Иммунитетни кўтарувчи дори воситалари қанчалик фойдали?

19:42 02 Сентябр 2022 Жамият
685 0

Фото: Иллюстратив фото

Витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва жисмоний фаол бўлиш организм учун кони фойда. Бироқ айрим инсонлар иммунитет мустаҳкамлиги учун махсус дори воситалари қабул қилишни маъқул кўради.

Хўш, бу қанчалик тўғри? Бундай препаратлар чиндан ҳам фойдалими?

Олий тоифали шифокор Раъно Носировага айни шу саволлар билан мурожаат қилдик.

— Иммун тизими — организмдаги энг нозик жараён, — дейди шифокор. — Иммунитет эса тананинг бактерия ва вируслар, замбуруғлардан ҳимояланиши, уларга қаршилик кўрсатишидир. У уч хил — филогенетик, туғма ҳамда орттирилган кўринишда намоён бўлади.

Таъкидлаш лозимки, пандемия даврида бутун дунёда иммунитетни мустаҳкамловчи дори воситаларига бўлган талаб бениҳоя ортди. Сабаби коронавирус инфекциясига чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда айнан танани хавфли касалликлардан ҳимояловчи ушбу «қўрғон»нинг аҳамияти катта.

Бироқ мазкур доир воситалари, яъни иммуномодуляторлардан билиб-билмай фойдаланиш унчалик тўғри эмас. Боиси бундай препаратлар ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди.

Эътибор берсак, бугун интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда бу каби дори воситаларининг рекламаси анча чаққон. Одамлар эса ишонувчан, ўқиган ёки эшитган дориларини дарров қабул қилгиси келади.

Аслида эса иммуномодуляторлар – иммунитет тизимига таъсир қилувчи ёки унинг фаолиятида иштирок этадиган биологик фаол моддалар бўлиб, улар патогенларга бевосита таъсир қилмайди.

Қолаверса, улар вирусга қарши иммунитет шакллантирмайди. Фақатгина ҳужайраларнинг иммунитетини ўзгартириши мумкин, холос. Шу сабабли бундай воситаларни қўллаётганда, аввало, иммунолог-шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Боиси киши иммун тизимининг ҳолатини баҳолаш учун амалга ошириладиган комплекс таҳлил — иммунограмма текширувларини ўтказмасдан туриб, иммуномодулятор дори воситаларини қабул қилиш тавсия этилмайди.

Яъни, иммун тизимига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмас. Чунки иммуномодуляторларни ноўрин қабул қилиш организмда баъзи аутоиммун касалликларни вужудга келтиради. Унинг ўрнига иммунитетни мустаҳкамлаш учун таркибида кўплаб витаминлар сақлайдиган табиий маҳсулотларни истеъмол қилган мақсадга мувофиқ.

Масалан, ҳўл мевалар, сабзавотли салатлар, суюқликлар, дамламалар шулар жумласидан. Айниқса, анор, олма, лимон, қатиқ, пиёз, саримсоқ пиёз, асал, қовоқ, бурукли карами, қора седанани мунтазам тановул қилиш кони фойда. Бундан ташқари, мойчечак, занжабил, қизил мия илдизи дамламалари ҳам иммунитетни кўтаришда қўл келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер