Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган 604,6 млрд сўм қандай сарфланяпти?

17:39 19 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
245 0

Инновацион ривожланиш вазирлигига 2020 йилда Давлат бюджетининг «Фан» соҳаси учун жами 604,6 млрд. сўм ажратилган. Шундан, 428,2 млрд. сўм (71%) илмий фаолиятга оид давлат дастурларига, 95,2 млрд. сўм (16%) докторантура ва илмий даража учун устама ҳақларига ҳамда қолган 81,2 млрд. сўм (13%) экспертлар меҳнат ҳақи, вазирликни сақлаш ва вазирлик тизим ташкилотлари харажатларига йўналтирилган.

Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232-сон ҳамда 2020 йил 21 сентябрдаги 575-сон қарорларига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари 20,0 млрд. сўм миқдорида мақбуллаштирилган.

1. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари бўйича фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар.

Илғор хорижий тажрибалар асосида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди. Янги тартиб сифатида, якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси мунтазам равишда эълон қилинмоқда.

Ҳозирги кунда (01.10.2020 й. ҳолатига) илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида йиллик молиялаштириш ҳажми 425,0 млрд. сўмлик 1313 та лойиҳалар бажарилмоқда, шу жумладан 74,4 млрд. сўмлик 334 та фундаментал лойиҳалар, 289,9 млрд. сўмлик 845 та амалий лойиҳалар, 41,3 млрд. сўмлик 81 та инновацион лойиҳалар, 12,5 млрд. сўмлик 28 та мақсадли лойиҳалар, 6,9 млрд. сўмлик 25 та халқаро қўшма лойиҳалар («Ўзбекистон-Беларус», «Ўзбекистон-Германия» ва «Ўзбекистон-Туркия») бажарилмоқда. Бундан ташқари, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар эълон қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июлдаги 366-сон қарорига мувофиқ Фанлар академиясининг илмий ташкилотларида давлат илмий дастурлари доирасидаги 80 та 18,3 млрд. сўмлик фундаментал тадқиқотларнинг амалга оширилиши тўхтатилди ва ундан бўшаган бюджет маблағлари уларни сақлаш харажатларини молиялаштиришга йўналтирилди.

2. Докторантура ва илмий даража учун устама ҳақларига ажратилган бюджет маблағлари.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш бўйича тасдиқланган квоталарини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган харажатлар сметасига мувофиқ жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар параметрларида белгиланган тартибда ОТМ учун «Таълим» соҳаси бўйича ва ИТМ учун «Фан» соҳаси бўйича 62,2 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратилган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарорига мувофиқ илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига фалсафа доктори илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 30 %гача ҳамда фан доктори илмий даражасига эга шахслар учун лавозим маошининг 60 %гача қўшимча ҳақ тўлашга 33,0 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратилган.

3. Илмий лойиҳаларни экспертизаси ҳамда вазирлик ва вазирлик тизим ташкилотларига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ишлар.

Илмий лойиҳаларни экспертиза қилиш учун вазирлик ҳузурида таркиби даврий янгилаб бориладиган, жамоатчилик асосида фаолият юритадиган 18 та фан йўналишлари бўйича 450 та малакали олим ва мутахассислардан иборат илмий-техник кенгашлар ташкил қилинган. Бунинг натижасида, лойиҳаларни баҳолашда илмий жамоатчиликни кенг қамровли иштироки таъминланди.

Илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 33 млрд. сўмлик 35 та стартап лойиҳалар молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди.

Шу билан бирга, Инновацион ривожланиш вазирлиги маъмурий биносининг қурилиш монтаж ишларига Жамғармага ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан 25,0 млрд. сўм молиялаштирилган.

Жорий йилда Илғор технологиялар маркази қошида ташкил этилган CAT Science стартап акселератори 30 та стартап, шу жумладан 21 та Тошкент шаҳридан, 8 та вилоятлардан ва 1 та Қирғизистон давлатидан гуруҳлар акцелерация дастурида иштирок этишди.

Илғор технологиялар марказида коронавирус инфекциясига чалинганликни аниқлаш бўйича тест ўтказиш амалиёти муваффақиятли ўзлаштирилди. Бунинг учун Марказда SARS-Cov-2 вирусини аниқлаш бўйича махсус лабораторияда ташкил этилди ва бир ойда 500 мингта тест ишлаб чиқишга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?