Инсон манфаатларини таъминлаш — асосий мақсад

20:23 08 Сентябр 2021 Жамият
433 0

Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳада кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар, тизимли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бунга кўз гувоҳ. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Албатта, мазкур жараёнларда республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилоти — касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. 

Хусусан, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан Тошкент шаҳар Кенгаши тармоқ тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, саломатлигини мустаҳкамлаш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Бугунги кунда ушбу тармоқ тизимидаги 212 та ташкилотни касаба уюшма хизматига олган бўлиб, уларда меҳнат қилаётган 116 минг 524 нафар ходимни ўз атрофида бирлаштирган. 

Жамоа шартномаларида белгиланган меъёрлар, ходимлар учун кўзда тутилган имтиёз ва кафолатлар ижросини таъминлаш масаласи тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий диққат-марказида. Чунки, мазкур локал ҳужжат тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. 
Таъкидлаш жоизки, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашиб фидойилик кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож соҳа вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватланяпти. 

Хусусан, ушбу тоифадаги ходимларнинг 1400 нафар фарзандига янги ўқув йили арафасида «Касаба уюшмалари — болаларга» ижтимоий акцияси ташкил этилиб, уларга турли ўқув қуроллари ва дарсликлар ҳадя этилди. Бу акцияга пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари, сиҳатгоҳлар ходимларининг фарзандлари ҳам қамраб олинди. 

— Олдимизда турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Тошпўлатова. — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII-Қурултойида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кенгашимиз фаолиятида ҳам тубдан такомиллаштириш ишларини амалга оширдик. Айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларни меҳнат аҳлининг ҳақиқий суянчи бўлишлари йўлида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Пандемия шароитида соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси доимий эътиборимизда. 

Шунингдек, соҳа ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этиш, ходимлар ҳамда улар оила аъзоларининг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, турли спорт тадбирлари ташкил этиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлигига эришиш масалаларига ҳам устуворлик касб этяпти. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши кўплаб янги ижтимоий лойиҳалар устида иш олиб бораётир. Бу нодавлат тиббиёт муассасаларини тўлиқ касаба уюшма хизмати билан қамраб олиш, уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибордан дарак беради. 

Муҳаббат ЎРМОНБEКОВА, 
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 
Матбуот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер