Инновацион ҳудудда инновацион янгиликлар

11:35 01 Ноябрь 2021 Жамият
611 0

Фото: "Халқ сўзи"

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Самарқанд вилоятининг Ургут тумани инновацион ҳудудга айлантирилмоқда.

Жумладан, туман марказида “Сунъий йўлдош технологияси ёрдамида ер ости сув қувурларидаги кўринмас носозликларни аниқлаш ва ер ости инфратузилма объектлари (сув, газ, канализация қувурлари, телекоммуникация ва электр тармоқлари)ни хариталаш” инновацион лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа “Maya International Infrastructure” Ўзбекистон-Исроил қўшма корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ушбу компания лойиҳа доирасида 2021-2022 йилларда туманга 2,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритмоқда. Биринчи лойиҳага асосан сунъий йўлдош технологияси ёрдамида ер ости сув қувурларидаги кўринмас носозликлар аниқланади. Шу билан бирга, дейлик, бир йил давомида 5,3 миллион метр куб ичимлик сувининг йўқолиш ҳажми мавжуд бўлган тақдирда 1,4 миллион метр куб сувнинг исроф бўлиши олди олинади. Бу билан 2 миллиард сўм маблағ тежалади, аҳолига етказилаётган ичимлик сувининг сифати ва таъминоти яхшиланади.

Лойиҳага кўра, сув қувурлари ковланмасдан автоматлаштирилган усулда санация (реабилитация) қилинади. Қувурларнинг яроқлилик муддати 50 йилгача етади. Ер остига ичимлик суви сизиши натижасида шаҳар инфраструктурасига зарар етиш ҳолатлари (асфальт йўлларнинг чўкиши, бузилиши) барҳам топади.

Инновацион ҳудудда яна бир янгилик. Бу ерда такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунаси яратиляпти.

Туманда 520 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу эса экин ерларидан самарали фойдаланиб, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш заруратини тақозо этади.

- Айни масалани ҳал қилишнинг самарали йўлларидан бири майдонларга такрорий экинларни экишдир, - дейди Самарқанд вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси А. Норбоев. - Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари томонидан яратилган, такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани ишлаб чиқаришга жорий этиш ушбу масалани самарали ечишга хизмат қилади.

Туманда 28 минг гектар майдон экишга мўлжалланган бўлса, шундан 8 минг гектарида такрорий экинлар етиштирилади. Филиалда яратилган такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунасини яратиш бўйича амалий лойиҳа қишлоқ хўжалигида асосий экиндан сўнг, шу йилнинг ўзида ҳосил берувчи ўсимликларни экишнинг сифатини оширишга қаратилган.

Мазкур қурилманинг қўлланилиши сувнинг 17,3 фоиз тежалишига ва ёнилғи сарфининг 2,8 марта камайишига, меҳнат унумдорлиги эса 25 фоиз ошишига олиб келади.

 

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер