Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш ва бошқа қатор чора-тадбирларни ўз ичига олган Давлат дастури халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда обдан муҳокамадан ўтказилиб, сўнгра қабул қилиниши анъанага айланди.
Мазкур амалиёт, аввало, халқ билан мулоқот тамойили асосидаги ислоҳотларимизнинг амалдаги натижаси, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, халқимиз ўз тақдири ила боғлиқ бўлган ҳар бир концептуал ҳужжат билан танишиб чиқиши лозим. Бу юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириши билан бирга, шу заминда яшаётган фуқароларда ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини уйғотмоқда.
Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Давлат дастуридаги энг халқчил ғоялар аҳоли билдирган таклифлар асосида вужудга келганини кўриш мумкин. Шу боис халқимизнинг ушбу жараёнлардаги фаоллиги йилдан-йилга ошиб бораётир.
Хусусан, “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ҳам айни кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2023.strategy.uz ҳамда davlatdasturi.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳужжат лойиҳаси жами етти йўналиш ва 309 та банддан иборат бўлиб, унда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар, вазирлик ҳамда идораларнинг 2023 йилда тегишли соҳаларда амалга оширадиган муҳим чора-тадбирлари назарда тутилган.
Аёнки, кейинги йилларда халқ билан мулоқот тизими самарали йўлга қўйилди. Фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим деб билган ҳар бир масалани кўтариб чиқиб, масъуллар эътиборини ушбу муаммолар ечимига қаратмоқда. Худди шундай, айни кунларда ушбу лойиҳанинг ҳар бир банди бўйича ҳам фуқаролар ўз фикр-муносабатларини, таклифларини билдиришмоқда.
Яна бир гап. Бугун мамлакатимизнинг барча соҳасида рақамлаштириш жараёнлари кечмоқда. Мақсад шаффофлик, очиқликни таъминлаш, энг муҳими, фуқароларимизнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш, мушкулини осон қилишдан иборат. Шу боис Давлат дастурининг биринчи йўналишида электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.
Ҳозирги кунда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш 55 фоизни ташкил қилаётган бўлса, Давлат дастурида бу кўрсаткични 77 фоизга олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу борада энди махсус қурилмалар асосида давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари кириб келмоқда.
Эътиборни тортадиган яна бир қулайлик — талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш масаласи билан боғлиқ. Яъни эндиликда талабалар мобиль иловалар орқали my.gov.uz сайтига кириб, ётоқхоналарга навбатга туриш имконига эга бўляпти. Бу, албатта, ёшларга ҳар томонлама қулай имконият яратади.
Маълумки, глобаллашув жараёнининг тезлашиши барча соҳада рақобат муҳитини янада кучайтираётир. Замонавий дунёда интеллектуал билим давлатлар тараққиётида тобора муҳим ўрин эгаллаяпти. Бундай шароитда сифатли билим беришга асосланган таълимгина мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлай олади. Ушбу жараёнда ностандарт, креатив ҳамда танқидий фикрлайдиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашга талаб бундан-да ортади. Бу эса бевосита таълим сифатини ошириш билан боғлиқ узлуксиз жараёндир.
Шу боис ҳам мамлакатимизда кейинги йилларда таълим сифатини ошириш давлат сиёсати даражасига чиқди. Давлат дастури лойиҳасида ҳам айнан таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни мактабгача таълим, мактаб таълими ҳамда профессионал таълимни янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, профессионал таълим тизимини равнақ топтириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантларини коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратиш, натижада жорий йилда мазкур шаклдаги давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилиниши белгиланган.
Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ҳамда бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди. Буни биз жаҳоннинг ривожланган давлатлари — Германия, Швейцария, Австрия тажрибасида ҳам кўришимиз мумкин.
Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланган.
Бунинг натижасида 76 та мактабда француз тили, яна шунчасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ҳамда 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.
Ҳужжат лойиҳасида умумий ўрта таълим муассасаларининг 1 — 4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш таклифи киритилган бўлиб, ушбу вазифаларни амалга ошириш жараёнида педагогик олий ўқув юртлари ҳам мазкур жараёнга тезроқ тайёргарлик кўриши зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки бунинг учун ишлаб чиқилган дарсликлар намуналари соҳавий олий таълим муассасаларига ҳам берилиши ҳамда улар, ўз навбатида, бунга жадал тарзда тайёргарлик кўриш лозим бўлади.
Шу ўринда олий таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида айрим масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб биламиз.
Биринчидан, тегишли олий таълим муассасаларида муҳандислик ҳамда техник таълим соҳаларини ривожлантириш учун таълим дастурларининг хатловини олиб бориш лозим.
Иккинчидан, жаҳон тажрибаси асосида замонавий таълим дастурини ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларида “Робототехника ва сунъий интеллект” ўқув марказлари, масофавий таълимни ривожлантириш ўқув лабораторияларини ташкил қилиш айни муддаодир.
Учинчидан, эндаумент фондларини ташкил қилиш орқали олий таълим муассасаларини ривожлантиришда уларнинг ролини ошириш ғоятда муҳим.
Албатта, бу каби ғоя ва таклифлар эртамиз эгалари бўлган ёшларни келгусида жаҳон стандартларига жавоб берадиган, интеллектуал билим ва салоҳиятга эга, креатив фикрлайдиган, рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишида ўз самарасини беришига ишонамиз. Айни чоғда Давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилаётган мақсад ҳамда чора-тадбирларнинг ҳар бири ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этилишига эса барчамиз бирдек масъулмиз.
Санжарбек ДАВЛЕТОВ,
Урганч давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, тарих фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
- Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг