Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди

22:19 12 Август 2022 Жамият
655 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А. Саидов кириш сўзи билан очди. Бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 7 июнь куни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган эди.

Дастлаб йиғилишда ушбу конвенциянинг қоидалари ижросини таъминлаш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган “2022 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси” (“Йўл харитаси”) лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Миллий ҳаракатлар режасини тузишда барча давлат органлари, хусусан, мамлакатдаги фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этди. Ушбу масала парламент комиссиясида кўрилгач, Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳамда Сенат Кенгашининг қўшма йиғилишларига киритиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда кун тартибидаги иккинчи масала — 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ижроси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, “Йўл харитаси”га оид 78 банддан 64 та банд бўйича ишлар бажарилган. 12 та банд бўйича ишлар давом этаётган бўлса, 6 та банднинг муддати узайтирилган. Миллий стратегияда белгиланган 33 қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг 19 таси қабул қилинган ҳолда, 14 тасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Парламент комиссияси йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган ва бажарилмай қолган бандларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу масалада сусткашликка йўл қўймаслик ва ушбу ҳужжат ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини бевосита Парламент комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи — ўн иккинчи даврий марузаларини кўриб чиқиш якунларига кўра БМТ ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича Миллий ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Миллий марказ томонидан “Камситишга йўл қўймаслик ва тенглик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қолаверса, этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрланган ҳолда уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Комиссия йиғилишида Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2022 йил биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий ахбороти эшитилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматованинг маълум қилишича, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан жорий биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 156 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Мазкур ташрифлар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилган.

Йиғилишда шунингдек, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусованинг жорий йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама имконият яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўқиши, малакали тиббий ёрдам қабул қилиши учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда.

Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларидан, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 325 та мурожаат келиб тушган ва улар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 48 та мурожаат идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган бўлса, 189 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Шунингдек, Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан давлат ташкилотларига 38 та сўровлар юборилган. Энг муҳими, ҳисобот даврида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчиларга ота-оналаридан 389,3 миллион сўм алиментлар ундириб берилди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер