконияти чекланган юртдошларимизни фаолликка жалб этиш энг савобли тадбирлардан бўлиб, унинг самараси мўъжизаларга ҳар доим йўл очади.

Темур ЭШБОЕВ,  «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?