Инсон ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши керак

10:17 10 Ноябрь 2020 Жамият
239 0

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 20 август куни мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Жойларда видеоселекторда олға сурилган кўрсатмалар ижросини таъминлаш юзасидан ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосида бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан ҳам маҳаллий ҳокимликлар томонидан «Темир дафтар», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтари таркибига киритилган, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилди. Мисол учун, Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи Гулбаҳор Ибрагимовага тикув машинаси совға қилинди.

— Икки нафар вояга етмаган фаразандим бор, — дейди Гулбаҳор Ибрагимова биз билан суҳбатда. — Турмуш ўртоғим ногирон бўлиб қолгач, тўшакка михланиб қолди. Доимий эътиборга муҳтож бўлгани боис фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўла олмадим. «Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан тикув машинаси тақдим этилгач, уйда ўтириб ҳам даромад топиш имконига эга бўлдим. Имкониятимни ҳисоблаб кўрсам бир ойда 1 миллион сўм маблағ ишлаб топишим мумкин экан. Бундан ташқари, жамиятнинг Қорасув шаҳар бўлимига фаррош вазифасига ишга қабул қилишди. Бу эрталабки бир соат вақтимни банд этгани боис болаларим ва турмуш ўртоғим учун ажратадиган вақтимга салбий таъсир этмаяпти. Бир сўз билан айтганда, жамият кўмаги билан ҳам ишли, ҳам қўшимча даромад манбаига эга бўлдим.

Шаҳрихон туманидаги Мустақиллик МФЙда истиқомат қилувчи Ижозатхон Ҳусанова икки қизи ва бир набираси билан бирга яшайди. Аёлнинг "Темир дафтар”га киритилганидан воқиф бўлган «Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ раҳбарияти оиладан хабар олди. Аввалига ҳовлининг 20 метр масофасига девор ўрнатилди. Зарурий қурилмалар бунёд этилди. Уй саҳнига шебень ётқизилиб, турмуш шароити яхшиланди. Амалий кўмакнинг энг каттаси фуқарони иш билан таъминлашдир. Шу боис оила аъзоларининг меҳнатга яроқли аъзолари доимий иш жойига эга бўлишлари учун кўма кўрсатилди. Бундан ташқари, 2 бош қўй ва 80 бош зотли товуқ ҳадя этилди. Ҳисоб-китобларга қараганда товуқлар 1,5 ойдан сўнг тухум қўя бошлайди. Демак, оила аъзолари уйдан чиқмаган ҳолда қўшимча даромад топишлари мумкин.

«Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан нафақат, «Темир дафтар»дан ўрин олган, балки, жамоада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар, уларнинг фарзандлари ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Хомийлик асосида ташкил этилаётган ишлардан меҳнат аҳли миннатдор. Асосий мақсад ҳам фуқаролар миннатдорлигини таъминлашдан иборат. Шундагина, ҳар бир инсон ҳаётидан мамнун ва масрур бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?