Илм ва ишлаб чиқариш уйғунлашса, самара юқори бўлади

16:38 30 Январь 2024 Жамият
98 0

Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти профессор ва олимлари, тадқиқотчилари ҳамда вазирлик масъул ходимлари иштирокида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.

— Биз ушбу мамлакатда бўлиб, тараққиётнинг юқори чўққиларини эгаллаётган Хитой бундай улкан ютуқларга илм билан эришаётганининг гувоҳи бўлдик, — деди Қишлоқ хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев. — Сув хўжалиги соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, йирик иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш, шўр ерларни ювишга сув сарфламасдан туриб мўл ҳосил олишни улардан ўргансак, тажриба алмашсак арзийди.

Тадбирда мамлакатимизда очиқ суғориш тармоқларида ёз мавсумида кўп миқдорда сув буғланиб кетишининг олдини олиш мақсадида ер ости қувури орқали суғориш тармоқларини ўтказиш бўйича эксперимент ва тадқиқотлар олиб боришга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, сув омборлари ва тўғонларнинг хавфсизлигини лойиҳалаштиришда ҳисоб-китоб услублари эскирганлиги, янги қурилма ва ускуналардан фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Учрашувда соҳага доир янги илмий лойиҳаларни кўпайтириш, уларнинг молиявий таъминотини ҳал қилиш, бажарилаётган илмий тадқиқотларда сифатга эътибор қаратиш, ёш олимларга шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Илм билан ишлаб чиқариш уйғунлашса самара юқори бўлиши якдиллик билан эътироф этилди.

Вазирликнинг ҳар ой охирги душанба куни ўтказиладиган йиғилиши илм-фан масаласига бағишланиши келишиб олинди.

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер