Инсон — азиз, хотира — муқаддас

01:30 10 Май 2022 Жамият
1387 0

Фото: Халқ сўзи

Жойларда бўлиб ўтган байрам тадбирларида

бу ҳақиқат яна бир карра исботини топди

Она юрт тинчлиги, тунларимиз осойишталигию тонгларимизни хотиржам, тотли орзу-ният, янги режа-мақсад билан қарши олишимиз, болаларимизнинг кулгиси, кексаларимиз чеҳрасидаги шукроналик — нақадар улуғ неъмат. Бу саодатни қадрлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, элу юрт хизматида бўлиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунида ўтган асрнинг суронли йилларини ёдга олиб, бугун кексалик нашидасини сураётган нуронийларимизни йўқлаб, улар билан суҳбатлашиш асносида беихтиёр хаёлимиздан ана шу ўйлар ўтади. Иккинчи жаҳон урушида матонат кўрсатган ҳамюртларимиз жасоратини, асрни қаритган отахонларимизнинг уруш хотираларини тинглай туриб, ўтмишдан сабоқ оламиз.

Сана муносабати билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган байрам тадбирлари айнан шуниси билан аҳамиятлидир.

Бугун эрта тонгдан Қорақалпоғистон Республикаси парламенти ва ҳукумати аъзолари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари Нукус шаҳридаги Хотира майдонида йиғилдилар. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариев ва бошқалар ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйдилар. Иккинчи жаҳон урушида жонини фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.

Таъкидлаш ўринлики, Қорақалпоғистон Республикасида ҳозирги кунда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди. Байрам муносабати билан Тўрткўл туманидан Иван Галенко, қораўзаклик Генжемурат Алланиязов, Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Қадирбай Нарманов ва қонликўллик Оразбай Наметуллаев хонадонига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Камалов бошчилигида фаоллар ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва уларнинг ҳар бирига 15 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.

Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Бухоро вилоятининг 73 минг 688 нафар фарзанди қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашди. Уларнинг 30 минг нафари жанг майдонларида ҳалок бўлди. Бу қадимий юрт фарзандларидан 13 нафари қаҳрамон, бир нафари эса учала даражали «Шуҳрат» орденига сазовор бўлган.

Байрам арафасида Президентимизнинг Фармони асосида вилоятда умргузаронлик қилаётган 15 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисига бир марталик пул мукофоти, Юртбошимизнинг табриги ва қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Табиийки, байрамнинг асосий тантаналари Бухоро шаҳридаги Хотира хиёбонида бўлиб ўтди. Эрта тонгдан ҳарбий қўшиқлар садолари барчани ушбу муаззам манзилга чорлади.

— Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юз минглаб юртдошларимизнинг номи ҳам, жасорати ҳам ҳеч қачон унутилмайди, — дейди Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси Самойиддин Ҳусенов. — Уларнинг номи мана шу майдондаги «Хотира китоби»га зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланган. Мажмуага келган ҳар бир ватандошимиз уни варақлайди, унда битилган исмларни ўқиб туриб, жасорат, матонат юксак қадрланишини дилдан ҳис қилади.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев жиззахлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Холмат Шарипов, Абдужалил Абдужабборов, Мамашариф Содиқов, Умар Абдураҳимов ва Аҳмад Мирзаевлар хонадонида бўлиб, байрам билан қутлади.

Шундан сўнг Жиззах шаҳридаги Хотира майдонида ўтган байрам тадбирида Иккинчи жаҳон урушида ва мустақиллик йилларида эл-юрт тинчлиги йўлида мардларча ҳалок бўлган ўғлонларнинг порлоқ хотираси ёд этилиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Тарихий ҳужжатларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидан 79 минг киши мардонавор жанг қилган. Афсуски, уларнинг 24 минг нафари фашизмга қарши кураш майдонларида қайтмади. Турли даражадаги орден ва медаллар билан қайтган 2 минг 26 нафар матонатли юртдошларимиз эса бор куч-ғайратини Ватан равнақи, ёш авлод камолоти учун сарфлади. Айни пайтда вилоятда 9 нафар уруш қатнашчиси, шунингдек, 827 нафар меҳнат фронти фахрийси умргузаронлик қилаётир.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари хонадонларига йўқловлар уюштирилиб, уларга яна бир карра иззат-икром кўрсатилди.

Поплик уруш фахрийси Мирзараҳмон ота Абдураҳмонов учун бу галги сана янада файзли кечди. Таваллуд кунининг бир асрлик юбилейини кутиб олган отахон учун туманнинг муҳташам «Ипак йўли» мажмуасида сўз усталари, таниқли санъаткорлар иштирокида тантанали кеча уюштирилди.

Хотира ва қадрлаш кунида Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонига вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ҳарбийлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар жам бўлди.

Инсоният учун жуда катта азоб-уқубатларга сабаб бўлган Иккинчи жаҳон урушида 152 мингдан ортиқ самарқандликлар иштирок этган. Уларнинг 73 минг нафари она юртга қайтиш бахтидан мосуво бўлди.

Бугунги кунда вилоятда 13 нафар уруш қатнашчиси яшайди. Байрам муносабати билан маҳаллий ҳокимлик ва жамоатчилик вакиллари бу фахрийларнинг хонадонида бўлдилар. Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Иккинчи жаҳон урушида қон кечиб, тинчлик учун курашган ва урушдан кейин юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрийларга Президентимиз йўллаган табрик хатини ўқиб берди. Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, уларнинг ҳар бирига 15 миллион сўмдан пул мукофоти, эсдалик совғалари ҳамда байрам туҳфалари тақдим этилди.

— Инсон учун энг катта бойлик - тинчлик ва тани-сиҳатлик, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Фазлиддин бобо Аслиддинов. — Яратганга шукр, бугун юртимизда ана шу икки масалага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Давлат томонидан нимаики зарур бўлса, муҳайё этиляпти. Албатта, бунинг қадрига етиш керак. Биз, фахрийларга бўлган эътибордан бошимиз кўкка етади. Байрамларда совға-саломлар йўллайдиган Президентимиздан, йўқлаб келадиган раҳбарлардан миннатдормиз.

— 1942 йилда урушга отландим. Дастлаб сафдошларим билан Ашхободдаги танкчилар техникумида 8 ойлик тайёргарликдан сўнг танкчилар батальонида Шимолий Кавказда жанггоҳга кирдик. Кейин Украина ҳудудидаги жангларда қатнашдим, — дейди Самарқанд туманидан Аҳад ота Очилов. — Урушдаги ғалабадан сўнг ҳам ҳарбий хизматни давом эттирдим. Дастлаб Одесса ҳарбий округида бир йил хизматда бўлдим. Кейин Германияда 1949 йилгача хизмат қилдим.

Урушдан кейинги фаолиятини таълим-тарбия соҳасида олиб борган Аҳад ота бугун невараю чевара, эваралар даврасида ҳамиша иззат-икромда эканидан фахрланиб сўзларкан, юртимизда инсон ва уни қадрлашдек эзгу тамойилнинг устувор эканидан мамнунлигини айтади.

Хотира ва қадрлаш кунида Сирдарё вилояти марказининг энг кўркам манзилларидан бири - Гулистон шаҳридаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум бўлди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, сектор раҳбарлари, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар Мотамсаро она ёдгорлиги пойига гуллар қўйдилар. Тадбирда сўзга чиққанлар ўтганларни хотирлаб, Иккинчи жаҳон урушида чинакам қаҳрамонлик кўрсатган асл ўғлонлар номи авлодлар оша барҳаёт бўлишини, ибратли умр йўлини босиб ўтган кексаларимиз ҳамиша ардоқда эканини эътироф этдилар.

Сана муносабати билан шаҳар ва туманлар, маҳалла, меҳнат жамоалари ҳамда таълим муассасаларида кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Уруш қатнашчилари ва фронт орти ҳамда меҳнат фахрийлари тантанали равишда муборакбод этилди. Хусусан, Гулистон тумани ҳокими Сайдимқул Бегимқулов, сектор раҳбарлари ва бир гуруҳ ёшлар Алишер Навоий номидаги маҳаллада истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, 86 ёшли Барат бобо Жўраев хонадонида бўлиб, отахонни самимий табрикладилар. ва эсдалик совғаларини топширдилар. Эътиборлиси, айни пайтда мазкур туман марказида янги, ҳар жиҳатдан кўркам Хотира хиёбони бунёд этилмоқда.

Сурхондарё вилоятидан Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига 53 минг 365 нафар ўғлон жўнатилган. Айни кунларда вилоятда 14 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти фахрийлари кексалик гаштини сурмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан вилоят ҳокимлиги, Жанубий оператив қўмондонлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими ҳамда бошқа давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари уруш майдонидан омон қайтган ана шу фахрийлар ҳолидан хабар олишди.

Шеробод тумани «Галагузар» маҳалласида яшовчи Кенжа ота Эломонов хонадонида «Инсон азиз, хотира муқаддас» деб номланган маънавий-маърифий тадбир уюштирилди.

— Биз юрт ободлиги, тинчлиги учун қўлга қуролганмиз,- деди Кенжа ота Эломонов. — Шундай экан, бугунги тинч-осуда кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас вазифадир. Буни асло унутишга ҳаққимиз йўқ.

Шунингдек, ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби вазифасини ўтаётган уруш қатнашчилари энг тажрибали ҳарбий шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Фарғона вилоятида айни пайтда 28 нафар уруш қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда. Байрам арафасида ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож табаррук фахрийларнинг хонадонлари таъмирланди, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Тиббий кўриклар ташкил этилиб, соғликларини назоратга олиш, турмуш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят секторлари, мудофаа ва хавфсизлик тизимлари раҳбарлари риштонлик Абдулҳай ота Азизов, Бувайда туманидан Кенжабой ота Эгамқулов ва учкўприклик Деҳқонбой ота Қурбонов хонадонларида бўлиб, уруш фахрийлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини байрам билан самимий муборакбод этди.

Файзли хонадонлардаги юзма-юз суҳбатларда урушнинг шафқатсиз, даҳшатли кунларини бошдан кечирган фахрийлар бугунги осойишта ҳаёт, дориламон кунлар учун шукрона айтиб, Президентимизнинг, халқимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан беҳад мамнун эканини қайта-қайта таъкидладилар.

“Халқ сўзи” мухбирлари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер