Илм-фаннинг замонавий муаммолари муҳокама қилинди

22:46 10 Июнь 2021 Жамият
506 0

Айни пайтда «Илм-фаннинг замонавий муаммолари ва истиқболлари» (ICPPMS-2021) мавзусида биринчи халқаро анжумани бўлиб ўтмоқда. Онлайн тарзда ўтказилаётган анжуман Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Sun Moon, Навоий давлат педагогика институти, Тошкент давлат транспорт институти ҳамда Тошкент кимё технология илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унинг очилишида сўзга чиққан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, профессор Ў. Умурзаков мазкур халқаро анжуман илм-фаннинг турли йўналишлари, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион усуллар, илғор кимёвий технологиялар, бино ва иншоотлар қурилиши, энергетика ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни қўллаш бўйича етакчи тадқиқотчиларнинг илмий натижаларини қамраб олишини ҳамда мутахассислар учун кенг илмий мунозаралар майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежовчи ва илмий-инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Усмоновнинг эътирофича, бугунги кунда олимлар ва тадқиқотчилар билан биргаликда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқлари, сув тежовчи технологиялар ва жаҳоннинг илғор тажрибаларини жорий этиш борасида илмий ва методологик тавсияларни ишлаб чиқиш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, сув хўжалигини бошқариш ва сувдан фойдаланиш тизимларини такомиллаштиришда инновацион усуллардан фойдаланишга кенг эътибор қаратилмоқда.

Онлайн тадбирда Жанубий Корея, Япония, Финляндия, АҚШ, БАА, Покистон каби мамлакатларнинг нуфузли университетларидан олимлар ва тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

Халқаро анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?