Имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли

01:10 18 Сентябр 2021 Жамият
692 0

Ҳасан Пайдоев - “Халқ сўзи”

Сўнгги йилларда асрларга татигулик кўплаб хайрли ишлар амалга ошириляпти. Узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётир. Бу ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарлар, маҳаллалар, қўйингки, ҳар бир хонадоннинг кундан-кунга обод бўлишида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортиб, бугуни ва эртасидан хотиржам яшашяпти.

Бугунги кунда Учкўприк тумани 2-сектор ҳудудида олиб борилаётган ишлар сўзимиз исботи, десак, адашмаймиз. Мазкур туман сектор раҳбари А. Тўхтасинов томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

— Одамларни розилигига эришиш, бу бугунги кунда барча ташкилот мутасаддиларининг асосий вазифаси, — дейди туман прокурори А. Тўхтасинов. — Энг аввало, секторда уйма-уй юриб, одамлар билан мулоқот қилиб, уларнинг дардини тинглаб, муаммоларини, хоҳиш-истаклари-ю орзуларини ўрганяпмиз. Албатта, имконият даражасида барчасини жойида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Туман иккинчи сектордаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Милтиқчи қишлоғида қаровсиз ҳолатда ётган қишлоқ гузари фуқаролар мурожаати асосида таъмирлаб берилди. Гузарнинг 30 метрлик девори қайта тўлиқ қурилди, 2 та янги темир дарвоза ўрнатилди, кириш қисми асфальтлаштилди, сув минораси таъмирланди. Шу билан бирга, мазкур гузарда 20 ўринли кутубхона, ҳовуз ва гулзор ташкил қилиниб, атрофи ободонлаштирилди. Ушбу мақсадлар учун 60 млн. сўмдан ошиқ ҳомийлик маблағлари жалб этилди.

Шунингдек, “Юлғунзор” маҳалла фуқаролар йиғини Қўрғонча кўчасида мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмасди. Шу сабабли прокурор ташаббуси билан ушбу ҳудудга янги хусусий боғча қуриш мақсадида Д. Сойбердиевага амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада ушбу ҳудуддаги 50 дан ортиқ болалар боғчага қамраб олинди.

Бундан ташқари, келгуси фаолиятида Д. Сойбердиеванинг хусусий мактабгача таълим муассасаси қамровини 100 тага ошириш режалаштирилди.

Худди шундай, “Юлғунзор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Ўрда кўчасида прокурор ёрдами билан тадбиркор Ф. Алижонов томонидан 250 ўринли маткабгача таълим муассасаси қурилиши бошланган. Бу эса болаларнинг боғчага қамрови янада ошади, дегани.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялаш ҳам доимий эътиборда. Биргина 2-сектор ҳудудидаги “Ғози-Ғиждон” МФЙ, Гул қишлоғида жойлашган 58-ҚОПда прокурор ташаббуси билан таъмирга муҳтож 175 қувватга эга бўлган муассасанинг бино қисми тўлиқ реконструкция қилинди.

Қолаверса, электр таъминоти тизими янгиланди, эшик ва ромлар тўлиқ акфа-ромларга алмаштирилди. Учта аристон ўрнатилиб, иссиқлик тизими янгиланди, ташқи қисмига темир панжаралар ўрнатилди ва тез ёрдам машиналари учун тўхташ жойлари қилиниб, кириш қисми асфальтлаштирилиб, атрофи ободонлаштирилди.

Бунинг учун жами 280 млн. сўм пул маблағлари ажратилди.

Албатта, мақсад, ният эзгу бўлса, ишлар юришаверади. Халқни рози қилиш, муаммоларини ҳал этиш, орзуларини рўёбга чиқариш орқали халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ошиб бормоқда. Бу йўлда иккинчи сектор раҳбари ва масъуллари ташаббусни қўлга олиб, юклатилган барча вазифаларни тизим равишда амалга ошириб келаётир. Бунинг учун эса имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.

 

“Халқ сўзи”.

Ҳасан Пайдоев олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?