Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар

11:38 04 Октябр 2022 Жамият
370 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Ёрқин Хуршид текстиль» масъулияти чекланган жамияти ўтган йилда қиймати 700 минг АҚШ доллари бўлган бизнес лойиҳани амалга оширган ва 50 та ишчи ўрни яратган эди.

— Мазкур корхонада автомобиль ўриндиқлари учун ғилофлар ишлаб чиқарилмоқда, — дейди «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бўлим бошлиғи Ж. Жўраев. — Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу импорт ўрнини босувчи маҳсулот саналади. Корхона йилига 132 минг дона ғилоф тайёрлаш қувватига эга.

Ушбу эркин иқтисодий зонадаги яна бир корхона маҳсулотлари эътиборни тортмай қолмайди. Биз “BEK Bags business” масъулияти чекланган жамиятини назарда тутаяпмиз. Бу ерда турли ўлчам ва дизайндаги сумкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Улар ўзининг пишиқ–пухталиги билан хорижникидан асло қолишмайди. Қиймати 500 минг АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу бизнес лойиҳа туфайли 74 та аёлларбоп иш ўрни яратилди. Хом ашёнинг асосий қисми ички бозордан олиняпти. Йилига 100 минг донадан зиёд чиройли кўринишдаги ранг-баранг сумкалар тайёрланмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури доирасида Бухоро вилоятида жорий йилнинг саккиз ойида 705,7 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Йил якуни билан бу кўрсатгич 1,1 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер