Инсон саломатлиги билан боғлиқ узоқ кутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

12:05 19 Сентябр 2021 Жамият
664 0

17-18 сентябрь кунлари Навоий вилоятининг Хатирчи, Қизилтепа туманларида ҳамда Навоий ва Зарафшон шаҳарларида шифокорлар, соҳа мутахассислари, инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантациясига муҳтож, бундай амалиётни ўзида ўтказдирган беморлар, МФЙ ва ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди.

Мазкур тадбирларда Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари томонидан инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилишнинг муҳим жиҳатлари, соҳани тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, жорий йилги Давлат дастурида туманларда тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган туманлараро ангиожарроҳлик марказларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу марказлар босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Бу марказлар аҳолига юқори технологик жарроҳлик амалиётини узоққа бормасдан туманнинг ўзида амалга ошириш имконини яратади.

Чунки бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам аъзолар ва тўқималари трансплантация қилинишига муҳтож бўлган минглаб беморлар мавжуд. Жумладан, 500 нафар бемор жигар, 1 500 нафар бемор буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги аниқланган. Қолаверса, юрак, ўпка трансплантациясига муҳтожлар ҳам бор. 

Зарафшон шаҳар, Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмаларида ўтган тадбирда йиғилганлар томонидан яқинга қадар туман ҳудудида гемодиализ ускунаси бўлмагани туфайли беморлар бундай хизматни олиш учун Навоий шаҳрига боришга мажбур бўлгани, жорий йилда ҳудуддаги тиббиёт муассасасига гемодиализ аппаратининг олиб келингани аҳоли оғирини енгил қилгани таъкидланди.

–Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Ҳозирги кунда мазкур лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш мақсадида мутахассислар, экспертлар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ўтказилмоқда, – ­дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зумрад Бекатова.­ –Мазкур амалиёт эса биринчи навбатда, парламентда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашга, ушбу қонунларнинг ҳаётга самарали жорий этилишини ҳамда қонун нормаларининг халқчиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Давра суҳбати давомида ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳаси ҳамда мамлакатимизда трансплантологияни ривожлантириш бўйича жамоатчилик вакиллари муносабатини ўрганиш юзасидан аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди. Унда 500 дан ортиқ респондентлар иштирок этди.

Айтиш жоизки, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган бундай тадбирлар ҳали давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?