Индонезия парламенти билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

17:17 17 Май 2021 Сиёсат
304 0

2021 йил 17 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси спикерининг саноат ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Раҳмат Гобел билан учрашуви бўлиб ўтди.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида барча соҳаларда, жумладан, парламентлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Индонезия парламенти вице-спикери Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. «Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида тарихий ёдгорликларни сақлаш ва Ислом динини ҳамда бой маданий меросни ўрганиш бўйича улкан ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик», - деди у.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг фойдаланилмаган катта салоҳиятини қайд этиб, икки мамлакат учун устувор бўлган йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Индонезия ҳукуматлараро комиссияси фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар тўқимачилик, кимё саноати, фармацевтика, туризм, маданият, таълим, гендер тенглик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришдан, шу жумладан таълим лойиҳаларини рағбатлантиришдан ва талабалар ҳамда ўқитувчилар алмашишдан, икки мамлакат таълим муассасаларида ўзбек ва индонез тилларини ўрганишдан, илмий-академик фаолият олиб боришдан, тиббиёт, зиёрат туризмини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Парламентлараро ўзаро алоқаларни кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб, томонлар турли даражаларда ўзаро ташрифларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқладилар, доимий мулоқот, шунингдек, Ўзбекистон ва Индонезия парламентлари палаталарининг тегишли қўмиталари ўртасида алоқалар муҳимлигини таъкидладилар, бу, шубҳасиз, икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида Ўзбекистон-Индонезия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш манфаатларига жавоб беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?