Инсон эътибори ва меҳр-муҳаббати табиатни яшнатади

10:29 22 Ноябрь 2021 Жамият
549 0

Она халқимизнинг мўъжизакор қудрати меҳнатда, гўзал боғлар бунёд этиш, атрофи оламни гулзорга айлантириш саъй-ҳаракатларида тўла намоён бўлади. Бугун меҳнатсевар эл ободлик, бунёдкорлик, яратувчанлик, бир сўз билан айтганда, Ватанга муҳаббатнинг энг олий кўринишини ерга бир туп ниҳол қадаш, яшил масканлар бунёд этишга кичик бўлса-да ҳисса қўшиш орқали кўрсатмоқда.

Сир эмаски, биз ХХI асрнинг ғоят шиддатли, ахборот тўлқинлари мавж ураётган даврида яшаяпмиз. Бутун дунёда терроризм, радикализм, турли ахборот хуружлари, «оммавий маданият» қутқулари давом этаётган бўлсада, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини, миллатлараро дўстлик ришталарини буюк аждодларимизга эҳтиром ва қадриятларимизга ҳурмат мустаҳкамлай олади. Юксак инсоний ва ахлоқий фазилатларимизгина ҳар қандай таҳдидлардан омон сақлайди.

Ободончилик борасидаги асрлардан-асрларга ўтиб келаётган анъаналаримиз, урф-одатларимизга эса халқнинг фидоий фарзандлари, эл юкига елка тутадиган инсонлар сайқал бера оладилар.

Кейинги йилларда Ватанимизда юз берган тарихий ўзгаришлар, ободончилик-кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида ҳам эл учун ёниб яшамоқни шарт билган матонат соҳибларининг меҳнатлари мужассамдир. Биргина Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ободлик ташаббуслари нафақат атроф-муҳит мусаффолиги балки тинчлик-фаровонлик, ўзаро меҳр-оқибат, кўнгиллар ободлигини таъмин этмоқда. Шу кунларда кўчат экиш, боғ ва гулзорлар яратишдек эзгу вазифа юртдошларимиз, хусусан, фарғоналикларнинг муқаддас бурчига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Кенг ва равон йўллар, сўлим манзилларда кўкка бўй чўзаётган қрим, элдар соснаси, можжевелник арчаси, каштан, япон сафораси, ипак акацияси, лола дарахти каби манзарали дарахтлар, шунингдек, кўплаб турдаги мевали дарахтлар кўзни қувнатиш баробарида руҳимизга мадор бахш этади, табиат мусаффолигини таъминлайди. Табиатнинг мазкур галареяларини сақлаш ва парваришлашга ҳар биримиз масъул ва бурчлимиз, албатта. Зотан, ҳар бир инсон она табиатнинг ажралмас бўлаги, унинг яратувчиси ва бунёдкори сифатида яшил майдонлар кўпайтиришга қодирдир.

Айтиш керакки, ободлик, табиатни яшартириш ва кўкаламзорлаштириш қалбан адо этиладиган эзгу ишдир. Бошқача қилиб айтганда, ободлик тушунчасини юрагидан ўтказа оладиган соғлом фикрли, мард, саховатли, ғайратли инсонларнинг амалий ҳаракати билан амалга ошириладиган хайрли ташаббусдир, аслида.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси илгари сурилиб, мазкур лойиҳа орқали йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик» эълон қилингани халқимиз қалбидаги ана шу улуғвор саъй-ҳаракатга бўлган иштиёқни янада оширди. Таъкидлаш керакки, бугун барчамиз олдимизда турган муҳим вазифа –яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини адо этишга ҳамжиҳатлик билан киришдик.

Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилиши, вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан керакли ҳажмдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатилиши эса «яшил макон»лар барпо этишимиз учун катта кўмак бўлади.

Инсон ҳаёти ва саломатлигининг асоси бўлган яшилликнинг барқарор бўлиши барчамизни турли хасталиклар ва глобал иқлим ўзгариши муаммоларидан ҳимоя қилиши муқаррардир. Чегара билмас экологик муаммолар дунё бўйлаб ёйилган бир паллада Ўзбекистон ҳудудида «Яшил макон»ларни кенгайтириш орқали табиат яшил бойликларининг ортишига, шунинг баробарида юртимиз иқлимининг мусаффолиги ва аҳоли соғлиғининг мустаҳкамлашга эришамиз.

Айни жараёнларда кўп сонли жамоага эга бўлган Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари, барча ходимлари ва талаба-ёшлари қалбида кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик, илм изловчиларга тоза ва яшил боғлар қолдиришга қаратилган юксак мақсад жўш урмоқда. Олийгоҳ ҳудудига ва унинг атрофидаги кўчаларга арча кўчатлари, манзарали ниҳоллар, кузги гуллар экиш ишлари жамоанинг кайфиятига кўтаринкилик бағишламоқда. Шу билан бирга жамоа яшиллик сари интилиб, шаҳардаги Меҳрибонлик уйи, Мурувват уйи ва олийгоҳ билан ёндош бўлган маҳаллаларга ҳам бориб кўчат экиш ташаббусини ҳам бошладилар. Бу хайрли ишлар университет ҳар бир ходимининг инон-ихтиёри, чин истаги, шу она замин фарзанди сифатидаги фуқаролик бурчи, беминнат ва сидқидилдан чиқаётган юрак амри ижросидир.

Ватан учун, унинг кўркам чиройи ва мусаффо нафас учун амалга оширилаётган бу бунёдкорлик халқимизга манзур бўлмоқда. Улуғ донишмандлар «Яхшидан боғ қолар», «Ватан учун бир ниҳол қада, эй дўст» дея бежиз бонг уришмаган ахир. Қалбларимизга кириб келган, аслан, жисму жонимизда уйғоқ бўлган ободлик, эзгулик, она табиатга муҳаббат қўнғироғи ҳамиша жаранглаб турмоғи керак. Боиси халқ тақдири, унинг фаровон ва бахтли ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетган яшил маконларни кўпайтириш, табиатга меҳр билан муносабатда бўлиш барчамиздан юртпарварлик, ҳаётсеварлик ва уйғоқликни талаб этади.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган «Долзарб 40 кунлик»нинг баракаси ва самараси ёшимиз, касбимиз, яшаш ҳудудимиздан қатъий назар ҳар биримизнинг шахсий ташаббусимизда, ободлик ва кўкаламзорлаштиришга бўлган алоҳида эътиборимизда кўринади. Бу борада ҳам халқимиз, хусусан, фарғоналиклар муносиб намуна бўлиши, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билан Фарғонани янада яшил гўзалликларга бурканган маконга айлантиришда олдинги сафларда бўладилар. Энг муҳими, Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган эзгу ишда ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатадилар.

Позилжон ОТАҚУЛОВ,

Фарғона давлат университети

табиий фанлар факультети декани,

география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?